Home / АЛЛОМАЛАР / БУХОРОДАГИ ИЛК ЗУЛЛИСОНАЙН ИЖОДКОР

БУХОРОДАГИ ИЛК ЗУЛЛИСОНАЙН ИЖОДКОР

Самарқанд XIV-XV асрларда нафақат диний-дунёвий билимлар ривожланган марказ, балки ўзига хос адабий муҳитга эга маскан бўлган. Темурийлар даврида Исомий, Бисотий, Камол Хўжандий, Хожа Исмат Бухорий, Барандақ Хўжандий каби шоирлар Самарқандда яшаган ва ижод қилган. Улар назм, наср, ҳажв жанрлари ривожига катта таъсир кўрсатган. Ушбу мақолада ўша аждодларимиздан бири – Халил Султон ва Мирзо Улуғбек даврларида яшаган, қасида, рубоий ва ғазаллари билан машҳур бўлган мутасаввиф, шоир Хожа Исмат Бухорий ҳаёти ва илмий мероси ҳақида батафсил маълумот берилади.

Ижодкор аллома 1365 йили Бухорода таваллуд топган. Насаби Жаъфар ибн Абу Толиб авлодидан бўлган. Тўлиқ исми Хожа Фахриддин Исматуллоҳ ибн Хожа Масъуд Бухорийдир. Алломани Исматуллоҳ, Хожа Исмат ва Хожа Фахриддин Исматуллоҳ номлари билан аташган. У дастлабки таълимни отаси Хожа Масъуд ва шаҳардаги олимлардан олган.

У катта илм соҳиби бўлса-да, асосан шеърият билан машғул бўлган. Амир Темурнинг вафоти (1405) дан кейин Самарқанд тахтига ўтирган Мирзо Носируддин Халил Султон (Темурнинг набираси, Мироншоҳнинг ўғли, 1405-1409 йиллари Самарқандда ҳукмронлик қилган)[1] нинг даъвати билан Хожа Исмат Бухорий саройга келган. Ҳукмдор ҳузурида олиму фозиллар, санъаткор ва шоирлар ижод қилар, ўзи ҳам шеърият билан шуғулланар эди. Хожа Исмат Бухорий 1409 йил Халил Султон фитна ва хиёнат туфайли ишончли амирлар томонидан асир олинганидан ташвишланиб, Самарқандни тарк этган.

Шу йили Халил Султон амакиси Шоҳруҳ Мирзонинг фармони билан Рай шаҳрига ҳоким этиб тайинлангач, аллома қайта султоннинг хизматига қирган. Кейинчалик, Мирзо Улуғбек даврида унинг таклифи билан Исмат Бухорий яна Самарқандга келган. Саройда уни шоир, олим, фазилатли инсон сифатида эъзозлашган. Бу ерда бир муддат яшаганидан сўнг, узлатда ҳаёт кечиришни афзал топиб, Бухорога қайтиб кетган.

Алишер Навоий “Мажолисун нафоис” асарининг еттинчи мажлисида Халил Султон ва Хожа Исмат Бухорийга алоҳида мақолат бағишлаб, иккиси соҳиби девон бўлганини қайд қилган. “Хожа Исмат Бухорий Мовароуннаҳр бузургзодаларидандур. Зоҳир илмин такмил қилғондур. Ғоят хуштабълиғидан ўзин шеърға мансуб қилиб девони машҳур бўлди”[2], деб таъриф берган. Шунингдек, Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкиратуш шуаро”, Хондамир “Ҳабибус сияр” ва бошқа шоирларнинг асарларида Исмат Бухорий ҳаётига оид маълумотлар келтирилган.

Аллома назмда Амир Ҳусрав Деҳлавийнинг шеър услубини давом эттирган бўлиб, араб, форс, турк тилларда ижод қилган. У кўпроқ қасида ғазал, маснавий ва рубоий жанрларида асарлар яратган. Бухорода биринчи бўлиб, зуллисонайнлик (икки тил соҳиби, одатда икки тилда асарлар ёзган ижодкорлар  шундай аталган) анъанасини бошлаб берган ва ҳажв жанри ривожига улкан ҳисса қўшган. Аллома ўз даврининг машҳур шоирлари Хаёлий Бухорий, Бисотий Самарқандий, Рустами Ҳуриёний Бухорийларга устозлик қилган.

Хожа Исмат Бухорий 1436 йил вафот этган. Унинг қабри бугунги кунда зиёрат масканга айланган.

Алломанинг шеърлари тилининг равонлиги, таъсирчанлиги, фалсафий фикрлар ва тасвирий воситаларга бойлиги билан шуҳрат қозонган.[3] Хожа Исмат Бухорийнинг саккиз минг байтли девони ва туркийда ёзилган 1035 байтли “Иброҳим Адҳам” асари бизнинг давримизгача етиб келган.

Шоир девонининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари Тошкент, Бухоро, Душанба, Филадельфия, Лондон, Калькутта, Тўпқопи сарой-музейи ва Истанбул университети кутубхоналарида сақланмоқда. Хожа Исмат Бухорийнинг девони 1946 йили теҳронлик адабиётшунос олим Аҳмад Каримий томонидан илк бор тадқиқ қилиниб, Теҳронда нашр қилинган.

[1] https://ziyouz.uz/jahon-sheriyati/fors-tojik-sheriyati/xoja-ismat-buxoriy
[2] Алишер Навоий “Мажолис уннафоис” Б-6
[3] https://qomus.info/encyclopedia/cat-i/ismat-buxoriy-uz/
 Ирода ДАУРБЕКОВА, Дилдора ҲАЛИМОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги
маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …