Home / АЛЛОМАЛАР / МИЁНҚОЛ РОВИЙЛАРИ

МИЁНҚОЛ РОВИЙЛАРИ

Зарафшон дарёси ўрта оқимида Оқдарё ва Қорадарёга ажралиб, қуйи оқимида яна бирлашган. Ўрта асрга оид ёзма манбаларда бу икки дарё оралиғидаги ерлар Миёнқол деб аталган. Амир Темур ва темурийлар, ундан кейинги даврларда Миёнқол ҳудуди “Суғуди Хурд” – “Кичик Суғд” ёки “Ярим Суғд”, Оқдарё шимолидаги ерлар, то Нурота тоғ тизмаларигача бўлган жойлар эса “Суғуди Калон” – “Катта Суғд” деб аталган.

X-XI асрларда Миёнқолдаги Иштихон, Кушония шаҳарларида ўзига хос ҳадис мактаблари шаклланган. Уларга тобе бўлган Размоз, Файй, Рустуғфан ва Зор каби қишлоқларда илм-фан ва маданият юксак даражада ривожланган. Бу ерлардан етишиб чиққан алломалар Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини теран ўрганиб, китобат ва ривоят қилиш орқали кейинги авлодга етказишда катта илмий жасорат кўрсатган. Бунинг тасдиғи сифатида манбаларда номлари зикр этилган ўнлаб ҳадис ровийлари ва фақиҳларни келтириш мумкин.

Қуйида уларнинг баъзиларини қисқача тавсифлаб, таништириб ўтамиз.

Абу Аббос Фазл ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Абдураҳмон Мазнавий Миёнқолий. Иштихон билан Самарқанд орасидаги Мазнаво қишлоғида таваллуд топган. Аксар манбаларда Абу Аббос Мазнавий деб зикр қилинган. Мазнаво қишлоғи Миёнқол ҳудудида жойлашгани боис кейинги давр манбаларида Абу Аббос Миёнқолий деб ҳам келтирилган.

Абу Аббос Миёнқолий ҳадис илми бўйича таълимни Али ибн Хашрам ва Абу Саид Ашаж каби ўз даврининг таниқли ровийларидан олган. Ундан эса Муҳаммад ибн Жаъфар Кабузнажакасий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Албоъ Хузоий Самарқандий каби ровийлар таълим олган ва ҳадис ривоят қилган[1].

Абу Иброҳим Ҳамдавайҳ ибн Қутн ибн Фараздақ ибн Тархон Саламий Иштихоний. IX аср охири – X аср бошларида яшаб ўтган. Нажмиддин Умар Насафийнинг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд алломалари ҳақида (қанддек) ширин китоб”) асарида Ҳамдуйа деб ҳам келтирилган[2]. Таълимни асосан Абу Язид ибн Исмоил Аттор Самарқандийдан олган ва ундан ҳадис ривоят қилган[3]. Ўзи эса катта ўғли Иброҳим ибн Ҳамдавайҳ ибн Қутн Иштихонийга устозлик қилган.

Алломанинг фарзанду набиралари ҳам замонасининг таниқли ровийлари бўлган. Уларга Ҳамдавайҳнинг исми нисбат қилиб берилиб, бу силсила тарих саҳифаларидан “Ҳамдавайҳий” нисбаси билан ўрин олган.

Улардан бири Иброҳим ибн Ҳамдавайҳ ибн Қутн Иштихоний. Бошланғич таълимни отасидан олган. Кейинчалик Абу Али Сукконий ва Абу Абдуллоҳ Нуҳ ибн Жаноҳ Можирмий каби алломалардан дарс олган ва ҳадис ривоят қилган[4]. Манбаларда ундан Абу Муҳаммад Наср ибн Ҳамдавайҳ Камаржий Суғдий ҳадисларни Муҳаммад ибн Мусо Суғдий воситасида ривоят қилгани келтирилган[5].

Ҳамдавайҳий нисбаси билан машҳур бўлган алломалардан яна бири Абу Ҳасан Ҳамдавайҳийдир. Тўлиқ исми – Абулҳасан Али ибн Аҳмад ибн Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ҳамдавайҳ ибн Қатан ибн Фараздақ ибн Тархон Саламий Ҳамдавайҳий Иштихоний. 411/1020 йили Иштихонда таваллуд топган. Халқ орасида Абулҳасан Иштихоний номи билан ҳам машҳур бўлган. Ҳадис илмини Шайх Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Абдураҳмон Асирий каби ўз даврининг машҳур ровийларидан ўрганган. У “Шайх” ва “Имом” рутбаларига сазовор бўлган. Ундан Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий (461/1069-537/1142) каби алломалар таълим олган ва ҳадис ривоят қилган[6]. Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” (“Насаблар”) ва Абу Абдуллоҳ ибн Мандаҳ Асбаҳонийнинг “Тарих” асарларида келтирилишича, Хатиб Абулҳасан Иштихоний 524/1130 йили зулқаъда ойининг бошларида, 113 ёшида, Иштихонда вафот этган[7].

 “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” асарида Абулҳасан Иштихоний томонидан ривоят қилинган мана бу ҳадис келтирилган: Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, Қуръон тиловат қилувчи кишининг мустажоб (ижобат) бўладиган бир дуоси бор. Дуо қилувчи киши ундан, истаса, бу дунёда, истаса охиратда фойдаланиши мумкин”, дедилар”, деди”[8].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Жобир ибн Қарқон Размозий Суғдий. Аксар манбаларда Абу Бакр Размозий деб келтирилган. Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжамул булдон” китобида келтирилишича, Абу Бакр Размозий ҳадис илмини Ҳасан ибн Соҳиб Шоший, Абу Наим Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Адий Астарбозий ва Зоҳир ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Суғдий каби устозлардан ўрганган. Ундан эса ҳофиз Абу Саъд ибн Абдураҳмон ибн Муҳаммад Идрисий ва Абу Ҳафс Умар ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Шоҳиний каби ровийлар ҳадис тинглаган ва ривоят қилган.

 “Ансоб”да қайд этилишича, Абу Бакр Размозий 377/987 ёки 379/989 йили вафот этган[9].

Файй ҳам Иштихон шаҳрига қарашли йирик қишлоқлардан бири бўлиб, Иштихон билан Кушония оралиғида жойлашган. Бу ердан Сароб Файйий каби ровийлар етишиб чиққан. У дастлабки таълимни она қишлоғидаги олимлардан олган. Кейинчалик Бухорога бориб, буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ҳадис тинглаган ва ёзиб олган. Ундан Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Шайх Муҳаммад ибн Ҳасан Самарқандий каби ровийлар таълим олган ва ҳадис ривоят қилган. Алломанинг таваллуд ва вафот этган йиллари манбаларда қайд этилмаган. Аммо устози Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий 810-870 йилларда яшагани маълум. Шунга асосланиб, Сароб Файйий IX асрда яшаб ўтган, деб айтиш мумкин.

 “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд”да Сароб Файйий Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ривоят қилган қуйидаги ҳадис келтирилган: Файйий: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан эшитдим”, деди. У: “Али ибн Мадинийдан эшитдим”, деди. У: “Суфён ибн Уяйнадан эшитдим”, деди. “У: “Албатта, Аллоҳ таоло имондан олдин илмга буюриб, бундай марҳамат қилади: “Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ”[10], деди”[11].

Ушбу оятда “Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ” сўзларидан олдин “Билгин” деб хитоб қилиниши ақида илмида билим зарурлигига таъкиддир. Бу ишда кўр-кўрона бировга тақлид қилиш фойда бермайди. Демак, “Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ”, деб эътиқод қилиш, албатта, тўғри ва мустаҳкам билим асосида бўлсагина мақсадга мувофиқ бўлади.

Рустуғфан қишлоғи манбаларда Растағфар, Рустағфар, Рустуғфар ва Рустуғфан деб келтирилган. Абулҳасан Рустуғфаний шу қишлоқдан етишиб чиққан олимлар жумласидан бўлиб, тўлиқ исми – Абулҳасан Али ибн Саид Рустуғфаний. Таваллуд санаси номаълум. Вафот этган йили ҳақидаги маълумотлар турлича келтирилган. Жумладан, Хайриддин Зириклийнинг “Аълом” китобида 345/956 йил деб кўрсатилган бўлса[12], Комилхон Каттаевнинг “Самарқанднинг буюк алломалари” китобида 350/961 йил деб қайд этилган [13]. Абулҳасан Рустуғфаний Самарқанднинг машҳур шайхи ва ҳанафий мазҳабининг йирик фақиҳи бўлган. Унинг “Иршодул муҳтадий” (“Ҳидоятга бошловчи қўлланма”) ва “Завоид ва фавоид фи анвоил илм” (“Илм навларидаги қўшимча ва фойдали (нарса)лар”) каби асарларни ёзган.

“Иршодул муҳтадий” ақидавий масалаларга бағишланган. Аллома вафотидан қарийб юз йил кейин яшаган таниқли олим Абулмуин Насафий ўзининг калом илмига оид “Табсиротул адилла” (“Далиллар тилга кирганда”) асарининг бир неча ўринларида мазкур асардан иқтибослар келтирган. Абдулҳай Лакнавийнинг ёзишича, “Завоид ва фавоид фи анвоил илм” турли илмлар таснифи(классификацияси)га бағишланган бўлиб, бу соҳага оид ёзган дастлабки асарлардан бири ҳисобланган[14].

Имом Рустуғфаний буюк мутакаллим Имом Мотуридийнинг яқин ва истеъдодли шогирди бўлган. У калом илми борасида ўз даврининг етук олими бўлиш билан бирга, фиқҳ (ислом қонуншунослиги) борасида ҳам мустақил фикр юритадиган мужтаҳид мақомига етишган. Манбаларда Абулҳасан Рустуғфаний билан устози Абу Мансур Мотуридий ўртасида фиқҳий масалаларда қизғин баҳсу мунозаралар бўлиб тургани қайд этилган. Жумладан, араб тарихчиси Муҳиддин Қурашийнинг “Жавоҳирул музийя фи табақотил ҳанафийя” китобида баъзи ижтиҳодий масаласида улар ўртасида турли қарашлар мавжуд бўлгани ёзиб қолдирилган[15].

Имом Абулҳасан Рустуғфаний ҳақидаги маълумотлар Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб”, Ибн Асирнинг “Лубоб фи таҳзибил ансоб”, Ибн Қутлубуғоннинг “Тожут тарожим” ва Абдулҳай Лакнавийнинг “Фавоидул баҳиййа фи тарожумил ҳанафийя” асарларида ҳам учрайди. Ҳозирги давр олимларидан тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватовнинг кўплаб китоб ва илмий мақолаларида, немис олими Ульрих Рудольфнинг “Мотуридий ва Самарқандда суннийлик илоҳиёти” асарларида ҳам айрим маълумотларни топиш мумкин.

IX-XIII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври бўлиб, ўша кезларда Самарқанднинг деярли ҳар гўшасидан кўплаб алломалар етишиб чиққан. Улар дунё илм-фани тараққиётига беназир ҳисса қўшиб, тарих зарварақларидан муносиб ўрин эгаллаган. Албатта, бу даврларда Миёнқол ҳудудида яшаб ижод қилган ровий ва фақиҳлар ҳақида сўз кетганда Сулаймон ибн Довуд ибн Муҳаммад Размозий, Абу Исҳоқ Иброҳим Занун Диҳқон Размозий, Абу Муҳаммад Размозий Суғдий, Абу Абдуллоҳ Размозий Суғдий Самарқандий, Довуд ибн Амр Растағфарий Иштихоний, Аҳмад ибн Ҳишом, Яҳё ибн Хузайма Зорий, Юсуф ибн Маъруф, Абу Лайс Наср ибн Фатҳ ибн Аҳмад, адиб Абу Фазл Муҳаммад ибн Амр ибн Муҳаммад, Тоййиб ибн Муҳаммад ибн Иброҳим, Абу Бакр Билол ибн Ризор ибн Рабона, Муҳаммад ибн Имрон, Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Мутаваккил ибн Қудома ибн Яҳё Суғдий, Абу Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳамдавайҳ ибн Қатан ибн Фараздақ ибн Тархон Ҳамдавайҳий каби алломаларни ҳам санаб ўтиш лозим. Улар ўз илму-урфони билан ижтимоий-сиёсий, тарихий жараёнларда фаол иштирок этиб, тарих саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллаган.

Миёнқолдан етишиб чиққан бошқа алломаларнинг номларини ҳам келтиришимиз мумкин эди. Аммо мухтасар бир мақолада уларнинг барчасини жамлашнинг иложи йўқ. Келажакда бу борада кенг қамровли илмий изланишлар олиб борилишидан умид қилиб қоламиз.

[1] Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. –Теҳрон. 1999. –Б.655.
[2] Ҳамдуйа ва Ҳамдавий шаклида келтирилган. Қаранг: Нажмиддин Умар Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. – Т.: “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2001. – Б. 171, 172.
[3] Қаранг: Абу Саид Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний. Ансоб. Ж,2. Байрут. 1998. –Б. 260
[4] Қаранг: Атаев М. Жиззах алломалари. –Т.: Адиб. 2014. –Б.61.
[5] Қаранг: Атаев М. Жиззах алломалари. –Т.: Адиб. 2014. –Б.64.
[6] Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Шайбоний Жазарий. Лубоб фи таҳзибил ансоб. – Байрут. 1980. –Б. 387.
[7] Нажмиддин Умар Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. – Т.: Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 2001. –Б.172.
[8] Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. – Теҳрон, 1999. – Б. 566.; Нажмиддин Умар Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. – Т.: “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2001. – Б. 171,172.
[9] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 6. – Байрут. – Ливан, 1998. – Б. 122; Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Мўъжамул булдон. Ж. 5. – Байрут, 1979. – Б. 454
[10] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур – Т.: ТИУ, 2007. “Муҳаммад” сураси 19-оят.
[11] Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. – Теҳрон, 1999. – Б. 232.
[12] Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 4. Дорул илм, 2002. – Б. 291
[13] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Т.: Маънавият, Мовароуннаҳр, 2010. – Б. 152; Каттаев К. Самарқанднинг буюк алломалари. – Самарқанд. Зарафшон, 1998. – Б. 107.
[14] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Т.: Маънавият, Мовароуннаҳр, 2010. – Б. 152, 153.
[15] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Т.: Маънавият, Мовароуннаҳр, 2010. – Б. 153, 154.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …