Home / МАҚОЛАЛАР / ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доимо уларга мурувват кўрсатишни буюрган. Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилиш ҳақида бир нечта оятларни нозил қилган:

﴿وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا﴾

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бири ёки иккови ҳам кексаликка етса, бас, уларга “Уфф”, дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!”[1].

﴿وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا﴾

         “Икковига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: “Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”[2].

﴿وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ﴾

“Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йилдадир. Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир”[3].

Бу оятлар фарзандга ота-она олдидаги мажбуриятларни юклайди. Булар ота-онага яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш,  уларга “оқ” бўлмаслик, азият бериш ва эркалик қилишни тарк этиш,  ташвишга қўйишдан сақланишдир. Зеро, ота-она фарзанднинг дунёга келишига сабабчи бўлиб, тарбияси, таълими, тўғри йўлни танлашида катта хизмати бор. Ота-она фарзанди учун бор имкониятни сарфлайди. Бу машаққат ҳомила давридан бошланиб, туғилиш, ёшлик, ўспиринлик даврларини қамраб олади.

Фарзанд улғайиб, ота-онасига яхшилик қилгани учун қуйидагилар билан мукофотланади:

Фарзанд бошига тушган кулфат йироқлаштирилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиснинг бир қисми бунга далилдир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нафар киши кетиб боришарди. Ёмғирда қолишиб, тоғдаги бир ғорга кириб олди. Шу пайт тоғдан бир қоя тош улар яширинган ғор оғзига қулаб тушиб, чиқиш жойини бекитиб қўйди. Шунда улар бир-бирига: “Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизни ўйлаб кўрингизлар, ўшаларни восита қилиб Аллоҳга дуо қилингизлар, шояд Аллоҳ сизлардан буни аритса”, деди.

Улардан бири бундай деди: “Эй Аллоҳим, менинг ёшлари улғайган кекса ота-онам, аёлим ҳамда ёш болаларим бор эди. Чўпонлик қилиб уларга озуқа келтирар эдим. Қачон молларни яйловдан қайтариб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга сут берар эдим. Бир куни узоқдаги яйловга кетиб қолибман. Уйга кеч қайтдим. Келганимда ота-онам ухлаб қолган экан. Одатдагидек сут соғиб олдим. Сут идишни олиб келиб, уларнинг бошида турдим. Уларни уйқусидан уйғотишни хоҳламадим, улардан олдин болаларимга сут беришни ҳам истамадим. Болаларим оёқларим олдида йиғлаб турарди. Мен ҳам, улар ҳам шу ҳолатда то тонг отгунча ота-онамнинг уйқудан уйғонишини кутдик. Агар ўша ишимни Сенинг розилигингни истаб қилганимни билсанг, бундан бизга бир тешик очгин, ундан самони кўрайлик”. Аллоҳ ундан бир тешик очди, улар ўша тешикдан самони кўрди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд гуноҳларига каффорат бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ёнига бир киши келиб: “Мен бир аёлга совчи қўйдим. У мен билан никоҳланишдан бош тортди. Бошқа бир киши совчи қўйган эди, у билан никоҳланишни маъқул кўрди. Рашким келиб, ўша аёлни ўлдириб қўйдим. Менга бирор тавба қилиш (имкони) борми, деди. Шунда у киши: “Онанг ҳаётми?” деди. У: “Йўқ”, деди. У зот: “Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва Унга яқин бўл”, деди. У киши кетди. Ато айтади: “Ибн Аббосдан унинг онаси ҳақида нима учун суриштирганини сўрадим”. У зот: “Мен онага яхшилик қилишдан кўра, Аллоҳга яқинроқ бирор амални билмайман”, деб жавоб берди” (Имом Бухорий ривояти).

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг ризқи кенг ва умри узоқ бўлишига сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳ таоло умрини узоқ, ризқини зиёда қилишини хоҳласа, ота онасига яхшилик қилсин, қариндошлик алоқаларини боғласин”, дедилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Ота-она дуосини олган фарзанд дунё ва охиратда бахтли бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта дуо мустажобдир. Улар(нинг ижобат бўлиши)да бирор шак йўқдир. Ота-она дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, ота-онага яхшилик қилиш, фарзанднинг солиҳ амаллари қабул бўлишига, гуноҳи кечирилишига ва жаннатга киришига сабаб бўлар экан. Бу фарзанд учун улкан бахт-саодатдир. Аллоҳ таоло бизни ҳам, фарзандларимизни ҳам ота-онага яхшилик қилиш бахтига муяссар қилсин. 

[1] Исро сураси, 23-оят.
[2] Исро сураси, 24-оят.
[3] Луқмон сураси, 14-оят.
Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …