Ислом дини баркамол авлодни тарбиялаш, маънавий ва ахлоқий юксакликка даъват этиш билан бир қаторда, уни ёвуз, қабиҳ амаллардан қайтариш хусусиятлари билан ҳам ажралиб туради. Шу сабабли ҳам жамиятимизнинг миллий, диний-маърифий асосларини ташкил этган ислом ҳозирги маънавий-ахлоқий юксалишимизнинг манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Ислом бошқа динга эътиқод қилувчилар билан ҳамкорлик қилишни тақиқламаслиги, унинг таълимоти диний бағрикенглик тамойилларига асосланиши барча манбаларда ўз аксини топган. Жумладан, Қуръони каримнинг “Мумтаҳана” сураси 8-оятида:
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”[1], деб таъкидланган.
Ислом – миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Ушбу ҳақиқат ҳукуматимиз томонидан дин соҳасида қабул қилинаётган қарорлар ва фармойишларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Дин миллий ҳаётнинг табиий йўлдошидир. Зеро, у этник бирликлар аъзолари ҳаёт тарзини ташкил этувчи, тартибга солувчи ҳамда кишиларнинг ижтимоийлашувига хизмат қилувчи меъёрий омиллардан бири бўлиб келган. Диннинг бундай роли унинг тарихан шаклланган ўзига хос хусусиятлари билан белгиланади.
Тарихдан маълумки, Ўрта Осиё минтақаси жаҳонга фан ва маданиятнинг турли соҳаларида буюк намояндаларни етиштириб берди. Инсоният тараққиёти тарихида ўчмас из қолдирган мўътабар зотларнинг асарлари ҳозирги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқолмаган.
Ислом дини бирон бир давлат, миллат ёки муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти, аввало, инсонни энг азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Унинг маънавий камолотига ва ҳаётий манфатларига хизмат қилади. Инсонпарварлик руҳи устуворлиги ва адолат ғоялари ўзида мужассамлиги билан бутун жаҳон Исломнинг таъсир доираси тобора кенгаймоқда.
Қуръони каримда аввало динга зўрлаб киритиш ғояси рад этилади. Бу тинчлик ва миллатлараро тотувликнинг ўзагидир. Динга зўрлаб киритишнинг рад этилиши ислом динининг эркин ва маърифатга асосланган дин эканлигини кўрсатади. Бақара сурасининг 256-ояти шундай нозил бўлган:
“Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтон(ёхуд бутлар)ни инкор этиб, Аллоҳга иймон келтирса, у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир”[2]. Демак, имон келтириш ёки келтирмаслик кишининг ихтиёрий, ишидир.
Қуръони каримда талқин қилинган тинчлик ва миллатлараро тотувликнинг иккинчи ғояси бу – ислом динининг тинчликпарвар, адолатпарвар дин сифатида тақдим қилинишидан иборат. Моида сурасининг 8-оятида шундай дейилади: “Эй мўминлар, Аллоҳнинг ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”.
Демак бу ўринда шундай фикрлар баён қилинган:
Мусулмон одам тўғри йўлни тутиши;
Адолатпарвар бўлиши;
Тўғри гувоҳлик бериши;
Бирон қавмни меъёридан ортиқ ёмон кўрмаслиги;
Тўғрилик ва Адолатни тақво деб билиши;
Аллоҳдан қўрқиб, ёмон хатти-ҳаракат қилмаслиги;
Эзгу амал қилиши лозим.
Бу ислом динининг ва мусулмон кишининг моҳиятидир. Чунки Аллоҳдан қўрққан киши тинчликпарвар ва адолатпарвар бўлиб, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди. Имон келтирган ёки имон келтирмаган кишини ҳам меъёрдан ортиқ даражада ёмон кўрмайди. Бу ислом динидаги диний бағрикенгликнинг мазмун-моҳиятидир. Хабарларда келишича, Шайх Маъруф Кархий (VIII аср) тирик вақтида “унинг лутфидан, ҳусну хулқидаги камолидан жуҳудлару насоролар “Маъруф биздандир” деб мусулмонлар билан талашар эдилар”[3].
Қуръони карим ирқ, насаб ва ватанидан қатъий назар инсон қавмининг бир эканини баралла эълон қилди:
“Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир”[4].
Ҳаётда баъзи шахслар мартабаси кўтарилди, бир тоифани бой қилиб, бир тоифа фақир бўлди. Бир одам ҳоким бўлиб, халқ унга бўйсунди. Баъзи қавмларнинг танаси оқ бўлса, бошқа миллатларнинг ранги қора бўлди.
“Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!”[5]. Улар жамият вужудида ҳам баробардирлар. Кучлилари заифларини, жамоа эса шахснинг ҳолатини тушунади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларни ўзаро раҳмдиллик, дўстлик ва ҳамдардлик қилишликда бир аъзоси оғриса, қолган барча аъзолари биргаликда уни ҳимоя қилиб дарддан халос бўлишига кўмаклашувчи бир тана кабидир деб билгин!”[6] – деганлар. Ушбу ҳикматли ҳадисда мўминлар жамоатининг муҳим белгилари ўзининг тўлақонли ифодасини топган. Бундай жамоатда яшаётган ҳақиқий инсон ўзини ягона бир жисмнинг, барча аъзолари ўзаро ҳамдард ва ҳамкор оиланинг бир қисми сифатида ҳис этиши лозим. Бу хил жамоатнинг ҳар бир аъзоси фақат ўзини, шахсий манфаатини ўйламай, жамиятнинг барча аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиши, унинг ҳар қандай муаммоларини ҳал қилишда иштирок этиши зарур.
Одамларнинг барчасига динлари, ирқлари, рангларидан қатъий назар инсоний мукаррамликни исбот этган пайтда ислом дини бундан ҳам юксакликка кўтарилди.
“Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз ва мукаррам қилдик”[7].
Одамларнинг ҳаёти, эътиқоди, илм олиши ва умр кечиришдаги барча ҳуқуқларига кафил бўлган бу ҳурмат уларнинг барчаси учун баробар эди. Одамларнинг ҳаммасига истисносиз бир хил даражада кафил бўлиш давлатнинг мажбурияти эди. Инсонларни мукофотлаш ва жазолаш асослари уларнинг зоҳир амалларига қараб эмас, балки ниятларига қараб бўлишини эълон қилган пайтда ислом дини инсоний юксакликнинг бундан ҳам юқори чўққисига кўтарилди.
Ислом одамлар ўртасида бир ота-онадан бўлган оға-иниларники каби инсоний бирликни эълон этишда худди шу тарзда йўл тутди. У жамиятдаги ижтимоий бирликни дарахтга ўхшатдики, агар шамол эсса, тепадагими, пастдалигидан қатъий назар, барча шохлари қимирларди. Шу ўринда Қуръоннинг инсонларга асл инсоний бирликларини эслатиб турадиган ушбу:
“Эй инсонлар… Эй Бани одам!” деган лафзлар билан кўп маротаба хитоб қилганини, шунингдек, бир дин фарзандларини миллати, тоифасини ажратмай, “Эй имон келтирганлар… Эй мўминлар!” дея чақирганини мулоҳаза этиб ўтишимиз фойдадан холи эмас. Албатта, одамларнинг динларидаги ихтилофлари бир-бирларини ўлдиришларига ёки бир-бирларига адоват қилишларига сабаб бўлмаслиги керак. Балки эзгу ишларни қилишда, ёвузликка қарши курашда ўзаро ҳамкор бўлишлари лозим: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!”[8]. Улар ўзаро ихтилоф қилаётган нарсаларига ҳукм этишга келсак, буни қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ўзи ҳал қилади.
Дин аҳкомларини осон тушунтириш киши имонининг ортишига сабаб бўлади. Зеро, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда диний бағрикенглик иймон келтириш масаласининг ихтиёрий эканлигини ифодалайди.
Хулоса қилганимизда, миллий ва диний қадриятларнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутиши, тарихий хотирамизни тиклаб, ўзлигимизни англашимиздаги роли, янги жамият қуришда муҳим куч-қудрат манбаидир.
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. -Т.: ТИУ, 2004. – Б. 550.
[2] Бақара сураси 256-оят.
[3] Ф.Аттор. Тазкират ул-авлиё. -Т.: 1997. – Б. 70.
[4] Ҳужурот сураси 13-оят.
[5] Залзала сураси. 7-8-оят.
[6] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистан миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент — 2008, “Одоб китоби” 27-боб, 6011-ҳадис.
[7] Ал-Исро сураси 70-оят.
[8] Моида сураси 2-оят.