Марказ қўлёзмалар фонди сўнгги йиллар мобайнида нодир асарлар билан бойиб бормоқда. Маҳаллий аҳолидан харид қилинган қўлёзма китоблар орасида Хива хони Оллоҳқули Баҳодурхоннинг (тахм.1794-1842) бўйруғи билан кўчирилган Қуръони карим ҳам мавжуд бўлиб, у №344 рақам билан фондда сақланмоқда.
Асар нисбатан яхши сақланган. Унда ўша даврнинг китобат санъатида қўлланган нафис, бежирим нақшларнинг мукаммал намуналарини кўриш мумкин. Оллоҳқули Баҳодурхон Муҳаммад Раҳимхон I нинг (тахм. 1775-1825) ўғли бўлиб, Хива хонлиги тарихида муҳим из қолдирган ҳукмдорлардан бири ҳисобланади. Тахтга ўтирганидан сўнг иқтисодий, маданий, маърифий соҳаларда ва бунёдкорлик бўйича кўплаб ислоҳотлар олиб борган. Хива шаҳрида бугунги кунда ҳам қад ростлаб турган пурвиқор биноларнинг барпо бўлишига ҳомийлик қилган. Бу янгиланишлар Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Риёзуд давла” асарида тилга олинган. Кўп ҳукмдорлар Мусҳафи шарифдан нусха кўчиртириб, мадраса, масжид, хонақоҳларга вақф қилган амир ва хонлар, элчиларга ҳадя қилган.
Китоб инсоният тарихида ихтиро қилинган энг буюк кашфиётлардан биридир. Китоб билимлар хазинаси ва уни авлоддан-авлодга ўтказувчи манба сифатида узоқ тарихий тараққиёт босқичини ўтаган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, бугунги кўринишдаги китоб дастлаб эрамизнинг биринчи асрида шаклланган[1]. Шунингдек, ноёб асарларга эҳтиёжнинг ошиши VII асрда Самарқанд қоғозининг кашф қилиниши ҳамда Марказий Осиёда китобат санъатининг ривожланишига сабаб бўлган. “Оллоҳқули Баҳодурхоннинг Қуръони” кичик ҳажмли – 18х12 см. 127 варақдан иборат. Асар Самарқанд қоғозига қора сиёҳда Бухорий насх[2] хатида китобат қилинган. Матн 13 қатордан, зарҳал рамкага олиниб, йирик ва майда ҳарфларда ёзилган. Айрим саҳифаларининг ҳошиясида келтирилган тажвид қоидаларига оид маълумотлар ҳамда оятлардаги мад (чўзиш) белгилари қизил сиёҳда ёзилган. Ҳар ўн варағида “Вақф ин китоби унвон, Оллоҳқули Баҳодурхон 1245”(1829) муҳри босилган.
Китобни безаш жараёнида музаҳҳиб[1] варақларнинг ҳошиясига ҳар жуз учун қизил, ложувард, зарҳал муҳр билан нақшлар чизган. Шунингдек, сураларнинг номлари кичик рамкага олинган, зарҳал унвон ва баъзи машҳур суралар ислимий (ўсимликсимон шаклдаги такрорланувчи тақсимлардан тузилган асосий нақш тури. Ислимий бир-бирига узлуксиз уланиб, ўралиб кетадиган чирмовиқсимон, ўсимликсимон нақшларнинг такрорланишидан ташкил топади. Шунинг учун баъзан усталар уни ўрама ёки ўсимликсимон нақш деб ҳам атайди)[2] нақшлар билан безатилган. Нусха тўлиқ эмас, айрим варақлари намликдан зарарланиб, қорайган. Муқоваси жигарранг мато билан қопланган. Бундай муборак, қимматли манбаларни асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш ва уларнинг электрон нусхаларини жамлаш ҳозирги кунда манбашунос олимлар олдидаги долзарб вазифалардан ҳисобланади.