Home / МАҚОЛАЛАР / БАҒРИКЕНГЛИК – ДИНЛАР ВА МИЛЛАТЛАРНИ БИРДАМЛАШТИРУВЧИ МУҲИМ ОМИЛ

БАҒРИКЕНГЛИК – ДИНЛАР ВА МИЛЛАТЛАРНИ БИРДАМЛАШТИРУВЧИ МУҲИМ ОМИЛ

Дунё халқлари ўзаро муносабатларни қарор топтиришда азалдан бағрикенглик тамойилларига асосланган. Шу боис миллати, дини ва тилидан қатъи назар,  тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат ҳаёт кечирган.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Уларнинг 94 фоизидан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5 фоизга яқини православ, қолган қисми бошқа диний конфессияларга мансуб.

Тарихий манбаларда бу заминда ислом дини кириб келгунга қадар яшаган халқлар ўртасида ҳам ўзаро муносабатлар яхши бўлгани баён этилган.

Бухоро яҳудийлар жамоаси вакилларидан бири Р.Бенеман бу шаҳарда дастлабки синагога VIII асрда қурилганини таъкидлаб, бундай қўшимча қилади: “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”.

ХV аср бошларида Амир Темур саройига келган Кастилия элчиси: “Соҳибқирон Темур Самарқандда турли дин вакилларини йиғиб, уларга илтифот кўрсатади. Насронийликка эътиқод қилувчи меҳмонлар учун алоҳида масъул шахс тайинлайди. Мақсад – улар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш”, деб ёзган.

Ўзбекистонда виждон эркинлиги Конституциямизнинг 35-моддаси билан кафолатланган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Барча диний таълимотлар негизида эзгулик, солиҳ амал ва яхшилик улашиш ётади. Шу билан бирга, бағрикенглик масалаларига алоҳида аҳамият берилади. Ислом хусусида айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло “Мумтаҳана” сурасининг 8- оятида бундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни суяди”.

Буюк муфассир Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” асарида мазкур оятни бундай тафсир қилган: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомалада бўлинг”.

Мовароуннаҳрлик яна машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлаган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Барча динлар аҳлига хайру эҳсон қилингиз”,Ким ғайридинни ҳақорат қилса, қиёмат куни ўтдан ясалган қамчи билан урилади” (Имом Муслим ривояти)

Бағрикенглик фазилати ислом динида имоннинг энг афзали даражасига кўтарилгани тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”.

Бу таълимотни Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасининг 46- оятида қуйидагича баён этади: “Сизлар аҳли китоблар билан фақат чиройли услубда мунозара қилингиз”.

Конфессиялараро бағрикенглик нафақат диндорлар, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади. Зеро, бу тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шартидир. Юртимизда ноисломий конфессияларга мансуб тузилмалар эркин фаолият юритади. Ҳатто ҳар хил динларга оид ибодатхоналарнинг ёнма-ён барпо қилинганига кўзимиз тушади, бу ҳам жамиятимиздаги диний бағрикенгликнинг амалий тасдиғидир.

Бу мавзу қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда (2021 йил 5 июль) ҳар хил миллат ва динлар вакиллари ўртасида бағрикенглик тамойилларига асосланиш масаласига кенг эътибор қаратилди. 5-моддада: “Фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш” кафолати белгилаб қўйилган. 7-моддада: “Давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ақидапарастлик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди”, деб таъкидланади.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланиб, унинг доирасида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсати концепсияси ишлаб чиқилиб, бу борада жуда катта аҳамиятга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Барча динлар, илоҳий амрлар ва жамиятдаги қонун-қоидалар инсониятни доимо маърифат, эзгулик ва яхшиликка чақириб келган. Савоб учун мукофот, ёмонлик учун жазо муқаррар эканидан огоҳлантирган. Саховатда ўзаро ҳамкорликка чақирган, жаҳолат, разолат ва қабоҳатдан қайтарган. Диний таълимотларнинг барчаси бағрикенглик, чиройли хулқ-одоб, сабр-бардошга, шукроналик ҳисси билан ҳаёт кечиришга даъват этади. Инсонларни эзгу ғоя ва амалларда мустақим бўлиб, диний ва миллий бағрикенгликка асосланган жамият тараққиёти учун муштарак ҳаракат қилишга чорлайди.

Шукурилло УМАРОВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …