Home / МАҚОЛАЛАР / АМИР ТЕМУР ДАВРИ ТАРИХИЙ МАНБАЛАРИДА ТУРЛИ ЎЗЛИКЛАРНИНГ АКС ЭТИШИ

АМИР ТЕМУР ДАВРИ ТАРИХИЙ МАНБАЛАРИДА ТУРЛИ ЎЗЛИКЛАРНИНГ АКС ЭТИШИ

Амир Темур нафақат ўзбек давлатчилиги, балки Евроосиё тарихида ҳам ёрқин из қолдирган. Тарихий манбаларда у барпо этган салтанатнинг куч-қудрати, ички ва ташқи сиёсати, бунёдкорлик ишлари ва бошқалар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган.  Манбаларнинг баъзилари хорижлик тарихчи ва сайёҳлар қаламига мансуб. Ушбу мақолада биз улардаги айрим маълумотларни ўзликни англаш нуқтаи назаридан таҳлил қиламиз.

Амир Темур даврига оид, эътиборга молик тарихий асарлардан бири испан элчиси Руи Гонcалес де Клавихонинг саёҳат кундалигидир. Унда Клавихо 1403-1406 йиллардаги саёҳати давомида кўрганлари, хусусан, Амир Темур салтанати тўғрисида маълумот беради. Клавихони Темур қурдирган иморатлар, саройлар ва масжидлар, боғлар ҳайратда қолдирган. У кундалигида Самарқанд шаҳри ҳунармандчилик маркази экани, у ерда Шарқнинг турли ҳудудларидан келган ҳунармандлар яшаши ҳақида ёзади. Шунингдек, шаҳар бойлиги ва озиқ-овқат мўллиги билан эмас, балки шойи мато, атлас, мўйнадан қилинган кийимлар ва шунга ўхшаш сон-саноқсиз моллари билан ажралиб туришини таъкидлайди.

Унинг маълумотларига кўра, шаҳар аҳолиси орасида “турли халқлар – турклар, араблар, маврлар, арман ва юнон католиклари, несторианлар ва якобитлар, сувга чўмилиш маросимини юзидаги олов билан ўтказадиганлар, яъни ўзига хос тушунчага эга насронийлар” [1:110] бўлган.

Клавихони Самарқанд шаҳридан унча узоқ бўлмаган майдонда (Конигил) Амир Темурнинг буйруғи билан мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган кишилар томонидан уч кунда 20 минг атрофида чодир тикланиб, ўзгача бир кўриниш касб этгани, бунда ҳар бир амалдор ўзининг мақомига қараб ҳукмдорнинг баланд ва маҳобатли чодири атрофида чодир тиклай бошлагани ҳайратга солади [1:115]. Бу ерга нафақат саркардалар, балки ошпаз, қассоб, новвой, арпа ва мева сотувчилар ҳам кўчиб келиб, ҳар бири алоҳида кўчага жойлашганини қайд этади. Унинг ёзишича, қўшин билан бирга кўчма ҳаммом ва масжидлар ҳам олиб юрилган.

Клавихо Амир Темур ҳарбий юрушларда бўлмаган пайтларда бўш вақтини кўпинча шаҳар атрофидаги боғларда ўтказишини таъкидлайди. Бу боғларда Темур ёки унинг аёллари, набиралари бошчилигида кўнгилочар базму жамшидлар уюштирилган. Испан элчиси Темурнинг отаси ҳақида ёзар экан, туркий қавмларга хос муҳим ўзликни қайд этади: “Унинг отаси ҳам шаҳарга яқин қишлоқда яшаган, бу қабиланинг аслзодалари шаҳардан кўра қишлоқда яшашни афзал кўрган”. Демак, Амир Темурнинг Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари атрофида кўплаб боғларни барпо этишда табиатга яқин бўлиш сингари туркий ўзлик муҳим омил бўлган. 

Клавихо Амударёнинг ўнг қирғоғидаги ерларни Мўғалия (Мўғулистон), унинг аҳолиси тилини эса мўғул тили деб атайди. Мовароуннаҳр ҳудудини Самарқанд ерлари, Темур давлатини ҳам Самарқанд империяси деб ёзади.

Темур ҳақида ёзар экан, уни гарчи Кешда туғилган бўлса-да, аслида бу ерлик бўлмагани, балки чиғатой деб аталувчи қабилалардан бирига тааллуқли бўлиб, татарларга мансуб экани ҳақида ёзади [1:104]. Клавихо Дашти Қипчоқ ерларини ўша давр Европа анъанасига хос тарзда Тарталия, мўғул қўшинидаги туркий қавмларни эса татарлар деб атайди. Клавихо турк деганда фақат Боязидни ва бошқа усмонли туркларни назарда тутади.

 Темур даври тарихига оид яна бир асар Ибн Арабшоҳ қаламига мансуб. Ибн Арабшоҳ асли дамашқлик бўлиб, Темур уни оиласи билан Самарқандга мажбуран келтирган. У 1389 йилда туғилган. Ибн Арабшоҳ Самарқандга келган пайтида 12 ёш бўлган ва ушбу асарини кейинчалик, 1436­1437 йилларда ёзган. Унинг Темурга нисбатан босқинчи сифатида қарагани ва асарда  танқидий ёндашганининг сабаби шу бўлиши мумкин.

Назаримизда Ибн Арабшоҳ асарида Темурнинг Шом, Ироқ, Миср каби мусулмон ўлкаларига юриши ва улар билан шариат, мазҳаблар ва ҳақиқат бўйича савол-жавоби марказий ўринни эгаллайди. Муаллиф ушбу урушларни Чингизхон тавротига (ясоқ) эътиқод қилувчи Темурнинг чин мусулмонлар устига юриши сифатида қоралашга ҳаракат қилса-да (2.204), ушбу мамлакатлар олимлари билан савол-жавоби Темурнинг асл мақсади шариатга зид эмаслигини кўрсатади.

Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Темур Шом ва Ироқ каби юртларга борганда: “Нима учун сизлар Муовия (р.а.)ни ўзларингга халифа деб биласиз? Ахир у Али (р.а.) ва унинг авлодларини ўлдириб, халифаликка эришган”, деган норозилик кайфиятини билдиради. Масалан, Соҳибқирон Ҳалаб шаҳри қалъасини эгаллаганининг иккинчи куни шаҳар олимлари ва қозиларини чорлаб:  “Бухоро, Самарқанд, Ҳирот ва бошқа ўзим фатҳ қилган мамлакатлар олимларига берган саволимни сўрайман. “Биздан ҳалок бўлганлар шаҳидми ёки сизлардан?” деган маънодаги саволни беради. Бу саволга шаҳар шайхи ҳадис орқали жавоб беришга ҳаракат қилади, яъни: “Бир аъробий Пайғамбаримиз (С.А.В.) олдиларига келиб, бир киши ўз шарафи учун жанг қилади, бошқа бир киши шижоат кўрсатиш учун, яна бири эса ўз қудратини кўрсатиш мақсадида шу ишга қўл уради. Шулардан қайси биримиз Худо йўлида шаҳидмиз? Шунда Пайғамбаримиз (С.А.В.) “Кимки тангрининг сўзи ҳамма нарсадан олий бўлиши учун курашса, ана ўша шаҳид ҳисобланади”, деганлар. Темур “хўб, хўб”, яъни маъқул дейди. [2:208] Темур олимлар билан яна савол-жавоб қилади. Унинг охирги саволи қуйидагича эди: “Али (р.а.), Муовия (р.а.), Язид хусусида нима дейсизлар?” Бундан кўриниб турибдики, исломдаги илк бўлиниш масаласи Амир Темур даврида ҳали ўз долзарблигини йўқотмаган эди.

Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Темур аскарлари ичида бутпараст турклар, оловга сажда қилувчи маъжусий ажамлар, коҳинлару сеҳргарлар, золимлару мункирлар бор эди. Бутпарастлар ўз санамларини кўтариб юрар, коҳинлар эса каломларини сажъ билан ифода қилган [2:96]. Арабшоҳ ҳам ўз асарида Мовароуннаҳрдаги турк-мўғулларни чиғатой деб, даштликларни эса тоторлар деб атайди. Гарчи юқоридаги манбаларда мана шундай маълумотлар қайд этилган бўлса-да, Амир Темур ва темурийлар ҳеч қачон ўзини чиғатой деб атамаган. Аксинча улар ўзини турклар ва туркий қавм деб атаган.

Амир Темур даври тарихи бўйича энг мукаммал ва ҳақиқатга яқин деб таърифланадиган асар – бу Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сидир. Шарафиддин Али Яздий Эроннинг Форс вилояти шимолидаги Язд шаҳрида туғилган. У темурийлар саройида хизмат қилган. «Зафарнома» асарини Амир Темурнинг набираси Иброҳим Султон ташаббуси билан ёзган. Бунга асосий сабаб Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини тўлиқ ёритиб берувчи асарнинг мавжуд эмаслиги эди. Айнан шу асар темурийлар ўзлигини кўпроқ намоён этади, деб айтиш мумкин. хусусан, Амир Темурнинг уч, беш ва етти йиллик урушларининг сабаблари келтирилган. Асарда келтирилишича, 1385 йилгача, яъни Тўхтамишнинг Эронни босиб олиш мақсадида Табризга бостириб киришига қадар Соҳибқироннинг бошқа ўлкаларга юриш қилишда аниқ мақсади бўлмаган. Асосий урушлари ўзига яққол душман ҳудудлар, мусулмонларга заҳмат етказиб турган  давлатлар ва ҳоказоларга қарши олиб борилган. Лекин ана шу воқеадан кейин Тўхтамишхондан олдин Эронни босиб олишга киришади.  Ироқ, Шом ва Шарқий Анатолияни эгаллайди. Чунки бу ерларнинг ҳокимлари Темур душманларига паноҳ бериб, унга хавф солиб турарди [3:107]. Соҳибқирон томонидан олиб борилган кўп йиллик юришларнинг яна бир сабаби сифатида муаллиф Мўғулистон, Эрон ва Ироқда Буюк ипак йўли хавфсизлигини таъминлаш бўлгани, чунки бу даврда нафақат карвонлар, балки элчилар ҳам бемалол қатнай олмай қолганини келтиради. Шунингдек, Ҳаж сафарига бориш ҳам хавфли бўлиб қолган эди. Темур бирор мамлакатни фатҳ қилгач, у ерда ободончилик ишларини амалга оширганини қайд этади [3:204].

Али Яздийнинг асарида Темурнинг даштликлар ва жетеларга қарши урушига кўп урғу берилади. Бундай ҳолат Темур ва темурийларнинг асосий рақиби айнан улар бўлганидан далолатдир. Асарда XIV асрга хос бой географик номлар келтирилган бўлиб, Ироқ ва Шарқий Анатолиядан то ҳозирги Хитой марказигача ва форс кўрфазидан то Кама дарёси ҳавзасигача бўлган жойларнинг қарлуқча номлари келтирилади. Бу эса ушбу ҳудудларда XIV асрда қарлуқ лаҳжаси кенг тарқалганини англатади. 

Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур даври тарихига оид манбалар ўзининг мазмуни, ёндашув усули, тузилиши, муаллифларнинг қарашлари жиҳатидан турли хил бўлиб, уларда ўша даврга хос ўзликлар ҳақида ҳам маълумотлар баён қилинган. Шу боис ушбу манбаларни ўзликни англаш нуқтаи назаридан талқин қилиш Темур даврига оид айрим масалаларни кенгроқ тушунишга ёрдам беради.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Руи Гонзалес де Клавихо. Дневник путешествия в Самарканд ко двору Тимура (1403-1406). Перевод со староиспанского. – М.: Наука, 1990.
  2. Ибн Арабшоҳ. Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур (Темур тарихида тақдир ажойиботлари). 1­2-китоб. – Т.: Меҳнат, 1992.
  3. Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. – Т.: Шарқ, 1997.
Исмоилжон ХЎЖАХОНОВ
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бош илмий ходими,
тарих фанлари номзоди

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …