Ҳоким айтганлар: «Бизга Муҳаммад ибн Холид Муттаввиъий, у кишига Мусаббиҳ ибн Саъид: “Муҳаммад ибн Исмоил Рамазон ойида ҳар кун кундузи бир марта Қуръонни хатм қилардилар. Таровеҳ намозини ўқиб бўлгач, ҳар уч кунда кечқурун Қуръонни туширар эдилар”, – деганлар».
Бакр ибн Мунир айтганлар: «Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг: “Аллоҳ билан юзма-юз бўлганда, У мени ҳисоб-китоб қилмайди, деган умиддаман. Чунки мен бирор кишини ғийбат қилмаганман”, – деганларини эшитдим».
Имом Бухорий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) тўғри айтганлар. Кимки Бухорийнинг жарҳу таъдилдаги сўзларини эшитса, у кишининг одамларга нисбатан сўз ишлатишда нечоғли парҳезкор, инсофли эканликларини биларди. Бир кишининг ҳадисини заиф санасалар, у ҳақда кўпинча: “Бу мункар ҳадис. Олимлар бу тўғрида гапирмаганлар, бу хусусда ҳар хил фикр бор” қабилидаги латиф ва нозик ибораларни ишлатганлар. Жуда оз ўринларда “Фалончи ёлғончи”, “Фалончи ҳадис тўқир эди” деган жумлаларни қўллар эдилар. Ҳатто Бухорий: “Фалончининг ҳадисида иккиланиш бор”, – десам, одамлар уни муттаҳам ҳисоблашар эди”, – деганлар. “Мен бирор кишини ғийбат қилмаганман”, деган сўзларидан ҳам маълумки, у кишининг тақволари юқори эди.