Тарихда жаҳон тамаддуни, жумладан, маънавияти ва илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган мамлакатлар ва халқлар сони у қадар кўп эмас. Бу борада сўз кетганда Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия, Саудия, Миср, Греция, Италия, Франция, Англия, Германия, Россия давлатлари сафида Ўзбекистонимиз ва ўзбек халқининг ҳам муборак номи тилга олинади, албатта.
Чунки биздан камида Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Муҳаммад Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад Фарғоний, Ҳаким Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Хусрав Деҳлавий, Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Абдулқодир Бедил, Бобораҳим Машраб каби буюк сиймолар етишиб чиққан. Улар башариятнинг ҳозирги юксак тараққиётга эришуви йўлида ўз замонида елка тутиб берган улуғ шахслар ҳисобланади.
Шундай экан, табиий бир савол туғилади: хўш, ақл-тафаккур, илм-фан, маънавият-маърифат бобида бундай олий мақомларга эришган буюклар қаерда ўқиган? Уларга ким таълим берган?
Бу саволга жавоб топиб-топмасимиздан яна бир мантиқий масала ўртага тушади: бизда олий таълим муассасалари фаолият олиб борганми, улар қачон пайдо бўлган?
Бизда ҳозиргача дастлаб 1918 йили иш бошлаган Ўзбекистон миллий университетига мамлакатимиздаги илк олий таълим муассасаси сифатида қаралади. Бундай ҳолда Ўзбекистонда олий таълим тизими пайдо бўлганига эндигина бир аср бўлибди, деган хато ва бир томонлама тасаввур ҳукмронлик қилиб қолади. Ҳолбуки, юртимизда фаолият кўрсатган олий мадрасалар амалда дастлабки олий таълим муассасалари эди.
Албатта, бунда яна бир нозик мулоҳаза ўртага тушади. Бу – қадимда иш юритган мадрасаларимизнинг диний таълим муассасаси бўлгани билан боғлиқ масала. Тўғри, ўрта асрларда ҳар қандай таълим муассасасининг мафкуравий, маънавий таълимотини ислом таълимоти ташкил этиши табиий эди. Шу билан бирга, мадрасаларимизда дунёвий фанлар хам ўқитилган ва даврлар ўтиши билан уларнинг улуши ортиб борган. Самарқандда 1420 йилдан фаолият кўрсата бошлаган Мирзо Улуғбек мадрасайи олияси бунга яққол мисол бўла олди.
Худди шундай мақомда иш бошлаган Ғарбнинг ўнлаб университетлари ўз тарихини қадимга боғлайди ва ғурур билан: “Биз фалон асрнинг фалон йилида ташкил топганмиз”, деб бонг уради. Биз эса ҳанузгача “1918 йилдан олий маълумотли бўла бошлаганмиз”, деб камтарлик қиламиз. Ваҳоланки, ташкил бўлиш даврини қадимга боғлайдиган ўша Ғарб университетлари ҳам айнан биздагидек шаклланиш тарихига эга.
Европанинг бугунги кунда энг машҳур бўлиб кетган Болонья (Италия, XI асрда асос солинган), Оксфорд (Буюк Британия, XII асрнинг иккинчи ярмида асос солинган), Кембриж (Буюк Британия, 1209 йили асос солинган), Сорбонна (Франция, Парижда 1257 йили ташкил этилган, асосчиси – руҳоний Сорбон), Салерна (Италия, IX асрда Европадаги биринчи тиббиёт таълим муассасаси сифатида очилган, XI-XIII асрларда жуда машҳур бўлган), Уппсала (Швеция, 1477 йили архиепископ Якоб Ульфсон томонидан ташкил этилган), Хайдельберг (Германия, 1386 йил 18 октябрда “Муқаддас руҳ” черковида очилиш маросими ўтказилган) университетларининг барчаси дастлаб диний таълим муассасаси бўлган. Даврлар ўтиши билан уларда бошқа соҳалар, жумладан, табиий фанлар ўқитилиши кенгая борган. Тан олиш керак, Ғарбда диний таълим муассасасининг замонавий тушунчадаги университетларга айланиш жараёни тўхтаб қолмаган, муттасил давом этган ва натижада бу қитъа олимлари кейинги асрларда табиий фанлар ривожига жуда улкан ҳисса қўшган.
Мусулмон Шарқида ҳам айнан шундай жараён кечган. Бунга юртимизда юз берган IX-XII ҳамда XIV-XV асрлардаги икки буюк тамаддун даври яққол мисолдир. Аммо бу жараён XVI асрдан эътиборан орқага кетди. Олимларимиз тўғри қайд этаётганидек, кейинги асрлардаги уринишлар эса аҳволни ўнглай олмади, объектив ва субъектив омиллар олдинги юксак даражаларга етиш имконини бермади. Маълум маънода депсиниш ва турғунлик юзага келди.
Ислом оламидаги дастлабки мадрасалар араб мамлакатларида эмас, айнан бизнинг юртимизда пайдо бўлгани ҳам масалага бир қадар ойдинлик киритади. Чунки араб оламида фаолият бошлаган дастлабки мадрасалардан бири Қоҳирада 988 йили бунёд этилган. Ҳозирги Ал-Азҳар университети ўзини ана ўша мадрасанинг бевосита вориси ҳисоблайди.
Биздан кўп-кўп исломий олимлар етишиб чиққани учун ҳам Ер юзида “Ислом дарахтининг илдизлари Арабистонда бўлса ҳам, шохлари Мовароуннаҳрда мева берди”, – деган ҳақли эътироф юради.
Соҳибқирон Амир Темур замонида мадрасалар гуллаб-яшнаш даврига кирди. Узоққа бормай, буни бу буюк зотдан бизга мерос қолган “Темур тузуклари”ни варақлашнинг ўзи ҳам етарли маълумот беради.
Асарнинг “Дину шариат тузуки” фаслида шундай жумлаларни ўқиймиз: “Ноибларимга ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар қуришни… буюрдим. …Мусулмонларга диний масалалардан таълим бериб, шариат ақидалари, ислом дини илмлари, тафсир, ҳадис, фиқҳдан дарс берсинлар, деб, ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилдим” (Темур тузуклари. – Тошкент: OʻZBEKISTON, 2018. – Б.80).
Академик Бўрибой Аҳмедовнинг шу асарда тилга олинган Мир Саййид Шариф (1330-1414 й.) ҳақидаги шарҳидан билиб оламизки, 1387 йили Соҳибқирон Амир Темур журжонлик бу машҳур олимни Самарқандга олиб келган ва пойтахтдаги ўзи қурдирган “Дор уш-шифо” мадрасасида дарс беришга тайинлаган (қаранг: Ўша асар. – Б. 81). “Дор уш-шифо” – “Шифо уйи”, яъни касалхона дегани. Мантиқан англашилиб турибдики, бу мадрасада кўпроқ тиббий илмлар ўқитилган бўлиши керак. Орадан бир аср ўтиб, Алишер Навоий Соҳибқирон Амир Темурдан қолган шу анъанани давом эттирди. У Ҳиротда айнан тиббий илмлардан таълим бериладиган “Шифоия” мадрасасини қурдирди. Ғиёсиддин Хондамир Навоий “Шифоия” мадрасасини қурдиргани ва у ерда тиббиёт соҳаси бўйича мутахассислар тайёрланганини ёзади: “Шифоия” (мадрасаси) ушбу мадрасанинг (“Халосия” мадрасаси кўзда тутилаяпти) ғарбий томонида ўта тоза ва саришта бир тарзда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда Мавлоно Ғиёсиддин Муҳаммад ибн Мавлоно Жалолиддин – ушбу масканда тиббий илмлардан таълим бериш билан машғул” (Ғиёсиддин Хондамир. “Макорим ул-ахлоқ“. – Тошкент: AKADEMNASHR, 2018. – Б. 34).
“Темур тузуклари”нинг “Раиятдан мол-хирож олиш, мамлакатни тартибга келтириш ва юксалтириш, унинг ободончилиги, хавфсизлигини амалга ошириш тузуки” деган фаслида Соҳибқирон шундай ёзади: “Яна амр этдимки, катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар…” (Темур тузуклари. – Б. 145).
Мадрасаларимизнинг айримлари айнан олий таълим муассасаси бўлгани учун улар “мадрасайи олия” деб юритилган. Модомики, шундай экан, Ўзбекистонимиздаги кўп университет ва институтлар, ана ўша таълим масканларининг бевосита ворислари, деб эътироф этилиши адолатли бўлар эди.
Университетимиз олимлари бу ғояни 2001 йилдан буён тинимсиз айтиб ва ёзиб келаяпти. Бу фикрни амалиётга айлантириш борасида ҳам бирмунча ишлар қилинган. Лекин ҳали-ҳануз муайян ечимга келинганича йўқ.
Алишер Навоийнинг кичик замондоши, тарихчи олим, шоир Зайниддин ибн Абдужалил Восифий (1486-1566 й.) ўзининг “Бадоеъ ул-вақоеъ” (“Гўзал воқеалар”) асарида Улуғбекнинг Самарқандда бино қилдирган мадрасайи олиясига мударрис тайинлаш билан боғлиқ бир лавҳани тасвирлаган. Унда ёзилишича, ҳижрий 813, милодий 1420 йил куз фаслининг фараҳбахш куни мадраса қурилиши ниҳоясига етган. Ҳамма ёқ саранжом-саришта. Олимлар, толиби илмлар, қозию қуззот, сарой аҳли янги мадраса ҳовлисига жам бўлган. Барчани бу фирдавсмонанд мадрасанинг биринчи мударриси ким бўлиши масаласи қизиқтирар эди. Мирзо Улуғбек тўпланганларга мурожаат қилиб “Ҳамма илмларда етукликка эришган киши мадрасанинг биринчи мударриси бўлсин”, – дейди. Шунда одамлар орасидан бир киши чиқиб “Мен имтиҳон топшираман”, – дея даъво қилади. Мирзо Улуғбек раҳбарлигида 90 олим ва талаба ҳузурида имтиҳон дарси ўтилади. Батлимуснинг (Клавдий Птоломей) “Ал-мажистий” асари бўйича ниҳоятда юксак илмий савияда ўтилган бу имтиҳон дарси асл моҳиятини фақат Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбек тушунади, холос. Бу ўз даврининг етук олими ва мударриси Шамсиддин Муҳаммад Хавофий эди.
Шунга асосан, Мирзо Улуғбек мадрасасида дастлабки дарсни 1420 йил 21 сентябрда Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўқиган. Биринчи дарсда 90 нафар толиби илм қатнашган. Маърузада Мирзо Улуғбек ва Қозизода Румий ҳам ҳозир бўлишган.
Бизнингча, худди шу кунни, яъни 1420 йилнинг 21 сентябрини мадрасада ўқув йилининг бошланиш санаси, деб ҳисоблаш ўринли.
Мирзо Улуғбек мадрасайи олияси 500 йил давомида турли тарзда фаолият кўрсатиб, 1920 йилда унинг фаолияти мажбуран тўхтатилган. Аммо кейинчалик олий педагогика институти, педакадемия, сўнгра Ўзбек давлат университети, ҳозирда эса Самарқанд давлат университети сифатида янги давр, янги талаблар, янгича йўналишда ўз фаолиятини давом эттирмоқда, десак, асло янглишмаймиз. Ана шу жиҳатдан, Самарқанд давлат университетининг Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясининг асл вориси эканини эътиборга олиб, унинг таъсис этилиш санаси тарихини ҳам бу улуғвор даргоҳ бошланган тарих, яъни 1420 йил билан белгилаш масаласини ўйлаб кўриш тарихий ҳақиқатнинг қарор топишига кўмаклашган бўларди, деб ўйлаймиз.
Шуни инобатга олсак, 1420 йилдан бу ёғига мадрасайи олия фаолиятида муайян ижтимоий-сиёсий вазият ўзгаргани таъсирида бор-йўғи 7 йилгина, яъни 1920-1927 йиллардагина мажбурий танаффус бўлгани аёнлашади.
Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китобида келтирилишича, Бухорода милодий 937 йили содир бўлган катта ёнғинда Мадрасайи Форжак анча зарар кўрган. Шунга суяниб, олимларимиз, Мовароуннаҳрда мадрасалар VIII аср охирида пайдо бўла бошлаган, хусусан, сомонийлар давлати гуллаб-яшнаган IX аср охири – Х асрда кўплаб бундай таълим масканлари бунёд этилган, деган хулосани илгари суради. Ахир, Самарқанд тарихига оид манбаларнинг далолат қилишича, IX-X асрларда биргина шу шаҳарнинг ўзида 17 та мадраса бўлган.
Буюк адиб ва аллома Абдурауф Фитрат (1886-1938 й.) “Ҳинд сайёҳи баёноти” асарида ҳиндистонлик сайёҳнинг бухоролик дўсти тилидан Бухорода 200 га яқин мадраса борлигини, улар уч тоифага бўлинишини айтади. Кейин олий тоифадаги 33, ўрта тоифадаги 39 мадрасанинг рўйхатини келтиради, қуйи тоифадаги мадрасалар 100 дан ортиқ экани ҳақида ҳам маълумот беради.
Таклифимиз аниқ-тиниқ: Самарқанд давлат университети бевосита Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг вориси, демак, унга 1420 йили Мирзо Улуғбек томонидан асос солинган, деб таъкидласак, замонамиз аҳли, биринчи навбатда, ёш авлодимиз кўнглига ғурур бағишлаган, уларни билим ва маърифатни ўрганишга руҳлантирган, тарихий адолатни тиклаган бўлар эдик.
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори
Манба:ЎзА