Home / АЛЛОМАЛАР / Нақшбандия машойихлари. Салмон Ал-Форсий (розияллоҳу анҳу) 2-қисм

Нақшбандия машойихлари. Салмон Ал-Форсий (розияллоҳу анҳу) 2-қисм

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳақида шундай деди:

Аввал кетиб, пойгада ғолиб келганлар тўртта кишидир. Шу тўрттадан бири – Салмон Форсийдир. Салмон – бизнинг аҳли байтимиздир. Жаннат интизорбўлган кишилардан бири Салмондир. Аллоҳ таоло асҳобимдан тўрт кишини севади, улардан биттаси Салмондир”.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ниҳоятда ғани кўнгилли, зоҳид бир зот эди. Зохидларнинг буюклари орасида эди.

***

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Кинда қабиласидан бир хотинга уйланган эди. Хотинининг хонасига кирганда, хонанинг қимматбаҳо тошлар билан безалганини кўриб, “уйимиз қиздирилган жаҳаннам бўлдими ёки Кинда қиблага айландими?” дея хитоб қилди.

 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дунёдаги нарсанг бир йўлчининг кўтара оладиган нарсаси қадар бўлиши керак, деб тавсия этди,  – деди у.

Кейин хонадаги безаклар олиб ташланмагунча хонага кирмади.

***

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳақида сўраганларида ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай жавоб берди:

 – У шундай бир денгиздирки, илмнинг аввалини-охирини олди, аммо тошмади.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Ҳузайфа бин Яман розияллоҳу анҳу билан Набтияга кетди. У ерда намоз ўқиш учун бир жой ахтарди. Ўша ердаги бир кофир хотин унга:

 – Қалбингни тозала ва истаган жойингда намоз қил!  – деди. Бу гапдан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу йиғлади ва Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга шундай деди:

 – Бу сўзни ҳикмат ўлароқ кофирнинг қалбидан ол!

***

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу кеча қоронғилик тушганда намоз ўқий бошларди. Намоздан чарчаса, тили билан Аллоҳни зикр эта бошларди. Тили зикрдан чарчаса, Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига далолат этган оятларни мушоҳада этар, унинг буюклиги ҳақида ўйлай бошларди.

Кейин ўз нафсига шундай дерди: – Дам олдинг, энди намозга қалқ! Бир муддат намоз ўқиганидан сўнг, ўз тилига шундай дерди:

– Дам олдинг, энди Аллоҳни зикр эт!

Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг кеча бўйича ҳоли шу эди.

***

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу хутба ўқирди. Эгнида битта абоси бор эди. Бир қисмига ўраниб, бир қисмини ерга тўшаб, ўтирарди.

Унинг бориб ичида ўтириш учун, дам олиш учун бир уйи йўқ эди. Шу боис, доим соя ахтарарди. Топса, бориб ўтирарди.

Маошининг ҳаммасини тарқатарди, ундан нон емас эди. Фақат ўз қўли билан меҳнат қилиб топган нонни ерди.

У хурмо япроғидан сават тўқиб сотарди. Бундан бириктирилган маблағга гўшт ёки балиқ оларди. Уларни пишириб, жуззом (мохов) касалига мубтало бўлган одамларга едирар эди. Ўзи ҳам улар билан бирга ерди.

***

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бир нарсани ташимоқчи бўлса, ўзи елкасига олиб таширди.

Унинг фақирларга хос кийими бор эди. Уни танимаган йўлда учратганлар уни масхара қилишарди. Улар бу зотнинг ўз шаҳрининг хокими, волийси эканини билмас эдилар.

Баъзан унинг волий эканини билиб, у елкасида ташиган юкни олмоқчи бўлишарди, аммо у шундай дерди:

 – Йўқ, кўтариб борадиган жойимгача ўзим олиб боришим керак. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўз турмушини шундай изоҳларди:

 – Сават тўқиш учун хурмо япроғини бир дирҳамдан оламан. Ундан тўқиганим саватни уч дирҳамдан сотаман. Бу уч дирҳамдан бирини япроқ учун тўлайман. Бир дирҳамини садақа сифатида тарқатаман. Бир дирҳами билан оиламни боқаман.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳеч кимдан садақа, закот олмас эди.

Қуллардан бири Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга:

 – Мени пул эвазига озод қил, – деди.

 – Бу пулни қаердан топмоқчисан?  – деб сўради Форсий розияллоҳу анҳу.

 – Пулим йўқ, – деди қул.

 – Ундай бўлса, қандай тўламоқчисан?

 – Тиланчилик қиламан, – деди қул.

– Сен менга одамлар ювинган кирли сувни ичирмоқчимисан? – деб сўради Салмон Форсий розияллоҳу анҳу.

***

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Эрон диёридан ислом динига илк кирганлардандир. Билол Ҳабаший эса Ҳабашистондан илк мусулмондир. Аллоҳ икковидан ҳам рози бўлсин.

Салмони Форсий розияллоҳу анҳуга бир форс хотинни чўри сифатида бердилар. У хотинга:

 – Намоз ўқи,  – деди.

 – Ўқимайман,  – деди хотин.

 – Ундай бўлса бир марта сажда қил,  – деди Форсий розияллоҳу анҳу.

 – Бу ҳам бўлмайди, – деди хотин.

Бу хусусда Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан “бу хотиннинг бир марта саждасидан нима ютасан?” деб сўрашди.

 – Агар сажда қилсайди, намоз ўқиган ҳисобланарди. Ислом динида намоздан насиби бўлмаган кимса, ислом динидан ҳеч бир насиби бўлмаган кимса кабидир, – деди Форсий розияллоҳу анҳу.

***

Бир куни Қурайш қавмидан биттаси Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ёнида ўз устунлиги ҳақда мақтана бошлади.Уни тинглаган Форсий ҳазратлари шундай деди:

 – Мен ҳам ўзимни танитай: мен сассиқ бир сувдан яратилдим, кейин ҳам сасиган бир жасадга айланаман, сўнгра амалларнинг торозида тортиладиган жойига бораман. Торозида яхшилик тарафи оғир босса, энг устун мен бўламан. Агар енгил келса, ёмонларнинг ёмони бўламан!

(2-қисм тугади. Давоми бор…)

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси
Абдусамад Тожиддинов

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …