Home / МАҚОЛАЛАР / АЛЛОҲНИНГ ҚЎРИҚХОНАСИГА ЯҚИНЛАШМАНГ!

АЛЛОҲНИНГ ҚЎРИҚХОНАСИГА ЯҚИНЛАШМАНГ!

Бир ҳадис шарҳи

Ислом одамлар ҳаёти гўзал, жамият тинч-осойишта бўлиши учун муайян чегараларни белгилаган. Бу чекловларни бузганлар атрофдагиларга салбий таъсир ўтказиши баробарида, ўзига ҳам зулм қилган бўлади. Чегарани бузмасликнинг энг яхши йўли эса унга яқин йўламасликдир. Бунинг таърифини Пайғамбар алайҳиссалом чиройли тарзда келтирганлар.

عَنْ عَامِرٍ قَالَ: سَمِعْتُ النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ يَقُولُ: سَمِعْتُ رَسُولَ الله صلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ يَقُولُ: «الْحَلَالُ بَيِّنٌ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشَبَّهَاتٌ لَا يَعْلَمُهَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ فَمَنِ اتَّقَى الْمُشَبَّهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ كَرَاعٍ يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يُوَاقِعَهُ. أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلَا إِنَّ حِمَى اللَّهِ فِي أَرْضِهِ مَحَارِمُهُ. أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ. أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ.«

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, (чорваси) унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди.

Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир” (Имом Бухорий ривояти).

Бу исломнинг мадори, шариатнинг асосларидан бўлган ҳадисдир. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақвога, шубҳали нарсалардан воз кечишга даъват этмоқдалар.

Ҳалол нарсалар зоҳир ва равшан, ҳаромлигига Китоб, суннат, ижмоъ ёки қиёсдан далил бўлмаган ҳар қандай нарса ҳалол эканини тушунтирганлар. Ҳаром ҳам аниқ, унга Китобдан, суннатдан ёки ижмодан далил мавжуд.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳалол ва ҳаром ўртасида учинчи тоифа, яъни шубҳали: жоиз ва ҳаром экани аниқ бўлмаган нарсалар борлигини ҳам айтиб ўтяптилар.

Киши шубҳали нарсалардан тийилмаса ва уларга журъат қилса, ўзини хавф остига қўйиб, ҳаромга қўл уришга яқин қолади. Дейлик, подшоҳ бир ҳудудни ўз чорвасини ўтлатиш учун тайин қилиб қўйди. Унинг рухсатисиз бошқалар бу қўриқхонага ўз мол-қўйини олиб кирмайди. Бунинг учун муқаррар жазо бор. Шубҳали нарсаларга яқинлашган киши мана шундай атрофида чўпонлик қилаётган одамга ўхшайди. Шубҳали нарсалар кичик гуноҳларга, кичик гуноҳлар эса катталарига етаклайди. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, ўзи учун покликни, дини нуқсондан, обрўси туҳмат ва бўҳтондан холи бўлишини таъминлайди.

Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинг! Ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бор. Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси ҳаром қилган нарсаларидир”, деяптилар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний айтади: “Бундай ўхшатишнинг нозик тафсилоти бор: араб подшоҳлари ўз чорваларининг махсус яйловларини қўриқлаб, у ерда мол-қўйини рухсатсиз ўтлатиб юрганларни қаттиқ жазо билан қўрқитган. Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қўриқхона мисолида маълум нарсани кўрсатяптилар. Бинобарин, жазо ва подшоҳнинг ғазабидан қўрққан киши бу қўриқхонадан узоқроқ юради. Аллоҳнинг қўриқхонаси У ҳаром қилган нарсалардир”.

Аллоҳ таолонинг қўрғони бандаларига ҳаром қилган гуноҳлардир, шунинг учун ким гуноҳ қилиб Унинг қўрғони кирса ҳалок бўлади, кимки унга шубҳали нарсаларга яқинлашаверса, хавф остида қолади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одам боласи ҳаракатларининг солиҳ ёки бузғунчи бўлишига олиб келадиган аъзони зикр қиляптиларки, у бутун вужуднинг асоси ҳисобланади. У қалбдир. Агар қалб солиҳ бўлса, унинг истак ва ҳаракатлари шунга монанд бўлади ва барча тана аъзолари солиҳ бўлади. Аллоҳга итоат этган ва Унинг ғазабидан сақланган киши, ҳаромдан тийилиб, ҳалолга қаноат қилади. Агар қалби бузуқ бўлса, унда ҳатти-ҳаракати, иши, истаклари бузғунчиликдан иборат бўлади ва ҳалолга қаноатланмай, Аллоҳ таолога осий бўлади, ғазабига дучор қиладиган нарсаларга шўнғийди.  Киши шунингдек қалбининг ҳавойи нафси ва ботилга мойиллигига қараб ҳаромга интилади.

Қалбларимизни ислоҳ қилишда Ўзи мададкор бўлсин. 

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …