Ҳадис илми мактабида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган асарлар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари Ш.Умаров, О.Неъматов ва Н.Қобилов мактаб мураббийлари ва талабаларга кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган китобларнинг ўзига хос ва бошқа нашрлардан фарқли жиҳатлари хусусида маълумотлар берди.
Маърифий мулоқот тусини олган тақдимот тадбирида талабалар нашр этилган асарларнинг юксак илмий ва маърифий қиймати борасида мунозарага киришди. Имом Бухорий сийрати ҳамда ёзиб қолдирган нодир маънавий мероси барчанинг диққат марказида бўлди.
Имом Бухорий ўзининг ноёб қобилият ва қувваи ҳофизасининг кенглиги билан ўз давридаги муҳаддис ва илм аҳлини ҳайратда қолдирган. Муҳаддис “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган шиорига содиқ қолиб, 40 йил илм талабида мусофир юртларда ҳаёт кечирган. Чексиз машаққат ила, ҳар бир ҳадисни мустаҳкам тақво ва зуҳд билан ўрганиб, 16 йил давомида Қуръондан кейинги манба деб тан олинган “Саҳиҳул Бухорий” асарини ёзган.
Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли, инсонни маънавий етукликка чорловчи диний, маърифий, ахлоқий-тарбиявий мазмунга эга ўгитлари бутун башарият учун ибрат ҳисобланади. Аллома асарларининг бош ғояси инсонни бахтга етакловчи илмга эга қилиш, уни икки дунё саодатига эриштиришдан иборат.
Қизғин савол-жавоблар билан давом этган тадбир Марказ томонидан нашр этилган китобларнинг мамлакатимиз ёшлари учун не чоғли аҳамиятли эканини талабаларга англатиб, китоб мутолаасига бўлган эътиборнинг янада ортишига замин яратди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати