Аллоҳ таоло ҳар бир элчисини, ўз қавми билан сўзлашишлиги мукаммал бўлгани учун қавмининг тили билан юборишлик суннатини жорий қилди. “Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни ) баён қилиб бериш учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз” (Иброҳим, 4-оят).. Шунингдек, Муҳаммад алайҳиссаломнинг тиллари араб тили бўлганлиги ва Аллоҳ таоло ўз бандасига нозил қилган китоби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қавмининг тилида бўлишлиги учун, Аллоҳ таоло У кишига нозил қилган китоб ҳам араб тилида нозил бўлди. Ушбу ҳолатни баён қилиб Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Дарҳақиқат, Биз уни (бу оятларни) ақлларингизни юргизишингиз учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик” дейди. (Юсуф 2-оят).
Шундай экан, Қуръони карим лафзларининг араб тилида бўлганлиги сабабли Қуръони карим маъноларининг йўналиши араблардаги маъноларнинг йўналишига мувофиқ келади. Аллоҳ таоло ўз расулига Қуръонни ёдлашлик ва уни баён қилишлик масъулиятини юклади. “Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадур” (Қиёмат 19- оят). Яъни Аллоҳ таоло Ўз каломидаги тушуниб етиш мушкул бўлган айрим оятларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалламга англатиш кафолатини ҳам ўз зиммасига олиб, Пайғамбаримизни хотиржам қилмоқда. Мана шу оятлар келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлаётган вақтда бошларини қуйи солиб, хомуш ўтирадиган ва қачонки ваҳий келтирган Жаброил алайҳис салом кетганларидан сўнггина нозил қилинган оятларни ўқийдиган бўлдилар.
Саҳобалар даврида ҳам Қуръонни ўз тилларида нозил бўлганлиги учун тушунар эдилар. Ибн Халдун айтади: “Қуръон арабларнинг тили билан ва уларнинг балоғатларининг услубларига мувофиқ нозил қилинди. Уларнинг ҳаммаси Қуръонни тушуниб, улар Қуръоннинг алоҳида келган сўзларини ҳам, таркиб топган сўзларининг маъноларини ҳам билар эдилар. Шунга қарамай, тушунишликда бир-бирларидан фарқ қилар эдилар. Улардан бирларига мушкул бўлган маъно бошқасига тушунарли бўлар эди. [1]”
Ибн Қутайба: “Араблар Қуръондаги ғаройиб ва ўхшаш оятларнинг ҳаммасини ҳам билишда баробар бўлмаганлар, балки баъзилари баъзиларидан афзал бўлганлар” дейди.
Саҳобалар Қуръони каримни тафсир қилишда суянадиган биринчи манбалари Қуръони карим бўлган. Яъни Қуръон оятлари баъзи ўринда жуда қисқа келган, бошқа жойда шу оятнинг ҳукми кенг баён қилинган. Масалан, Аллоҳ таоло Моида сурасидаги 1-оятни: “Сизга, кейин тиловат қилинадиганлардан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди” деган оятни, шу сурадаги 3- оят билан тафсирлаган: “Ҳаром қилинди сизларга ўлимтик”.
Иккинчи манбалари, Қуръони каримни очиб берувчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидур, яъни агар Қуръон оятларидан бир оятни тушунишлик уларга мушкул бўлиб қолса, суннати мутоҳҳарага мурожаат қилар эдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кавсар – бу жаннатдаги Роббим менга берган дарёдур”[2].
Учинчи манбалари ақл-фаросат билан ижтиҳод қилишликлари, яъни саҳобалар бир оятнинг тафсирини Аллоҳнинг китобидан ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасалар, оят ва ҳадисга таяниб ақл-фаросатлари билан ижтиҳод қилганлар.
Қуръони Каримни тафсир қилган машҳур саҳобалардан, тўрт халифа, ибн Масъуд, ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Анас ибн Молик ва ҳоказолар. Бу даврда тафсир тўғрисида бирорта китоб ёзилиб, китоб шаклига келтирилмади. Чунки тафсир илми ҳадис илмининг бир бўлаги бўлиб, тартибли бир шаклга келтирилмаган эди, балки оятлар Қуръоннинг ҳаммасини ўз ичига олмаган ҳолда, сура ва оятларнинг тартибига эътибор берилмасдан тафсир қилинган.