Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти вакилларидан иборат делегациянинг Ўмон Султонлигига хизмат сафари бошланди.
Икки мамлакат ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар режаси доирасида ташкил этилган сафар ёзма ёдгорликларни сақлаш, каталоглаштириш, реставрация ва нашр этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистон вакиллари Ўзбекистоннинг Ўмон султонлигидаги элчихонаси масалаҳатчиси Фаррух Вахабов ҳамроҳлигида 27 август куни Султонликнинг миллий архив ва ҳужжатларни сақлаш бошқармасида бўлди. Муассасанинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ҳамад ибн Муҳаммад Дуяний бошқарма фаолияти ҳақида маълумот берди.
Султон Қобус бин Саид томонидан 2007 йилда Ўмон Султонлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган Бошқарма давлат бошқарувига оид ва идоралараро ҳужжатларни миллий мероснинг бир қисми сифатида сақлаш билан бирга, мамлакатдаги 4 университетда очилган махсус факультетларда илмий тайёргарликнинг комплекс дастурини амалга ошириш орқали бакалавр даражасидаги мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш билан ҳам шуғулланади. Муассасада мамлакат тарихи, бугунги ташқи алоқалари, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ҳужжатларни таснифлаш, сақлаш, реставрация қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда 300 га яқин малакали ходим меҳнат қилади. Ўмонда васият, мерос каби оилавий муносабатларга доир ҳужжатлар мазкур бошқармада рўйхатга олингач, расман тан олинади.
Муассаса Султонлик тарихи ва маданиятига оид бошқа давлатлар архив фондларида сақланаётган ҳужжатларни мамлакатга олиб келиш ва улар устида мустақил тадқиқотлар олиб бориш ваколатига ҳам эга. Бу борада бошқарма томонидан маҳаллий ва халқаро миқёсда турли анжуманлар ташкил этилиб, илмий изланишлар натижалари умумлаштириб борилади. Бугунги кунда бу ерда 200 мингдан ортиқ ҳужжат ва ислом динига оид 75 мингдан зиёд қўлёзма асарларнинг асл ва электрон нусхалари сақланади.
Учрашув доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан ушбу икки марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, олиб борилаётган ишлар, умумий жиҳатдан, мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот акс этган тақдимот ўтказилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон вакиллари Бошқарма вакилларини ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган илмий муассасалар билан яқиндан танишиш учун Ўзбекистонга таклиф этди.
Томонлар келгусида алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик меморандуми лойиҳасини тайёрлашга келишиб олди.
Суҳбат якунида мезбонларга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган адабиётлар тўплами тақдим этилди.
Учрашувдан сўнг икки марказ делегацияси аъзолари Бошқарманинг ҳужжат ва қўлёзмаларни сақлаш лабораторияси фаолияти билан танишди. Лаборатория архив ҳужжатларини қайта тиклаш, қўлёзмаларни таъмирлаш, муқовалаш ва муайян шароитларда сақлаш билан боғлиқ 10 дан зиёд барча турдаги зарурий замонавий технологиялар ва сканер ускуналари билан жиҳозланган.
Делегациянинг хизмат сафари давом этмоқда.