Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОННИНГ РУКНЛАРИ

ИМОННИНГ РУКНЛАРИ

Инсон имон нима эканини билмай туриб, комил мўмин бўла олмайди. Бунинг учун эса аввал имон асосларини ўрганиш зарур. Имон асослари олтита бўлиб, улар қуйидагилардир:

  1. Аллоҳга;
  2. фаришталарига;
  3. китобларига;
  4. пайғамбарларига;
  5. қиёмат кунига;

6.тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига имон келтириш.

  Ушбу олти асосдан бештасига Аллоҳ таолонинг: “Эй имон келтирганлар, Аллоҳга ва Расулига ҳамда Расулига нозил қилган китобга ва олдин нозил қилган китобларга имон келтиринг! Ким Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва қиёмат кунига кофир бўлса, жуда чуқур адашибди”,[1] деган каломи далил бўлади. Олтинчисига “Аллоҳ сизларни ҳам сизлар қилаётган амалларни ҳам яратди”,[2](Эй Муҳаммад) айтинг: Аллоҳ ҳамма нарсанинг яратувчисидир”,[3] “Сизлар Аллоҳ хоҳласагина хоҳлай оласиз”,[4] деган сўзлари далил бўлади.

Қуръони каримда барча нарсалар Аллоҳнинг хоҳишига нисбат берилган оятлар жуда кўп. Имоннинг аввалги беш рукни ҳам қазо-ю қадар Аллоҳдан эканини маъно жиҳатидан ўз ичига олган. Чунки барча ишлар Ҳақ таолодан эканига имон келтирмай туриб, Аллоҳга имон келтириш ҳақиқий ҳисобланмайди.  Бирор киши Аллоҳга ишонаман, деса-ю, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Ундан эканига ишонмаса, мўмин бўлолмайди.  

Аллоҳ таоло келажакда бўладиган нарсаларнинг ҳаммасини олдиндан билади. Ким: “Аллоҳ таоло келажакдаги нарсаларни азалда билмаган, уларни мавжуд бўлгандан кейин билган”, деса, Аллоҳни билмаслик билан сифатлагани учун кофир бўлади. Аллоҳ таоло келажакда бўладиган нарсаларнинг ҳаммасини азалда билган ва билганини тасдиқлаш учун уларни Ўзи билгандек мавжуд бўлишини ирода қилган. Яъни, Аллоҳ таоло кимга неъмат ва кимга мусибат беришни ҳам, бандалар қиладиган ишларни ҳам олдиндан билган, ирода қилган ва Лавҳул маҳфузда битиб қўйган. Ҳамма нарса ўз вақти келганда Унинг билгани, ирода қилгани ва битиб қўйганига мувофиқ тарзда юзага чиқади. Мана шуни тақдир дейилади.

Ҳазрати Умардан ривоят қилинган машҳур ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менга имон ҳақида хабар беринг!” деганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига ва тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига имон келтирмоқ”, деб жавоб берганлар. Мана шу ҳадис ҳам имоннинг рукни олтита эканига далил бўлади.

Баъзи китобларда “ўлимдан сўнг қайта тирилишга” деган жумла ҳам киритилган бўлиб, имоннинг рукни еттита, дейилади. Аммо қиёмат кунига имон келтириш билан қайта тирилишга имон келтириш аслида битта рукндир. Чунки қайта тирилиш охиратда рўй берадиган ҳодисалар жумласидан бўлиб, қиёмат кунига имон келтирган киши ўз-ўзидан қайта тирилишга ҳам иймон келтирган ҳисобланади. Имом Абу Ҳанифанинг қаламига  мансуб “Ал-Фиқҳул акбар” китобининг баъзи нусхаларида “қиёмат кунига” ўрнига “ўлимдан сўнг қайта тирилишга” деган ибора қўллангани ҳам юқоридаги фикримизга далил бўлади.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, аҳли сунна вал жамоа олимларининг наздида мазкур олти рукндан бирортасини инкор этган киши мўмин саналмайди. Балоғатга етган ҳар қандай инсон шу олти нарсага иймон келтирганини тили билан айтиб, дили билан тасдиқлаши фарздир. Чунки аксарият ҳанафий олимларнинг наздида имон иқрор ва тасдиқдан иборат. Улар тили билан иқрор бўлиб, дили билан тасдиқламаган одамни ҳам, дили билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлмаган одамни ҳам мўмин ҳисобламаган.                                          

[1] Нисо сураси, 136-оят
[2] Соффот сураси, 96-оят
[3] Раъд сураси, 16-оят
[4] Таквир сураси, 26-оят
Обид  ХУРСАНДОВ, 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …