Home / МАҚОЛАЛАР / МАСЛАҲАТЛИ ТЎЙ ТАРҚАМАС

МАСЛАҲАТЛИ ТЎЙ ТАРҚАМАС

“Маслаҳат” арабча сўз бўлиб, бирор ишни қандай қилиш кераклиги ҳақида йўл-йўриқ тарзидаги, мулоҳаза, тавсия, таклиф, фикр олиш каби маъноларни билдиради.

Муқаддас динимизда ҳар бир ишни маслаҳат билан амалга оширишга чақирилган ва унинг алоҳида фазилатга эга эканлиги таъкидланган. Ҳатто Қуръони карим сураларидан бири ҳам Шўро (Маслаҳат) деб номланган. Чунки, бу сурада мусулмонларни барча ишда маслаҳат – кенгаш билан иш тутишга ундовчи оятлар келган. Жумладан, 38-оятда Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий, қадр-қимматли нарсаларга эгаликка муяссар бўладиган жамоанинг тўққизта сифати санаб ўтилган. Уларнинг еттинчисига эътибор қаратсак:

﴿ وَأَمْرُهُمْ شُورَىٰ بَيْنَهُمْ

“… Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур …”.[1]

Мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг чақириқларига ҳар доим “лаббай” деб жавоб бериши, намозни ўз вақтида тўкис адо қилиши қанчалар лозим бўлса, шўро-маслаҳат билан иш тутиши ҳам шунчалар лозимдир.

Бундан ташқари, Оли Имрон сурасининг 159-оятида Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам баъзи ишларни атрофидаги саҳобалар билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширишни буюрган:

﴿فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ ٱللَّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ ٱلْقَلْبِ لَٱنفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَٱعْفُ عَنْهُمْ وَٱسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِى ٱلْأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى ٱللَّهِ إِنَّ ٱللَّهَ يُحِبُّ ٱلْمُتَوَكِّلِينَ﴾

(Эй Муҳаммад) Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта, атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг – таваккал қилинг! Албатта Аллоҳ Ўзига суяниб (иш қилгувчиларни) суяди[2].

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга қалби кенг, мулойим ва шу каби олий сифатларда бардавом бўлишни амр қилмоқда. Бошқалардан айб ўтган бўлса, уларни афв этиш ҳамда дунёвий ишларни бажаришдан олдин атрофидаги саҳобалар билан маслаҳат қилишни буюрмоқда. Чунки, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам, гарчи, пайғамбар бўлиб, У зотга доимий равишда ваҳий келиб турган бўлса ҳам, мусулмонларга маслаҳатлашиш одобини уқтириш учун шу муборак оятлар керак эди. Токи, У зотдан сўнг мўминлар ҳар бир ишини маслаҳату кенгашдан сўнг амалга оширсин. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳ таолонинг ушбу амрига мувофиқ, ҳар бир ишни саҳобалар билан маслаҳат қилган ҳолда амалга оширар, агар ўринли эътирозлар ёки ундан-да фойдалироқ таклифлар бўлса, бажонидил қабул қилар эдилар.

Имом Бухорий ҳам “Адабул муфрад” ҳадис тўпламида маслаҳат билан иш юритишнинг нечоғли улуғ ва ҳаётда қанчалар катта аҳамиятга эга эканини эътиборга олиб, бу борадаги ҳадисларни алоҳида бобда келтирган. Улар орасидан қайси бир қавм маслаҳат билан иш тутса, албатта, ҳидоят топишидан далолат берувчи қуйидаги ҳадисни келтирсак.

عن الحسن قال: وَاللهِ، مَا اسْتَشَارَ قَوْمٌ قَطُّ، إِلاَّ هُدُوا لأَفْضَلِ مَا بِحَضْرَتِهِمْ، ثُمَّ تَلاَ ﴿وَأَمْرُهُمْ شُورَى بَيْنَهُمْ ﴾ (الشورى, ۳۸) [3]

Ҳасан раҳмутуллоҳи алайҳ: “Аллоҳга қасамки, қайси бир қавм машаварат билан иш тутган бўлса, албатта афзал томонга ҳидоят қилинади” деб, Шўро сурасидаги “Ва уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур” 38-оятни ўқиган.

Ҳижратдан ўн тўққиз ой ўтиб, Рамазон ойида Бадр жанги бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўқнашув бошланишидан аввал саҳобалар билан бир жойга бориб, ўша ерда жангга тайёрланишни айтганларида, бир саҳоба: “Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ерда тўхташни Аллоҳ амр қилдими ёки ўзингиз тадбир сифатида айтяпсизми?” деб сўраган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, ўзим тадбир қилиб айтдим”, деганлар. Шунда саҳоба у ердан бошқа жойга, нарироқдаги қудуқ ёнига бориб жойлашишни маслаҳат берган. Ўз фикрини “Қудуқ ёнида бўлсак, душман сувсиз қолади”, деб асослаган. Набий алайҳиссалом бу маслаҳатга амал қилиб, саҳобаларга ўша жойга кўчишни амр қилганлар. Натижада Аллоҳнинг изни билан душман устидан ғолиб бўлганлар.

Доно халқимиз ҳам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда, бирор ишга қўл урмоқчи бўлса, албатта, илмли, ёши улуғ, ҳаётий тажрибаси катта, ақли расо ва фикри тиниқ кишиларнинг маслаҳатини олиб, шундан сўнг бажаришга киришган. Шу боис ҳам одамлар орасида “маслаҳатли тўй тарқамас” деган машҳур нақл ҳали-ҳануз кенг қўлланади.

[1] Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх Алоуддин Мансур. – Т.: Чўлпон. 1991. Шўро сураси, 38-оят. – Б.540.
[2] Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх Алоуддин Мансур. – Т.: Чўлпон. 1991. Оли Имрон сураси, 159-оят. – Б. 96.
[3] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Адабул муфрад. 258-ҳадис.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …