Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

   Ўн олтинчи дарс. Ғийбат, чақимчилик, ҳасад, кибр ва ғурур ҳақида.

Эй ўғлим! Ёмон хулқлардан бири дўстинг ҳақида, у ўз қулоқлари билан эшитганда ёқтирмайдиган гапларни айтишинг.

Эй ўғлим! Ҳар бир инсоннинг айб ва хатолари бўлади. Сен йўқлигингда айбларинг эсга олинишини ёқтирмаганингдек, бошқаларнинг ҳам, улар йўқлигида хатоларини гапиришдан тилингни тий. Ғийбатдан сақлан. Унга ўхшаш бўлган чақимчиликка одатланма. Одамлар орасини бузиш пайида бўлма. Бирорта дўстингга: “Фалончи сен ҳақингда ундай деди, бундай деди, фалончи сенга туҳмат қиляпти”, деб чақимчилик қилма.

Эй ўғлим! Ғийбат, чақимчилик пасткаш ва разил инсонларнинг хулқидир. Илм олувчиларнинг хулқи эмас. Бундай ёмон сифатлар билан ўзингни булғама. Аллоҳ таоло:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيرًا مِنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ﴾

Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”[1].

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Сафийянинг ундай ёки бундайлиги (баъзи ривоятларда паканалиги) мисол сифатида етарлидир”, десам, У зот: “Сен бир калима айтдингки, агар у денгиз сувига аралаштириб юборилса, таъми ёки ҳиди ўзгариб кетарди”, дедилар. Ва яна У зотга бир инсонни ҳикоя қилдим. Шунда У зот: “Менда у ёки бу нарса бўла туриб бошқа бировни ҳикоя қилмоқни яхши кўрмайман”, дедилар[2]. Бу ҳадисда ғийбатнинг ўта хатарли ва оғир гуноҳлардан экани назарда тутилмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен осмонга кўтарилганимда (яъни, Меърож кечасида) бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, юзлари ва кўкракларини тирнашар эди. Шунда мен: “Эй Жаброил, анавилар ким?” десам, у: “Улар шундай кишиларки, одамлар гўштини еб (яъни, ғийбат қилиб) обрўларига бўҳтон қилишарди”, дедилар”[3]

Эй ўғлим! Ушбу сўзларимдан хулоса чиқариб, ёмон иллатлардан ҳисобланган ғийбат ва чақимчиликдан ўзингни тозала.

Эй ўғлим! Аллоҳ берган неъмат туфайли дўстингга ҳасад қилма. Агар Аллоҳ хоҳлаганида эди, унга берганидек сенга ҳам берарди.

Эй ўғлим! Ҳасадчи қилган ҳасади билан ўзига адоват ва нафратни орттириб олади. Агар дўстингга ҳасад қилсанг, у ўзида сенга нисбатан нафрат ва душманликни пайдо қилади. Ушбу ёмон хулқинг сабабидан барча танишларинг сенга нисбатан нафрат кўзи билан қарайди. Шундай экан, дўстларингга ҳам, бошқа инсонларга ҳам ҳасад қилишни тарк эт. Бирор кишига нисбатан ичингда кек сақлама. Бирор инсон сенга ёмонлик қилсаю узр сўраса, унинг узрини самимият билан қабул эт ва қалбингдан ўч олиш ниятини ўчир.

Эй ўғлим! Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Нисо сурасида:

﴿أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آَتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ﴾

“Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?”[4] , деган. Фалақ сурасида:

﴿وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ﴾

“Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман, деб айт)[5], деган. Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жам бўлмайди”[6], дедилар. Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Одамлар бир-бирларига ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Яхшилик кўтарилганда жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиздир.

Эй ўғлим! Озор беришни ёқтирадиган қалб эгаси бўлишдан сақлан. Шунда одамлар сен томонга интилишга ошиқадилар.

Эй ўғлим! Ҳасад ва кек сақлаш фақат соҳибига зарари етади. Ҳасад сен ҳасад қилган кишидан бирор неъматни сенга олиб бермайди. Шунингдек, кек сақлашинг ҳам. Қалбингда унга нисбатан кек сақлаган кишингга зарар етказа олмайди. Бу ишлар Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига боғлиқдир. Бироқ қалбингда ҳасад ва гина бўлса, унинг олови кечаю кундуз қалбингни қиздираверади.

Эй ўғлим! Аллоҳ сени неъматлантирса, шукур қил. Бошқалардан ўзингни устун олма. Бу неъматларни сенга берган Зот қайтариб олишга ҳам қодир. Бу неъматлардан бошқаларни маҳрум этган Зот, уларга ҳам бир неча баробар қилиб беришга қодир. Инсонлардан ўзингни баланд тутиб Аллоҳнинг қаҳрига учрамагин. Зеро, Аллоҳ ўзини баланд тутувчи, мутакаббир кимсаларни суймас.

Эй ўғлим! Аллоҳнинг берган неъматлари сени ғурурга кетказиб, Унга ибодат қилишни эсингдан чиқармасин. Сен Унинг бандаларидан бирисан. Бошқалардан устунлигинг фақатгина Ундан қўрқиш билан бўлади. Аллоҳ:

﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ﴾

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”[7], деган.

Эй ўғлим! Одамлар ичида ғурурнинг тури кўп. Кимдир мол-дунё, кимдир мансабу насаб, яна кимдир касб ғурурига кетган бўлади. Буларнинг ҳаммасини санаб ўтиш қийин. Лекин ҳаммаси ҳам яхши эмаслигини билишинг ва улардан қутилиш йўлини ахтаришинг керак.

Эй ўғлим! Ақл бандага Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат бўлиб, у ила инсон нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилади. Ақлли инсон заковат ва фаросат соҳиби бўлса, ғурурга кетишдан ўзини тийиши осон бўлади. Аммо зеҳни паст ва бефаросат одамлар бу ишни қилишлари қийин. Ўша нарсаларни билган одам юқорида айтиб ўтилган ёмон иллатлардан ўзини эҳтиёт қилади.  

 Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Ҳужурот сураси, 12-оят.
[2] Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
[3] Абу Довуд ривоят қилган.
[4] Нисо сураси, 54-оят.
[5] Фалақ сураси, 5-оят.
[6] Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
[7] Ҳужурот сураси, 13-оят.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …