Жамиятдаги муаммоларнинг ечимини топиш ва турли фикрларни эшитиб, тўғри қарор чиқариш учун ижтимоий йиғинлар ўтказилади. Қаерда инсон ё жамоа манфаатлари учун суҳбат бўлса, у фойдали, ботил сўзлар гапирилса, ғийбат, чақимчилик ва бўҳтон қилинса, аксинча, зарарли йиғин бўлади.
Қуръони каримда фойдали йиғинлар ҳақида Аллоҳ таолонинг бундай кўрсатмаси бор:
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا قِيلَ لَكُمْ تَفَسَّحُوا فِي الْمَجَالِسِ فَافْسَحُوا يَفْسَحِ اللَّهُ لَكُمْ وَإِذَا قِيلَ انْشُزُوا فَانْشُزُوا﴾
Эй мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: “(даврани) кенгайтирингиз! дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (керак пайтида кенг) жой берур. Яна қачонки, “турингиз!” дейилса, дарҳол турингиз![1]
Шундай экан, киши иштирок этаётган йиғинлар ўзи учун фойдали бўлиши ва Аллоҳнинг розилигини топиш учун қуйидаги одобларга риоя этса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Авваламбор йиғинни амру маъруф (одамларни яхшиликка чақириш) ва наҳий мункар (ёмонликдан қайтариш) тарзида ташкил қилиш билан унинг фазилатини ошириш лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бир қавм бир йиғинга тўпланса-ю у ерда Аллоҳни эсламаса ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтмаса, ана шу йиғин қиёмат кунида ўша жамоа учун ҳасрат ва надомат бўлади”[2].
Йиғиннинг яна бир одобидан бири кириб келганда ва чиқиб кетаётганда салом беришдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бирортангиз бир йиғинга келса, салом берсин. Агар ўтиришга фурсат бўлса, ўтирсин. У ердан чиқиб кетишида ҳам салом берсин. Савоб даражасида иккиси тенгдир”[3].
Имкон бўлса, йиғиндагилар билан қўл бериб кўришиш керак. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи васаллам: “Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, улар ҳали ажралмай туриб, гуноҳлари кечирилади”, дедилар”[4].
Йиғинга келган одобли киши одамларнинг елкаларидан ошиб, олдинги сафга ўтишга уринмайди ва икки одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтириб олмайди. Амр ибн Шуайб бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки кишининг ўртасига уларнинг изнисиз ўтирилмайди”[5].
Ўтирган кишини ўрнидан турғизмаслик ҳам одобдир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Биронтангиз ўзи ўтириши учун бир кишини жойидан турғизиб юбормасин. Лекин жой беринглар, сиғишинглар”[6].
Йиғинга келган киши бўш жойга ўтириши лозим. Жобир ибн Сумра розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирсак, қаер бўш бўлса, ўша ерга ўтирар эдик”[7].
Йиғинда икки кишининг ўзаро гапига қулоқ тутиш одобсизлик ҳисобланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким одамларнинг гапига улар истамаган ҳолда қулоқ тутса, қиёмат куни қулоғига қалай қуйилади”, дедилар”[8].
Ҳожати учун йиғиндан чиққан киши қайтиб келгач, ўша жойга ўтиришга ҳақли бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким йиғиндан чиқиб, сўнг қайтиб келса, шу жойга бошқалардан кўра ҳақлироқдир”, дедилар[9].
Дуо йиғиндаги хато ва камчиликларга каффорат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир йиғинда ўтирганида беҳуда гап-сўз кўпайиб кетса, у ердан туришдан олдин “Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика, ашҳаду ан лаа илаҳа илла анта, ва астағфирука ва атубу илайҳи” деса, ушбу калима мажлисда бўлган беҳуда гаплари учун каффорат бўлади”, дедилар” (Аллоҳим! Сен поксан. Сенга ҳамд бўлсин. Сендан ўзга илоҳ йўқ, деб шаҳодат келтираман. Сендан истиғфор сўрайман ва Сенга тавба қиламан)[10].
Киши юқорида айтиб ўтилган одобларга риоя қилса, у қатнашадиган барча йиғинлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ўзига фойда берадиган анжуманларга айланади.