Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 5 – 8 февраль кунлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан буюк алломаларимиз илмий меросини кенг оммага тарғиб қилиш қилиш мақсадида Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Буюк алломаларимиз асарлари нафақат минтақамиз, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳидоят маёғидир. Шу боис уларнинг илмий меросини, қолдирган битикларини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади. Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний сингари табаррук зотларнинг асарлари муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятидан сабоқ беради. Халқимизни, айниқса, ёшларни тўғри йўлдан адашмасликка, мутаассиблик, алдов, хиёнатдан узоқ бўлишга, Ватанни севиш ҳамда кўз қорачиғидек асрашга ундайди. Учрашувларда мазкур ғояларни замирига жо қилган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш – давр талаби”, “Ўзбекистон буюк алломалар юрти” ва “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар тингланди. “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш этилиб, илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган 50 турдаги янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.
Водий бўйлаб ўтказилган тарғибот тадбирлардан сўнг Ўзбекистоннинг етакчи халқаро илмий-тадқиқот марказлари ходимлари, таниқли олимлар Ахсикент ва Ахси мажмуаларига ташриф буюриб, Ахсикент мажмуасида амалга оширилаётган ишлар, Янги Ахси мажмуасидаги осори-атиқалар музейи ва нодир қўлёзмалар маркази фаолияти билан танишди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, ҳадисшунос олим Шукрулло Умаров мажмуаларда олиб борилаётган ишларни эътироф этар экан, аллома Абу Носир Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатий ҳақида бундай деди: «Мен ўз илмий тадқиқотимда мана шу заминдан етишиб чиққан Абу Носир Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатийни чуқур ўрганганман. Ахсикатий муҳаддис Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини бугунги Андалусия, Африка минтақалари, ғарб давлатларида кенг ёйилишига улкан ҳисса қўшган. Катта ҳадисшунослик мактабига асос солган».
Ташриф якунида ҳар икки мажмуага юқорида зикр этилган илмий-тадқиқот марказларида чоп этилган нодир китоблар туҳфа этилди.
Буюк алломаларимизнинг илмий меросидаги илм-маърифат, юксак инсонпарварлик ғояларини халқимизга етказиш мақсадида Фарғона водийси вилоятларидан бошланган тарғибот ишлари юртимиз ҳудудлари бўйлаб давом этади.
Матбуот хизмати