Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Мисрнинг Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро онлайн давра суҳбати шу мавзуга бағишланди.
Анжуманда мазкур академия масъул ходими доктор Муҳаммад Варданий маъруза қилди.
Инсоннинг бошқаларга етказиши мумкин бўлган зулмларидан бири мутаассиблик билан боғлиқ. Ким тўғри йўлда-ю ким залолатда экани фақат Яратганга аён. Лекин кўп замонларда бўлгани каби ҳозир ҳам мутаассиб оқимларнинг, хусусан, салафийларнинг одамларни адашганга ё кофирга чиқариш ҳолатлари учраб турибди. Улар ўз наздида тўғри санаган ақидага риоя қилмаган ҳар қандай одамга нисбатан шундай ҳукм чиқаради.
Муҳаммад Варданий Қуръони карим ва ҳадисларни ўз тафаккурига кўра талқин қилиб, фақат шундай ёндашувларга таянган ақидаларни ҳақиқат билиб, уларга қаттиқ ёпишиб олган мутаассиб оқимларнинг йўли хатарли эканини оят ва ҳадислар, саҳобаларнинг ибратли амалларидан келтирилган мисоллар асосида баён қилди. Аслида бундай оқимлар одамларни чалғитиб, ўз хоҳиш-иродасига бўйсундиришни мақсад қилади, холос. Шу жиҳатдан ислом илмларини чуқур биладиганлар одамларга ҳақ йўлни кўрсатиб, уларни бир томонлама фикр юритиш иллатидан халос этиб бориши лозим. Зеро, илм-маърифатли киши ҳеч қачон мутаассиб бўлмайди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар Ўзбекистонда турли оқимлар, жумладан, мутаассиб тўдаларнинг бузғунчи ғоя ва мафкураларига “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида раддиялар берилиб, пок эътиқодли оддий инсонлар, айниқса, ёш авлод онги заҳарланишининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини, Ал-Азҳар тажрибаси бу йўлда самарадорликни янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.