Мамлакатимизда ўтказилган биринчи зиёрат форуми иштирокчиларининг ҳар бири юртимиз, халқимизнинг яшаш тарзи ва уларнинг атрофдагиларга муносабати ҳақида илиқ фикрлар айтди.
Бундай самимий эътирофнинг катта саҳнада кўплаб мамлакат вакиллари ўртасида янграши, албатта шу юртда яшаётган ҳар бир инсонда ўзгача фахр уйғотади. Айниқса, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчисининг маданият ва таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челебининг мулоҳазалари эътиборимизни тортди.
– Минг йиллик тарихий маданият ва санъат маркази бўлган Бухорога яна бир бор келганимдан жуда бахтиёрман, – деди Ж. Челеби. – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива нафақат Ўрта Осиёда, балки дунё маданияти ривожи учун ҳар жиҳатдан улкан ҳисса қўшган давлат арбоблари, шоирлар, санъаткорлар яшаб ижод этган буюк заминдир.
Айни вақтда ана шундай буюк зотлар етишиб чиқаётган юртнинг авлодлари ҳам уларга мос тарбия топмоқда. Шу ўринда бошимдан ўтган бир воқеани айтиб бермоқчи эдим. 2017 йилда Бухорода ўтказилган “Ипак ва зираворлар” фестивалида иштирок этган эдим. Вазият тақозоси туфайли бир дўконга бир неча марта кириб турли маҳсулотлар харид қилдим. Шунда дўкончи “Сиз биздан бир нечта маҳсулот сотиб олдингиз, энди ёнимиздаги дўкондан ҳам нимадир харид қилинг, улар ҳам сотиш учун келган”, деган сўзни айтди. Бу сотувчи фақат ўзи эмас, ёнидаги дўкончи ҳам савдо қилиб, маҳсулот сотишини хоҳламоқда. Бундай ажойиб хулқ ва атрофдагилар ҳақида қайғуриш фақат ўзбекларга хос одат деган фикрдаман.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, ҳозирда дунё миқёсида туризм орқали маблағ топишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Албатта, тарих изларини ўз жойида бориб кўриш, танишишга бўлган интилиш ортмоқда. Мисол учун, 2018 йилда сайёҳлик ортидан дунё давлатлари бир триллиондан ортиқ даромад кўрди. Айни вақтда давлатлар катта даромад келтирадиган туризмдан янада кўпроқ фойда кўриш учун янги инвестициялар ишлаб чиқиш, турли лойиҳаларни жорий этиш борасида рақобатлашмоқда. Бу эса замон талаби, шундай экан бунинг салбий жиҳати бўлиши мумкинми? Меҳмон шу ўринда туризм ривожланишининг баъзи бир хавфли жиҳати ҳам борлиги, бу борада ҳушёр бўлиш кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
– Туризм соҳаси катта даромад келтириш билан бирга доимий ривожланишни талаб этади, – дейди туркиялик меҳмон. – Агарда бу тизим давлат назоратисиз, эътиборсиз ҳолда тарқоқ ривожланса, жиддий йўқотишларга олиб келиши мумкин. Хусусан, кундалик ҳаётда сайёҳлар билан кўп мулоқот маҳаллий аҳолининг ажнабий маданият таъсирига тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Аҳоли фақат даромад ортидан қувиб, инсоф ва диёнатни, маҳаллий урф-одатларни унутиб қўйиши мумкин. Айниқса, четдан келганларга маҳсулотларни баланд нархларда сотиш ислом тижорат қоидаларига зиддир. Агарда бундай ҳолат такрорланаверса, сайёҳларнинг нархларга бўлган ишончи ва давлатга ҳурмати йўқолади. Юқорида келтирган воқеам мисолида Ўзбекистонда туризм тартиб ва эътибор билан ривожланаётганини кўриш, англаш мумкин.
Хорижлик меҳмоннинг юртимиз ва халқимизга чуқур ҳурмат билан билдирган сўзларини тинглаб, жуда кўплаб инсонлар қидирган меҳр-оқибатни айнан Ўзбекистонда эканидан қувондим.
Манба: ЎзА