Бугунги кунда, инсониятнинг маънавий хазинасини ноёб асарлари билан бойитган буюк мутафаккир-адибларимиз ҳисобланган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини ўрганувчи тадқиқотчиларимиз, уларнинг, туркий цивилизация вакиллари сифатида бутун жаҳон маънавият ҳазинасини дилбар асарлари билан бойитганлигини таъкидлашмоқда. Бу мутафаккирларнинг нодир асарлари моҳиятини асл ҳолида янада чуқурроқ ўрганиш, илмий тадқиқ этиш ва келажак авлодга етказиш – манбашунос мутахассисларимиз олдида турган долзарб масалалардан биридир. Алишер Навоий ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзларининг серқирра илмий, сиёсий ва маънавий фаолияти, даҳоси билан, кўп асрлардан буён ҳалқимизнинг маънавий эҳтиёжини ва аҳлоқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
2019 йил 14-февраль куни Ўзбекистон Республикаси ВМ ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаоллар залида “авлиёлар авлиёси, мутафаккирлар мутафаккири, шоирларнинг султони” шоир, файласуф ва сиёсий арбоб Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги ҳамда одил давлат арбоби, саркарда, дилбар шоир, истеъдодли географ, хассос тарихчи файласуф олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 536 йил тўлиши муносабати билан “Туркий цивилизациянинг буюк мутафаккирлари” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда Марказ директори Ш.Ю.Зиёдов, фалсафа фанлари доктори профессор Б.О.Тўраев ҳамда марказ илмий ходимлар иштирок этишди. Тадбирга Самарқанд давлат университети Ўзбек филологияси факультети доценти Э.Мусурмонов таклиф этилди. Тадбирни халқаро алоқалар бўлими илмий ходими Ф.Мадиев олиб борди.
Бу тантанали тадбирни очиб бериш учун Марказ директори Ш.Ю.Зиёдов сўзга чиқиб, меҳмонларни, илмий ходимларни ва барча йиғилиш қатнашчиларини Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмларига бағишланган тадбир билан табриклади. Тарихдан маълумки, диёримиздан кўплаб улуғ алломалар, мутафаккир олимлар, шоирлар ва буюк давлат арбоблари етишиб чиққанлиги ва бу аждодларимизнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бугунги кун ёш авлод тарбиясида ўта долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факултети доценти Э.Мусурмонов сўзга чиқиб, Алишер Навоий ва Бобур ҳаёти ва ижодига тўхталиб, икки буюк аллома нафақат ўзбек адабиётининг балки жаҳон адабиётининг ҳам буюк намоёндалари, халқимиз маънавий дунёси шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган зотлар экани, ижодий меросининг боқийлиги, асарларининг бадиий бойлиги, уларнинг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси ҳамда чексиз истеъдодига бўлган юксак ҳурмат ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.
Профессор Б.Тўраев сўзга чиқиб, бу ҳар иккала зот на фақат адабиёт соҳасининг, балки ўзларининг оламшумул даҳоси билан буюк туркий цивилизациянинг маънавий оламини бойитган ва бутун оламга ёйган кенг қамровли мутафаккирлар эди. Шу чоққача уларнинг бадиий-адабий меъросини адабиётшунослар ўрганиб келишди, аммо уларнинг серқирра фаолиятининг асл мазмунини манбашунослик, тарихшунослик, сиёсатшунослик, табиатшунослик ва фалсафий тафаккур нуқтаи назаридан ўрганиш олимларимиз олдида турган кечиктириб бўлмас вазифадир. Бу икки мутафаккир на фақат Ўзбекистоннинг, балки бутун туркий цивилизациянинг, ислом цивилизациясининг, қолаверса, бутун жаҳоннинг ардоқли мутафаккирларидир. Уларнинг маънавий олами бутун инсоният учун, уларнинг аҳлоқий маданиятини юксалтириш учун хизмат қилиши лозим. Бу борада марказимиз тадқиқотчилари олдида ўта муҳим, ўта сермашаққат ва савобли, олижаноб вазифалар кўндаланг турибди. Биз на фақат уларнинг меросини ўрганишимиз, балки бутун дунёга ёйиш, бутун дунёга ўргатишдек улуғвор вазифаларни бажаришимиз лозим. Бу борада сиз азизарга муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.
Марказ илмий ходимлари буюк мутафаккирларимиз ижод намуналаридан ғазал, рубоий ва шеърлар ўқиб бердилар. Адабиётимизнинг етук намоёндалари ҳисобланган бу буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодларига доир мавзуларда қизиқарли ва қизғин давра суҳбати бўлиб ўтди. Йиғилиш қатнашчилари тадбирдан сўнг эҳсон дастурхонига таклиф этилди.