Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Ўн учинчи дарс. Омонатдорлик.

Эй ўғлим! Омонатдорлик – инсонни безайдиган энг гўзал фазилат. Унинг зидди хиёнат бўлади. Хиёнат инсонни шарманда қиладиган ва қадрини пастлатадиган энг ёмон разилликдир.

Омонатдорлик фазилат аҳлининг безаги, илм аҳлининг зийнатидир. У ва ростгўйлик пайғамбарларнинг сифатлари саналади.

Эй ўғлим! Омонатдор бўл. Бировнинг обрўсига ҳам, молига ҳам, бошқа нарсасига ҳам хиёнат қилма. Дўстларингдан бирортаси молини сенга омонат қилиб берса, хиёнат қилмасдан сўраган заҳоти қайтар. Ёки сенга сирини омонат сифатида айтса, уни энг ишончли ва азиз одамингга ҳам фош қилма.

Эй ўғлим! Ётоқхонада ҳамроҳларинг бўлади. Улар ўз анжомларини сенга омонат қолдириб кетган бўлса, йўқлигида бирор нарсасига қўлингни чўза кўрма. Бошқалар яқинлашиши учун ҳам имкон яратма.

Эй ўғлим! Дўстларинг орасида хиёнаткорликда айбланиб қолишдан эҳтиёт бўл. Чунки бирор нарсаси йўқолгудек бўлса, ҳар гал сени ушлаб олиб, айбни сенга тўнкашга ҳаракат қилишади, гарчи айбсиз бўлсанг ҳам.

Эй ўғлим! Ҳар қандай ҳолатда ишончли бўлгин. Ишнинг каттасида ҳам, майдасида ҳам хиёнатнинг ёмон эканини ўзингга эслатиб тур. Дўстингнинг сумкасини ёки ўзи йўқлигида жомадонини шунчаки бўлса ҳам очиб қарама. Чунки бу хиёнатдир. Дўстингни пойлама. Бу ҳам хиёнат. Сирлашаётган икки кишининг гапига қулоғингни тутма. Бу ҳам хиёнат. Сендан бошқага айтилган гапни билишга ҳаракат қилма. Бу ҳам хиёнат.

Эй ўғлим! Ўз ишига омонат деб ёндашадиганлар камайиб боряпти. Инсонга берилган омонатлар жуда кўп. Тирикликнинг ўзи катта омонат. Эртага у ҳам олиб қўйилади. Бу тириклик, бу ҳаёт сенга вақтинча берилган омонатдир. Соғлик-саломатлик ҳам сенга берилган улкан омонат бўлиб, эртага ёмонлашиши кетиши мумкин.

Омонат доим ўз эгасига қайтарилиши керак. Вақт – омонат, тинчлик – омонат. Улардан ўз ўрнида ва тўғри фойдаланишинг, заррача хиёнат қилмаслигинг керак. Умрни солиҳ амалларга сарф этишинг, саломатлигинг қадрига етишинг, вақтдан унумли фойдаланишинг, ўзингдан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилишинг, юрт тинчлигини асраб-авайлашинг лозим. Эртага бу омонатларнинг бари олиб қўйилади. Барчаси сенга вақтинча берилган.

Эй ўғлим! Ҳазил-мазах қилиб бировнинг нарсасини олиб қўйма. Уни ўзингники қилиб олиш мақсадида, “Билса ҳазил, билмаса чин” қабилида иш тутиб, дўстларингнинг нарсасини яширма. Бу сен ҳақингда ёмон гумонга сабаб бўлади. Гарчи айбсиз бўлсанг-да, айбдор сифатида қаралишинг мумкин. Баъзилар учун шубҳали шахс бўлиб кўриниб қоласан. Шундай ҳолатга тушиб қолишдан эҳтиёт бўл.

Эй ўғлим! Ўзингга ҳам, бошқага ҳам хиёнат қилма. Ўзингга хиёнат қилишинг устозинг имтиҳон олиш учун сўраганда кўз қиринг билан китобга қараб сўнг жавоб беришинг, гўёки сўралган нарсанинг билимдонидек кўринишингдир. Жавобни ёзиб олиш учун дўстингнинг дафтарига ўғринча қарашинг ёки ундан пичирлаб сўрашинг ҳам ўзингга хиёнат бўлади. Бу ишлар нодонлик ва алдамчилик бўлиб, улардан сақланмоғинг лозим.

Аллоҳ таолонинг Ўзи сени тўғри йўлга бошлагай.

 Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …