Home / МАҚОЛАЛАР / САЛОМНИ ЁЙИНГ, САЛОМАТ БЎЛАСИЗ!

САЛОМНИ ЁЙИНГ, САЛОМАТ БЎЛАСИЗ!

Салом инсон зоти яратилгандан буён давом этиб келмоқда. Саломлашиш исломнинг шиори ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлиб, ўзида  тинчлик, меҳр­муҳаббат, дўстлик ва яхшиликларни мужассам этган. Инсон айниқса изтиробга тушганда, қоронғу тунларда ва чўлу биёбонда ёлғиз қолганда бу фазилатнинг қадрини сезади. Салом берган киши биродарига тинчлик ва хурсандчилик бағишлайди. Ундан ҳадик ва васвасани кетказади.

Қуръони каримда саломни ёйиш тўғрисида бундай кўрсатмалар келган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ﴾

“Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора (бу гапдан) эслатма олсангиз”[1].

﴿ وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا﴾

“Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз”[2].

Ушбу оятлар мўмин киши бошқа бир мўминга йўлиққанида унга салом бериши ва иложи борича чиройлироқ жавоб қайтариш лозимлиги уқтирилмоқда.

Саломлашиш Одам алайҳиссаломнинг тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу ҳақда қуйидаги ҳадис келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Одамни яратди. Бўйи олтмиш зироъ эди. Уни яратиб бўлгач: “Бор, анави  фаришталарга салом бер ва сен билан нима деб саломлашишларини эшитиб олки, (бу) сенинг ва зурриётингнинг саломлашуви бўлади”, деди. Одам: “Ассалому алайкум”, деди. Шунда улар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳ” деб, “ва раҳматуллоҳ”ни зиёда қилди.”[3].

Таъкидланганидек, салом бериш суннат, саломга алик олиш эса вожиб амал саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир: саломга алик олиш,  беморни кўргани бориш, жанозада қатнашиш, айтилган жойга бориш ва акса урганга ташмит (“Ярҳамукаллоҳ, яъни Аллоҳ сенга раҳм қилсин” дейиш) айтиш”, дедилар”[4].

Демак, салом бермасликдан кўра алик олмасликнинг оқибати оғирроқ экан.

 Қуйидаги ҳадисда эса унинг имон  шартларидан бири экани таъкидланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро меҳр-муҳаббат кўрсатмагунингизча мўмин бўлмайсиз. Ўзаро меҳр-муҳаббат кўрсатишингизга сабаб бўладиган далолатни айтайми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!” дейишди. “Орангизда саломни ёйинг”, дедилар”[5].

Исломда салом бериш савобли иш экани Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ушбу ҳадис билан тасдиқланади: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, исломнинг қайси хислати яхши?” деди. У зот: “Таом едиришинг ва таниган-танимаган кишингга салом беришинг”, дедилар”[6].

 Салом мўмин кишини жаннатга киритади. Шурайҳ ибн Ҳонеъ отасидан ривоят қилади: “У: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган бирор нарса ўргатинг”, деди. У зот: “Ширинсўзлик, салом бериш ва таом едириш”, дедилар”[7].

Яна Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, саломни ёйинг, таом едиринг, силаи раҳм қилинг, бошқалар ухлаганда тунни ибодат билан ўтказинг­да, жаннатга саломатлик ила кираверинг”, дедилар”[8].

 Саломлашиш саломатлик ва омонлик гарови ҳамдир. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саломни ёйинг, саломат бўласиз”, дедилар”[9].

Салом беришда савоб даражалари турлича бўлади. Бу ҳақда Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Ассалому алайкум”, деди. У зот унга алик олдилар­да, кейин ўтирдилар ва: “Ўнта (савоб), дедилар. Сўнг бошқа бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди. Унга ҳам алик олдилар­да, ўтирдилар ва: “Йигирмата”, дедилар. Яна бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”, деди. Унга ҳам алик олдилар­да, ўтирдилар ва: “Ўттизта”, дедилар”[10]. Яъни, салом қанчалар мукаммал бўлса, ажри шунчалар юқори бўлади.

Кўпчиликка салом берилганда саломни уч марта такрорлаш янада фазилатли саналади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор гап айтсалар, эшитувчи уни англагунича уч марта қайтарар эдилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, уч марта салом берардилар”[11].

Саломлашишда кичикнинг каттага,  юриб кетаётган ўтирганга, озчилик кўпчиликка ва уловдаги пиёдага салом бериши одобдандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик каттага, юриб кетаётган ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар”[12].

Аммо салом бериши лозим бўлган киши саломни унутиб қўйса, иккинчи томон салом беради. Бу унга таълим ва эслатма бўлади. Кўпинча икки томон салом бериши натижасида алик олиш унутилиб қолади. Бунда саломдан кўзланган айрим фойдалар ҳосил бўлмайди.

Саломлашиш раҳмат, офият, тинчлик­омонлик экан, буни мўмин киши аввало ўз аҳли учун айтишга ҳақлидир. Килда ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига салом бермасдан кирдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ортингга қайт, “Ассалому алайкум, кирсам мумкинми?” деб, сўрагин”, дедилар”[13].

Ҳеч кими йўқ уйга кирганда, умумий маънодаги салом берилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши агар одам яшамайдиган уйга кирса, “Ассалому алайна ва ала ибадиллаҳис солиҳийн”, десин”, дедилар[14].

Саломни ёйишнинг яна бир йўли саломни аввал беришга шошилишдир.  Чунки асосий ажр-савобни биринчи бўлиб салом берганга насиб қилади. Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олдин салом беришга улгурмас эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир. У Зот уни ер юзига қўйгандир. Уни орангизда ёйинглар. Бир киши бир қавмга салом берса, улар алик олса, улардан бир даража устун бўлади. Чунки, у уларга Саломни эслатган бўлди”, деганлар[15].

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг Аллоҳ таолога энг яқини биринчи бўлиб салом берганларидир”, дедилар”[16].

Қуйидаги ҳолатларда истисно равишда салом берилмайди. Таом еяётганга, хожатхонадаги кишига, таҳорат олаётганга, ҳаммомдаги одамга, намоз ўқиётган, азон айтаётган кишига, Қуръон тиловат қилаётганга, дуога қўл очиб турганга, ухлаётган ёки мудроқ босган одамга, гуноҳ қилаётганга салом бериб бўлмайди. Шунингдек, хутба вақтида ҳам салом берилмайди.

Яна қабристонда ўликларга бериладиган салом билан тирикларга салом берилмайди. Абу Журай Ҳужаймий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: “Алайкассалом, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда у зот: “Алайкассалом”, деб айтмагин, чунки бу ўликларга бериладиган саломдир”, дедилар”[17].

Таассуфки, ҳозирги кунда одамлар, хусусан, ёшлар орасида саломни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Баъзилар “салом”, “саломат”, “сомалейким” каби бузуқ шаклда салом беради. Аликни ҳам иборани тўлиқ олмайди, “ваалайким”, “алайким”, “баракалла” каби сўзлар билан кифояланади. Бундай ҳолда саломнинг моҳиятига путур етади, ҳатто, умуман тескари маъно ҳам келиб чиқади. Айримлар саломатлик ўрнига, ўлим тилаб қўйганини билмайди.

Демак, салом бериш оддий бир одат, шунчаки бир кўникма ёки кимларгадир хос муомала услуби эмас. У инсон маданиятининг ажралмас қисми эканини, хусусан, исломда саломга катта аҳамият берилишини унутмаслик керак. Бунинг учун жамиятда илмий ва амалий суратда саломни ёйишга, тарғиб этишга ҳаракат қилиш лозим. 

Бу хусусда ибратли бир жиҳатни эсга олиб ўтиш ўринлидир.  Вақти­вақти билан саломни ёйиш учун кўчага чиқиш ҳам салафи солиҳларнинг одатларидан бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо эрталаб бозорга чиқиб айланиб келар ва: “Биз фақат салом учун тонглари кўчага чиқамиз ва учраган кишига салом берамиз”, дерди.

[1] Нур сураси, 27-оят.
[2] Нисо сураси, 86-оят.
[3] Имом Бухорий ривояти.
[4] Имом Бухорий ривояти.
[5] Имом Муслим ривояти.
[6] Имом Бухорий ривояти.
[7] Ибн Ҳиббон ривояти.
[8] Имом Термизий ривояти.
[9] Имом Бухорий ривояти.
[10] Имом Абу Довуд ривояти.
[11] Имом Бухорий ривояти.
[12] Имом Бухорий ривояти.
[13] Имом Термизий ривояти.
[14] Имом Бухорий ривояти.
[15] Имом Бухорий ривояти.
[16] Имом Абу Довуд ривояти.
[17] Имом Абу Довуд ривояти.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …