Маълумки, Имом Бухорийнинг “Ат-Таърихул кабир” асари ҳадис ровийлари ҳақидаги айрим маълумотларни ҳам қамраб олган биографик манбадир. Имом Бухорий унга ўзи таниган-билган барча ровийлар ҳақидаги маълумотларни киритган. Булар орасида Самарқандий нисбаси билан келган уч нафар ровий ҳам бор. Улар Иброҳим ибн Шаммос Абу Исҳоқ Самарқандий, Исҳоқ ибн Иброҳим Абу Али Самарқандий ва Аҳмад ибн Айюб Самарқандийдир. Аллоҳ таоло уларни ўз раҳматига олсин!
Мазкур ровийларнинг ҳар бири, Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар таъбири билан айтганда, ҳадис соҳасида ишончли шахслар бўлган. Ушбу мақолада улардан Иброҳим ибн Шаммос Абу Исҳоқ Самарқандий раҳимаҳуллоҳ ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз юритилади.
Имом Бухорий: “Иброҳим ибн Шаммос Абу Исҳоқ Самарқандий. У Ибн Муборакдан унинг: “Имон – сўз ва амалдир”, деганини эшитган. Нўъмон ҳақида сукут сақлаган”, деб ёзади. Шунингдек, “Унинг шундай деб айтганини мен ҳам эшитганман”, деб қўшимча қилади[1].
Шахсий ҳаёти
Иброҳим ибн Шаммос Самарқандийнинг таваллуд санаси маълум эмас. Манбалардан маълум бўлишича, унинг Муштамил ва Атиқ исмли икки ўғли, Муштамил ўғлидан Муҳаммад исмли набираси бўлган. Масалан, Абдулкарим Самъоний Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Атиқ Самарқандий Шухнокий ҳақида сўз юритар экан, у Муҳаммад ибн Муштамил ибн Иброҳим ибн Шаммос Самарқандийдан ҳадис ривоят қилганини айтади[2]. Хузондий нисбасидаги олимлар ҳақида сўз юритиш асносида, у Самарқанддан бир ярим фарсах[3] узоқликда жойлашган қишлоқ бўлиб, Саламанинг отаси Аҳмад ибн Муҳаммад Митваий Хузондий Деҳқон ўша ерлик эканини ёзади. Сўнг у Иброҳим ибн Шаммос Самарқандийнинг икки ўғли – Атиқ ва Муштамилдан ҳадис ривоят қилганини таъкидлайди[4]. Ёқут Ҳамавий ҳам Аҳмад ибн Муҳаммад Митваий Хузондий ҳақида сўз юритаётиб Иброҳим ибн Шаммос Самарқандийнинг Атиқ исмли ўғлидан ҳадис ривоят қилганини ёзган[5].
Хатиб Бағдодийнинг ёзишича, Иброҳим ибн Шаммос Самарқандий боши ва гавдаси катта, бадани этли, соч-соқоли қизил одам бўлган. У билан ҳамсуҳбат бўлиш мароқли кечган. Подшоҳлар қабулига кириб турган. Кўплаб ғазотларда иштирок этган. Шижоатли ва чавандоз киши бўлган. У 221/836 йили Муҳаррам ойининг душанба куни вафот этган ва чоршанба куни дафн қилинган[6].
Илмий фаолияти
Устозлари:
Хатиб Бағдодий унинг устозлари ҳақида қуйидагиларни ёзган:
“Иброҳим ибн Шаммос Абу Исҳоқ Самарқандий. Бағдодга келган. У ерда Исмоил ибн Айёш, Муслим ибн Холид Занжий, Фузайл ибн Иёз, Абу Исҳоқ Фазорий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Суфён ибн Уяйна, Бақия ибн Валид ва Вакиъ ибн Жарроҳдан ҳадис ривоят қилган[7].
Ҳофиз Миззий ёзишича[8], Иброҳим ибн Шаммос Ғозий Абу Исҳоқ Самарқандий Бағдодга келиб, бир муддат шу ерда яшаган. У Хатиб Бағдодий санаб ўтган олимлардан ташқари яна Жарир ибн Абдулҳамид, Ҳафс ибн Ҳумайд, Ҳафс ибн Мафсара Санъоний, Абу Муовия Абдуллоҳ ибн Убайд ибн Аббод Басрий, Усмон ибн Ҳисн ибн Абида ибн Аллоқ Дамашқий, Фазл ибн Мусо Сийноний, Мусъаб ибн Моҳон ва Абу Бакр ибн Айёшдан ҳам ҳадис ривоят қилган.
Шогирдлари:
Иброҳим ибн Шаммосдан Аҳмад ибн Ҳанбал, Довуд ибн Рушайд, Абу Хайсама Зуҳайр ибн Ҳарб, Муҳаммад ибн Абу Аттоб Аъян, Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Аҳмад ибн Мулоиб ва Аҳмад ибн Али Барбаҳорий ҳадис ривоят қилган”[9]. Ҳофиз Миззий унинг шогирдлари сафига қуйидаги исмларни ҳам киритган: Иброҳим ибн Саид Жавҳарий, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Жунайд Хаталий, Холид ибн Язид Розий, Абу Бадр ибн Аббод ибн Валид Ғабрий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Савра Балхий, Абу Зуръа Убайдуллоҳ ибн Абдулкарим Розий, Усмон ибн Хурзод Антокий, Али ибн Ҳасан ибн Абу Марям, Али ибн Исо Марвазий, Муҳаммад ибн Идрис Бухорий Митваий, Муҳаммад ибн Ҳусайн Буржалоний, Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Аттоб Аъян ва Абу Сарий Наср ибн Муғира Бухорий[10].
Иброҳим ибн Шаммос Самарқандийнинг баъзи ривоятлари
У Бақия ибн Валиддан, у Ҳакам ибн Абдуллоҳдан, у Зуҳрийдан, у Саид ибн Мусаййибдан, у Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Илмим зиёда бўлмайдиган кунимга Аллоҳ барака бермасин”, деган ҳадисларини ривоят қилган.
У Исмоил ибн Айёшдан, у Абдураҳмон ибн Зиёд ибн Анъамдан, у Саломон ибн Омирдан, у Муслим ибн Ясордан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сулаймонга қандай мулк берилганидан хабарингиз бор. Ана шу мулк унинг Аллоҳ таолодан қўрқувини зиёда қилган, холос. У Раббидан қўрққанидан осмонга тикилиб қарамаган”, деган ҳадисларини айтиб берган.
Иброҳим ибн Шаммос Фузайл ибн Иёздан, у Лайс ибн Мужоҳиддан ривоят қилиб, мана бу хабарни айтиб берган: “Дўзах аҳлини қичима эгаллаб олади. Улар кўп қашинганларидан суяклари кўриниб қолади. Шунда: “Эй фалончи! Эй фалончи! Эй фалончи! Бу сизларга азоб бераяптими?” деган нидо бўлади. Улар: “Ҳа”, дейди. “Бу – мўминларга озор берганингиз учундир”, деб айтилади”[11].
Абу Сарий Наср ибн Муғира Бухорий бундай деган: “Мен Иброҳим ибн Шаммоснинг: “Мен одамларнинг энг фақиҳини ҳам, энг тақволисини ҳам, энг кўп ҳадис ёд олганини ҳам кўрдим. Одамларнинг энг фақиҳи – Ибн Муборак, энг тақволиси – Фузайл ибн Иёз ва энг кўп ҳадис ёд олгани – Вакиъ ибн Жарроҳдир”, деб айтаётганини эшитдим”[12].
Довуд ибн Рушайд Иброҳим ибн Шаммос Самарқандийнинг бундай деб айтганини нақл қилган: “Агар орзу қилганимда, Ибн Муборакнинг ақли ва тақвосини, Фузайлнинг зуҳди ва ҳалимлигини, Вакиънинг ибодати ва ҳифзини, Исо ибн Юнуснинг хушусини, Ҳусайн Жўъфийнинг сабрини орзу қилган бўлар эдим”[13].
Иброҳим ибн Шаммос Самарқандий ҳақида уламолар фикри
Аҳмад ибн Муҳаммад Марвазий ҳикоя қилади: “Абу Абдуллоҳ, яъни Аҳмад ибн Ҳанбал менга бундай деди: “Зиндондалигимда Иброҳим ибн Шаммос олдимга кирди ва мендан бир ҳадис ҳақида сўради. Мен унга бир нарсаларни айтиб, баҳона қилдим. Шунда Иброҳим: “Ахир Вакиънинг ҳузурида биз учун ҳам ҳадис ёдламасмидинг?!” деди”[14].
Абу Ҳасан Дорақутний: “Иброҳим ибн Шаммос – Самарқандий бўлиб, сиқа (ишончли, адолати ва зеҳни юқори даражада бўлган ровий)дир”, деган.
Абу Бакр Асрам бундай дейди: “Мен Абу Абдуллоҳ, яъни Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Иброҳим ибн Шаммос Самарқандийни тилга олиб, у ҳақда яхши гаплар гапираётгани ва мана бу хабарни айтиб берганини эшитдим: “Дўстларимиздан баъзилари менга ёзишича, у (Иброҳим ибн Шаммос Самарқандий) юз минг дирҳамни мерос қолдириб, унга турклардан асир тушганларини сотиб олишни васият қилибди. Улар икки юз ёки шунга яқин қулни сотиб олишибди” [15].
Аҳмад ибн Ясор ибн Айюб бундай деган: “Иброҳим ибн Шаммос Абу Исҳоқ суннат ва жамоат аҳлидан бўлган. У илмларни ёзиб олган, уламолар суҳбатида бўлган. У Абу Исҳоқ Фазорий, Марвон ибн Муовия, Абу Бакр ибн Айёш, Ибн Муборак, Вакиъ ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Исҳоқ ибн Иброҳим, яъни Ибн Роҳавайҳ уни ниҳоятда қадрлар, бизни ундан ҳадис ёзиб олишга қизиқтирар эди”.
Абу Саид Идрисий: “Иброҳим ибн Шаммос Ғозий Самарқандий. Куняси – Абу Исҳоқ. Жасоратли, қўрқмас, яккама-якка жангга чиқувчи, олим, фозил, илмига амал қилувчи, ҳадис ривоят қилишда ишончли ва мустаҳкам, аҳли суннанинг тарафида турувчи, кўп ғазотларда қатнашувчи киши бўлган”[16], деб ёзади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Самарқанд замини чиндан ҳам буюк уламолар бешигидир. Жумладан, Иброҳим ибн Шаммос Самарқандий ҳам шу заминда туғилиб, вояга етган. Кейинчалик Ибн Муборакнинг ортидан Марвга кетган. Шунингдек, маълум муддат Бағдодда ҳам истиқомат қилган.