Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙ – ЭЗГУЛИК КУЙЧИСИ

АЛИШЕР НАВОИЙ – ЭЗГУЛИК КУЙЧИСИ

Низомиддин Мир Алишер Навоий – буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби.

1441 йил 9 февралда Ҳирот шаҳрида таваллуд топган. Отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни Ғиёсиддин Кичкина деб ҳам аташган) саройнинг нуфузли амалдорларидан, онаси (исми маълум эмас) Кобул амирзодаларидан Шайх Абу Саид Чангнинг қизи бўлган.

Алишер Навоийнинг болалиги темурий ҳукмдор Шоҳруҳ Мирзо (1377-1447) ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келади. У темурийзода шаҳзода Ҳусайн Бойқаро (1438-1506) билан бирга вояга етади. 4 ёшида мактабга бориб, тез фурсатда савод чиқаради. Туркий ва форсийда битилган шеърларни ўқиб, ёд олади. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллайди. Алишернинг тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлар ҳам шоир бўлишган. Бўлажак шоир ана шундай муҳитда тарбия топади.

Ҳиротда у машҳур шоиру фозиллардан таҳсил олиб, шеърлар машқ қила бошлайди. Саъдий Шерозийнинг «Гулистон», «Бўстон» асарларини ўқиб, Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» достонини ёд олади. Ушбу фалсафий достон билан танишув ёш Алишернинг дунёқарашида ўзига хос бурилиш ясайди. У келажакда  “Мантиқ ут-тайр” сингари жиддий асар яратишни кўнглига тугади ва вақтлар ўтиб тасаввуфга оид “Лисон ут-тайр” достонини яратади.

Замондош тарихчи Ғиёсиддин Хондамир (1473-76-1534)нинг маълум қилишича,  бир куни Мавлоно Лутфий (1367-1465) ўспирин Алишердан бир ғазал ўқиб беришини сўрайди.

Ёш Алишер матлаъи қуйидагича бўлган ғазални ўқиб беради:

Оразин ёпқач, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

Шунда Мавлоно Лутфий: “Имкони бўлганида эди, ўзимнинг туркий ва форсийдаги 10-12 минг байтимни шу биргина ғазалга алмаштирган ва ушбу айирбошлаш натижасини ўзим учун катта муваффақият ҳисоблаган бўлардим”[1],- дея шоир истеъдодини юксак баҳолайди.

Алишер болалик чоғларидан умрининг охиригача вақтининг кўп қисмини илм эгаллаш ва камолотга эришишга сарфлаган.  

У дастлаб Машҳад, сўнгра Самарқанд мадрасаларида таҳсил олиш билан бирга “Навоий” тахаллуси билан туркийда,  “Фоний” тахаллуси билан форсийда ижод қилиб, “зуллисонайн” (икки тилда ижод қилувчи) шоир сифатида танилади.

Алишер Навоийнинг Самарқандда яратилган “Аълойи Шоший ва тўн тикувчи ҳунарманд”, Бобур ҳақидаги муаммолари, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” каби асарлари, бир неча ғазаллари  сафар аввалида Ҳиротда ёзилган ижод намуналаридан ўзининг етуклиги билан катта фарқ қилади. Демак, Самарқанд ҳақиқатдан ҳам Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятида муҳим сифатий ўзгаришни вужудга келтиради.

1469 йили Хуросон тахтини Алишернинг болалик дўсти Ҳусайн Бойқаро эгаллайди. Шу йили Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога атаб “Ҳилолия” қасидасини битади. 1470 йилда ўзининг туркийда ёзган шеърларидан иборат илк девони – “Бадоеул бидоя”ни тузади. Навоий 1483-1485 йиллар давомида  бутун ижодининг дурдонаси ҳисобланмиш “Ҳайратул аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” ва “Садди Искандарий” достонларидан иборат “Хамса” асарини яратади. Шунингдек, “Тарихи мулуки Ажам”, “Мажолисун нафоис”, “Муншаот”, “Мезонул авзон”, “Насоимул муҳаббат”, “Девони Фоний”, “Лисонут тайр”, “Муҳокаматул луғатайн”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирожул муслимин”, “Арбаин”, “Маҳбуб ул-қулуб” каби ўттиздан ортиқ бебаҳо асарлар ёзади.

Шоир ижодининг мазмун-моҳиятини инсонпарварлик, халқпарварлик, бағрикенглик, яхшилик, комиллик каби эзгу тамойиллар тараннуми ташкил этади. Мутафаккирнинг “Билмаганин сўраб ўрганган – олим / Орланиб сўрамаган ўзига золим”, “Оз-оз ўрганиб, доно бўлур / Қатра-қатра йиғилиб, дарё бўлур”, “Заҳмат чекиб илм ўрганган – донишманд”[2] каби ҳикматлари илму маърифат тарғибида муҳим аҳамият касб этади. 

Алишер Навоий адабий фаолиятни сиёсат билан уйғунлаштирган буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбобидир. Ҳазрат Навоий 1469 йили ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро томонидан давлат бошқарувига жалб қилинади. 1469-1472 йилларда муҳрдор, 1472-1476 йилларда амир (вазир), 1487-1488 йилларда Астробод ҳокими лавозимларида самарали фаолият кўрсатади.

Навоий 1476 йилда вазирлик лавозимидан истеъфога чиқади. Аммо истеъфога чиққанидан кейин ҳам сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаётнинг гирдобида қолаверади. ”Вақфия” асарида таъкидланишича, мамлакатнинг турли бурчакларидан жамиятнинг ҳамма табақларига мансуб сон-саноқсиз кишилар турли-туман масалалар юзасидан Навоийга доимий мурожаат этган. Шоирнинг ўз таъкидига кўра, эрта тонгдан тунга қадар бутун вақтини унинг ҳомийлиги ва саховатига, кўмаги ва маслаҳатига умидвор инсонларга ажратишга тўғри келган[3].

Халқ олдида ва темурийлар саройида юксак ҳурмат ва ишончга эга бўлган Навоий бутун кучини, мулкларини эл фаровонлиги, юрт ободлиги йўлида сарфлаб, “Дин ва дунё ишларида ҳақ ва ҳақиқат низоми”, “Ҳазрат султоннинг яқин кишиси” ва “Улуғ амир” каби юксак унвонларга мушарраф бўлган.

Алишер Навоий Ҳирот, Машҳад, Нишопур ва бошқа шаҳарларда кўплаб масжид, хонақо, мадраса, ҳаммом, шифохона барпо этади, ариғу ҳовузлар қаздириб, кўприк ва тўғонлар қурдиради. Давлатшоҳ Самарқандий ўн иккита иншоот ҳақида гапириб ўтган бўлса, Хондамир юздан зиёд бино ва иншоотни, шу жумладан, ҳовуз ва кўприкларни санайди. Фахри Ҳиротий “Амир Алишер 370 хайрия биносини қурган”, деб умумий тарзда ҳисоб қилса, Сом Мирзо бу сонга аниқлик киритиб, “уч юз етмишдан тўқсонтаси работлардир” [4], деб қайд этади.

Алишер Навоий кўрсатмаси билан Ҳиротдаги Марғаний боғи қаршисида жоме масжиди қурилган ва шаҳарнинг жоме масжиди қайта таъмирланган[5]. Мазкур масжидни таъмирлаш ишларини  кузатиш учун Навоий деярли ҳар куни у ерга ташриф буюрган. Аксар ҳолларда этагини қайириб, бошқа ишчилар қаторида меҳнат қилган. Бу ерда ишлаётган меъморлар ва уста-ҳунармандларга кўплаб қимматбаҳо кийимлар, мукофотлар тақдим этиш орқали уларнинг кўнгилларини шод этган. Натижада уч-тўрт йил чўзилиши мумкин бўлган қурилиш ишлари атиги олти-етти ойда поёнига етказилган.

XV аср иккинчи ярмида Ҳиротдаги маданий тараққиётда Алишер Навоий етакчи ўрин тутган. Самарқандда Амир Темур кутубхонасининг вориси сифатида Мирзо Улуғбек кутубхонаси фаолият кўрсатган бўлса, Ҳиротда Бойсунғур мирзо, Султон Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий кутубхоналари бўлган. Сарой кутубхоналаридан фарқли ўлароқ Навоий кутубхонасидан оддий халқ оммаси фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Машҳур олим Мирхонд, унинг набираси Хондамир, бошқа кўпгина тарихчи ва адабиётчилар ўз асарларини яратишда мазкур кутубхонада жамланган тарихий манбалардан фойдаланган, Камолиддин Беҳзод, Шоҳ Музаффар ва бошқа моҳир усталар у ерда самарали ижод қилган.

XV асрда темурийлар ҳукмронлиги даврида Хуросон ва Мовароуннаҳр маданий жиҳатдан юксалди. Шу боис, адабиётларда мазкур давр “Темурийлар ренессанси” деб аталади. Ушбу ренессанс ривожида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳам улкан ҳиссаси бор. Бу ҳисса унинг ҳам ижодий, ҳам давлат арбоби сифатидаги  фаолиятида ўз аксини топган.

БАХТИЁР ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Хондамир Ғ. Макорим ул-ахлоқ. –Т.: Akademnashr, 2018. –Б. 88-89.
[2] Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб. Мукаммал асарлар тўплами (МАТ): 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998. –Б. 115.
[3] Навоий А. Вақфия. МАТ: 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998. –Б. 259.
[4] Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили. –Т.: Akademnashr, 2011. – Б.79.
[5] Навоий А. Вақфия. МАТ: 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998. –Б. 261-262.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …