Ўмоннинг “Asdaa Oman” интернет нашри яқинда Султонликка сафар қилган Ўзбекистон делегацияси аъзолари билан суҳбат ҳақида материал чоп этди.
Мақола Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари ўринбосари Фирдавс Ҳалимов интервьюси билан бошланган. Унда ташрифдан кўзланган мақсад, мамлакатларимиз ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари, электрон қўлёзмалар алмашиш имкониятлари ҳамда англашув меморандумларининг лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан эришилган келишувлар ҳақида сўз боради.
Суҳбатда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Барот Амонов мамлакатимизда ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва бошқа кўплаб аллома аждодларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш йўлида олиб борилаётган ишлар, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталган. 2017 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг бугунги фаолияти, таржима қилинган асарлар, чоп этилган китоблар, нодир қўлёзмалар тадқиқи борасидаги ишлар суҳбат асосини ташкил этган.
Б.Амонов, шунингдек, сўнгги беш йил ичида ташкил этилган турдош марказлар, Ҳадис илми мактаби фаолияти ҳақида маълумот бериб, бу илмий муассасаларнинг кўплаб йўналишларда, айниқса, Мовароуннаҳр алломалари қаламига мансуб қўлёзмаларни ўрганиш борасидаги мақсадлари муштарак эканини таъкидлаган.
Суҳбатдошлар интервью давомида Султонликнинг миллий архив ва ҳужжатларни сақлаш бошқармаси фаолиятига юксак баҳо бериб, унинг раҳбари доктор Ҳамад бин Муҳаммад Дуянийни Ўзбекистонга таклиф этганини қайд қилган.
Мақолада таҳририят томонидан ташрифнинг ҳужжатларни сақлаш ва архив ишини юритиш борасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашувини ташкил этишдаги юксак аҳамияти эътироф этилган.