Ҳозирги кунда экстремистик ва террористик оқимлар ўз сафларини кенгайтириш мақсадида турли йўллардан фойдаланмоқдалар. Айниқса, ҳозирда ахборот алмашинуви жадал суратда амалга оширилмоқда. Интернет тармоқлари орқали ҳам турли хил ғаразли мақсадларга эга бўлган маълумотлар тарқатилмоқда.
Айни пайтда ахборот хуружидан ҳимояланишлик долзарб масалалардан бири бўлмоқда. Маънавий таҳдид деганда, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан маънавий-руҳий дунёсини издан чиқариш мақсад қилинган мафкуравий хуружлар тушунилади.
Ҳа, интернет ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаб улгурди. Бу яхши, албатта. Аммо у билан бирга ҳаётимизга “интернетга асирлик ёки боғланиб қолиш” тушунчаси ҳам кириб келди. Кўпгина ривожланган мамлакатларда бу ҳол катта ижтимоий муаммога айланган. Маълумки, янги технологиялардан фойдаланувчиларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Айримлари виртуал олам ичига шу даражада шўнғиб кетишдики, натижада реал воқеликдан виртуал оламни афзал кўра бошлашди. Бундай одамларда интернетдан узилиш улкан хавотир ва асабий ҳолатни келтириб чиқаради.
Айрим ёшларимизнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларида турли мақсадлар билан кечаю-кундуз кезишлари, бир оз ёши кичикроқларнинг эса на ўзига, на ўзгага бир фойдаси тегадиган, тарбияга салбий таъсир этувчи ҳар хил ўйинлар билан вақт ўтказиши ҳақида бугун кўп гапирилмоқда. Албатта, биз бугун уни қоралаб, буни оқлаб, улғайиб келаётган ёш авлод учун фақат яхшисини илинар эканмиз, бу жараёнда юзага келадиган бўшлиқни фақат фойдали маълумотлар, хайрли машғулотлар билан тўлдиришимиз керак. Демак, турли хорижий ижтимоий сайтлар ўрнига ўзимизнинг миллатимиз менталитетига хос, динимизга мос миллий-маънавий қадриятларимизни мужассам этган ва албатта, уни кенг тарғиб эта оладиган, халқ эътиборини жалб этувчи сайтларни кўпайтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу иш келажакнинг эмас бугуннинг энг муҳим ишидир.
Шу кунларда “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда. Бу ҳам бўлса интернетга жойлаштирилаётган ахборотларни текшириб олишликни талаб қилади. Бу қонун ахборот тарқатадиган сайт эгалари ва блогерлар учун катта масъулият юклайди. Қонунда белгиланганидек, веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер томонидан веб-сайтда ва (ёки) веб-сайт саҳифасида қуйидаги ахборотларни тарқатиш, ушбу ресурснинг чекланишига олиб келади:
- Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
- уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
- давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
- миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
- гиёвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
- порнографияни тарғиб қилиш.
Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер веб-сайтга ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки ушбу қарор биз каби соҳа мутахассисларига катта масъулият юклайди ва ўз навбатида ахборотни жойлаштиришда биздан хушёрликни талаб қилади.