Тенглик ҳуқуқ ва мажбуриятлар борасида ҳамманинг тўлалигича баробар бўлишидир. Эркак ва аёлга келсак, Аллоҳ таоло уларни яратган табиий фарқлар бунда эътиборга олинмайди. Зеро, илоҳий адолат тақозосига кўра, эркак ва аёлдан ҳар бири ўзи учун жорий қилинган адолатли қонунлар орқали бир-бирини тўлдириб туриши, яъни ҳар ким жамиятда ўзи учун белгилаб қўйилган жойда бўлиши лозим. Бири иккинчисининг ўрнини олиб, ўзининг ўрни бўш қолмаслиги керак. Аллоҳ таоло: “Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир” (Нисо сураси, 32-оят), дейди. Ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари бўлгани каби Аллоҳ таоло буюрганидек мукаммал адо этиши шарт бўлган мажбуриятлари ҳам бор.
Исломда эркак ва аёл ўртасидаги тенглик қуйидагиларда намоён бўлади:
- Ҳимоя ва хавфсизликда.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратган. Бунда унинг жинси, ирқи, ранги ёки миллатига қараб эмас, балки башар фарзанди экани эътиборга олинган, холос. Ҳақ таоло: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят), деган. Эътибор бериладиган бўлса, Аллоҳ таоло бу оятда эркак ёки аёлни алоҳида-алоҳида тилга олмаган. У Зот икки жинс вакилларининг хавфсизлик ва барқарорликда ҳаёт кечиришини хоҳлайди. Шу боис Ўзининг шариати орқали уларнинг қони ноҳақ тўкилиши, шаъни, обрўси камситилишини тақиқлайди. Аллоҳ таоло белгилаб қўйган мана шу чегарага тажовуз қилган киши золим, золим бўлганда ҳам, аввало ўзига ўзи зулм қилган ҳисобланади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва сизнинг орангизда ҳам ҳаром қилиб белгиладим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!” (Имом Муслим ривояти) деган.
- Дунё ва охиратда бериладиган жазода.
Ҳа, ислом дини дунё ва охиратда бериладиган жазо борасида эркак ва аёлга бирдек қарайди. Шариат амалларини бажариш эркак ёки аёлнинг зиммасига хос қилиб юкланмаган. Бу хусусда Аллоҳ таоло: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят), деган. Демак, шаръий амаллар масаласида аёл ҳам худди эркак сингари масъулдир. Бунда камчиликка йўл қўйган аёл худди шу ишни қилган эркак қатори ҳисоб-китоб қилинади, ажри ундан кўп ёки кам бўлмайди. Масалан, аёл киши бировни ўлдириб қўйса, Аллоҳ таоло: “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй, ақл эгалари! Шояд (бу билан қотилликдан) сақлансангиз” (Бақара сураси, 179-оят), деб айтганидек, унга нисбатан ҳам шариат ҳукми жорий қилинади.
- Ибодат ва солиҳ амалларда.
Солиҳ амаллар эркак ва аёлга бирдек боғлиқ бўлган муҳим вазифа ҳисобланади. Эндигина балоғат ёшига етган ўғил болага таълим берилгани каби қизга ҳам унинг валийси намоз, рўза, закот, ҳаж ва шу каби ибодатларни ўргатиши лозим.
Одамларни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш эркакларга қандай фарз қилинган бўлса, аёллар учун ҳам шундайдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 71-оят), деган. Барча уламолар таъкидлаганки, бирор мусулмон юртга душман ҳужум қиладиган бўлса, унинг ҳимояси учун курашга чиқиш эркаклар зиммасига фарз бўлганидек, аёллар учун ҳам фарзга айланади. Бундай вазиятда эрининг изнини олиши шарт эмас, чунки фарзи айн, яъни индивидуал мажбурият эрнинг ҳаққидан устун туради.
- Бахтли ҳаёт кечириш учун курашишда.
Ислом дини аёл киши бахтли ҳаётга эришиши учун унинг ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб қўйган. Аллоҳ таоло ато этган бу ҳуқуқдан уни маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. У ҳам эркаклар сингари ўзининг ҳаёти учун меҳнат қилиш ва таълим олиш ҳуқуқига эга. Уй-жойли бўлиш, кийиниш, еб-ичиш ва бошқа масалаларда ҳам унинг ўз ҳуқуқлари бор. Шунингдек, оила қуришда қайси эркакни ўзига жуфти ҳалол қилиб танлашга ҳаққи борки, унинг розилигисиз турмушга бериш шаръан тақиқланган. Ижтимоий ҳимоя борасида ҳам унинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари бор. Зеро, ислом эркакка рухсат берган нарсаларни унга тақиқлаб қўймаган.
- Таълим олишда.
Ислом дини таълим олиш масаласида аёлнинг ҳам ҳаққи борлигини таъкидлайди. Уни олди-сотди қилинадиган савдо моли сифатида кўрадиган эски урф-одатларни инкор этади. Мана, Ойша розияллоҳу анҳо онамиз, бутун уммат ундан илм ўрганди, кўпгина фиқҳий масалаларда унинг ижтиҳодига таяниб иш кўрилди. Муфассирлар англаб олиш мушкул бўлган айрим оятларни шарҳлашда унинг тушунчасига суянди. У арабларнинг насаби, шеърияти ва бошқалардан яхшигина хабардор бўлган. Ислом ўз вақтида ҳатто чўри аёлларга ҳам таълим беришни тарғиб қилган.
- Сиёсий ҳаётдаги иштирокида.
Дарҳақиқат, ислом аёлнинг ижтимоий-сиёсий ролини қадрлайди, бу жараёнларда уни ҳам бевосита иштирокчи сифатида кўради. Пайғамбар алайҳиссалом билан аҳдлашган эркак саҳобалар қатори аёллар ҳам у зот билан аҳдлашганида, бу нарса яна ҳам ойдинлашган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга: “Эй Пайғамбар! Қачонки, Сизнинг олдингизга мўмина аёллар келиб, Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, ўз болаларини ўлдирмасликка, қўл ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмасликка ҳамда бирор яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликка ҳузурингизда қасамёд этсалар, Сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ (ўз бандаларига нисбатан) кечиримли ва раҳмлидир” (Мумтаҳана сураси, 12-оят), деб буюрган. Бу аҳдлашув аёл киши ўз хоҳиш-иродаси ва мутлақ эркидан келиб чиқиб иштирок этган ижтимоий-сиёсий ҳодисадир.
- Мажбуриятларни бажаришда.
Исломнинг адолат тарозисида эркаклар сингари аёлларга ҳам ўз зиммасидаги мажбуриятларни адо этиш талаби қўйилган. Бинобарин, эркакларга қандай амаллар буюрилган бўлса, уларга ҳам тааллуқлидир. Бу Аллоҳ таолонинг: “Кимки бирор ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробаридагина жазо берилур. Эркакми, аёлми – кимки мўминлик ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур” (Ғофир сураси, 40-оят), деган сўзларида ифодаланганини кўришимиз мумкин. Демак, У эркак ва аёлга тенг мурожаат қилган. Аммо дунёвий мажбуриятлар масаласида эркак ва аёл ўртасида фарқ бор. Масалан, эркак аёлни нафақа билан таъминлаб туриши лозим. Ўша аёл хотини бўладими ёки қизи, онаси бўладими ёки опа-синглиси – фарқи йўқ. Аёлнинг жамиятдаги вазифаси – ўз уйига, оиласи ва эрига эътиборли бўлиш, дин, юрт ва халқ хизматини ўз зиммасига оладиган солиҳ зурриётлар дунёга келтириш. Бундан аён бўладики, аслида мажбуриятлар икки жинсга ҳам бирдек, аммо ҳар бирининг яратилиш табиатидан келиб чиқиб, баъзан бир-биридан фарқ қилади.
- Чиройли турмуш кечиришда.
Аллоҳ таоло эркак ва аёлга чиройли турмуш кечиришни буюрган. Чунки оилавий ҳаёт эр ва хотиндан ҳар бири ўз вазифасини мукаммал адо этган тақдирдагина саодатли бўлади. Шунинг учун аёлга эри билан гўзал муомалада бўлиш, унинг мол-давлатини исроф қилмаслик, унга ёқадиган сифатлар билан кўриниш талаби қўйилган.
Ўз навбатида эрга ҳам аёли билан гўзал муомала қилиш, унга тоқати етмайдиган ишларни буюрмаслик, дардлари ва ҳасратларига эътиборли бўлиш буюрилган. Оила ишларида аёл ҳам ўз фикрига эгалиги инобатга олинган ҳолда, у билан бамаслаҳат иш олиб боришга чақирилган. Мабодо аёлида ўзига ёқмайдиган сифат ёки ҳаракатлар кузатиладиган бўлса, талоғини беришга шошилмаслик, балки сабр қилиб, имкон қадар оқилона иш тутиш тавсия қилинган.
Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, исломда аёл ҳам худди эркак сингари ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга экан. Уни бекор қилиш ёки чеклашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунингдек, мажбуриятлар борасида ҳам, –аёлнинг табиий жиҳатлари эътиборга олинган ҳолда, албатта, – эркак ва аёл ўртасида фарқ йўқ. Яъни иккиси ҳам яхшилик қилса, савоб, ёмонлик қилса, жазо олиши белгилаб қўйилган. Буларнинг барчаси ислом инсонпарварлик, адолат ва тенг ҳуқуқлилик дини эканидан далолатдир. Чунки унинг асосий манбаси бўлмиш Қуръони каримда инсон зоти мукаррам қилиб қўйилгани таъкидланган.