Home / АЛЛОМАЛАР / Нақшбандия машойихлари. Султон Боязид Бaстомий (Қоддасаллоҳу сирруҳу) 2-қисм

Нақшбандия машойихлари. Султон Боязид Бaстомий (Қоддасаллоҳу сирруҳу) 2-қисм

Бу даражага қандай юксалдингиз, деган саволга Бастoмий ҳазратлари шундай жавоб бердилар:

– Болалигимда бир ҳолга кирдим. Шундай бир нарса кўрдимки, ўн саккиз минг олам у ҳузур қаршисида бир заррага айланди. Ақлим бошимдан кетди.

Буюк бир ҳол қамради мени. “Ё Рабби, бу даргоҳ бу қадар кенг ва бу қадар бўм-бўш, у ердаги ишлар у қадар гўзал, у ер нақадар танҳо”, дедим.

Сирли бир овоз деди:

“Даргоҳ бўш эмас. Ҳеч ким бу ерга кела олмайди. Юзи ювуқсизларнинг бу ерга келишини истамайман”.

Мен бутун инсонларни чақиришни истадим. Лекин дарҳол Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоат мақомига одоб кўрсатиш эсимга тушди. Ва яна бир сас деди:

“Бу одобни кўрсатишинг билан исмингни буюк айладинг. Қиёматга қадар сени Султонул Орифин Боязид деб чақиражаклар”.

***

Бир кун Боязид Бастoмий ҳазратларидан: “Муршидингиз ким?”  – деб сўрашди.

– Муршидим бир аёл, – деб жавоб берди У.

– Бу қанақаси?  – дея ҳайрон бўлдилар.

– Бир куни Аллоҳ таолога муҳаббатдан ҳушим учган ҳолда йўлда кетаётган эдим. Бир хотин дуч келди. Қўлида бир халта ун бор эди. Уни кўтариш учун ёрдам сўради. Бир қоп унни кўтаролмайман, деб ўйладим. Ўша ерда, қафас ичидаги бир арслонга ишорат қилдим, қафас очилди, арслон келди.

Унни арслонга юкладим. Лекин очиқдан-очиқ каромат кўрсатганим учун қаттиқ қўрқдим, уялдим. Ва хотиннинг мени таниб-танимаганини билиш учун ундан:

– Бозорга борганингда йўлда кимни кўрдим дейсан?  – деб сўрадим.

– Золим Боязидни кўрдим, дейман, – деди хотин.

– Нега?  – деб сўрадим мен.

– Аллоҳ таоло бу арслонни юк ташимоқ учун яратмади, сен нечун юк ортдинг? Буни одамларнинг сенга “каромат соҳиби”, дейишлари учун қилган бўлсанг, бу жуда ёмон, – деб жавоб берди хотин.

– Шундан кейин мен йиғлаб, жуда кўп истиғфор айтдим. Сўнгра менга фавқулодда бир ҳол майдонга келса, мен “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ, Нуҳ Набийуллоҳ, Иброҳим Халилуллоҳ, Мусо калимуллоҳ, Иъсо руҳуллоҳ” ёзувини ёки бир нур кўрадиган бўлдим. Шу тарзда менда пайдо бўлган ҳолларнинг тўғри эканини Аллоҳ таоло тарафидан тасдиқ этилганини англайман.

Боязид Бастoмий ҳазратлари Аллоҳ таоло ишқи билан шу қадар бир ҳолга келардики, Ундан бошқа ҳеч кимни кўрмас эди. Йигирма йил ёнида юриб, ҳеч айрилмаган талабасини ҳар сафар чақирганда: “Болам, исминг нимайди?” деб сўрарди.

Бир марта бу талаба:

– Устозим, 20 йил ҳеч айрилмасдан хизматингизда бўлдим, лекин ҳар сафар исмимни сўрашингиздаги ҳикматни тушуна олмадим, – деди.

– Болам, қусур деб ўйлама. Аллоҳ таоло муҳаббати қалбимга келганда, мени шундай бир ҳол қоплайдики, Ундан бошқа ҳар нарсани унутаман. Сенинг исмингни эсимда тутишга ҳаракат қиламан, аммо ҳол келса, яна унутавераман.

Сен хафа бўлма! – деди Боязид Бастoмий ҳазратлари талабасининг кўнглини олиб.

(2-қисм тугади. Давоми бор)

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси
Абдусамад Тожиддинов

Манба

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …