Имом Бухорий таваллудининг 1250 йиллигига
Имом Бухорий 810 (194) йил 20 июль куни Бухорода таваллуд топган. Бутун умрини илм-маърифатга бахш этган ва ҳаётини асосан илм мақсадидаги сафарларда ўтказган. Унинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” инсоният томонидан яратилган китоблар орасида биринчи, Аллоҳнинг Каломидан кейин иккинчи исломий манба сифатида эътироф этилган.
Аллома ўз маноқибларида барча асарларини сафарларда ёзганини, бир манзилда бошлаб иккинчисида тугатганини таъкидлаган. Ҳар бирини бир неча марта ёзиб, қайта-қайта таҳрир қилиб, ўша давр алломалари кўригидан ўтказиб, кейин тақдим этганини ҳам маълум қилган.
Тарихдан маълумки, нодир асарлар тасниф этилишига кўпинча муайян омиллар сабаб бўлган. Имом Бухорийни ҳам “Саҳиҳ”га ажиб ибратли воқеа илҳомлантирган. Иброҳим ибн Маъқал Насафий ёзади: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан эшитдим, у: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ҳузурида эдик. Шайхимиз: “Биронтангиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларини мухтасар ҳолда китоб қилсангиз”, деди. Бу таклиф менинг қалбимдан жой олди ва “Жомиъ” китобимни ёза бошладим”, деди” [1].
Ибн Ҳажар Асқалоний “Ҳадйус Сорий” асарида Имом Бухорийдан ишончли санад билан Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис томонидан айтилган бундай ривоятни келтиради: “Тушимда Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрдим, у киши гўёки уйқуда эдилар. Мен олдиларида турибман, қўлимда елпиғич, у билан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак юзларидан пашшаларни ҳайдаяпман. Таъбирчилардан бу тушнинг таъбирини сўрадим. Улар: “Сиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатида пайдо бўлган ёлғонларни кетказасиз”, деди. Бу менга “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”ни тасниф этишимга сабаб бўлди”, деди [2].
Демак, Имом Бухорийнинг ўзи айтган бу икки сабаб марвлик буюк муҳаддис, муснид имом, ҳофиз Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг таклифи ва Аллоҳ таолонинг илоҳий рағбати бўлмиш тушдир. Мана шу икки омил буюк асар тасниф этилиши ва у Қуръони каримдан кейинги мақомда туришига ишорат бўлган. Шундан сўнг Имом Бухорий шоҳ асарини бошлаб (833/217), 16 йилда ёзиб битиради (849/233). Яъни, 23 ёшида тўплашга киришиб, 39 ёшида якунига етказади. Бу улуғ иш Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати билан ер юзида фақат Имом Бухорийга насиб этган.
Абу Исҳоқ Занжоний бундай дейди: “Абдурраҳмон ибн Расойин Бухорийдан эшитдим, у Имом Бухорийдан бундай эшитганини айтиб берди: “«Саҳиҳ» китобимни ўн олти йилда ёздим. Китобдаги ривоятларни олти юз минг ҳадис орасидан саралаб олдим ва уни Аллоҳ таоло билан ўзим ўртамизда ҳужжат қилдим” [3]. Буюк муҳаддиснинг сўзлари ўз тасдиғини топди: бу башоратга бутун ислом уламолари иттифоқ бўлди. Ҳадис борасида кўплаб асарлар тасниф этилган бўлса-да, дунё “Саҳиҳул Бухорий”нинг мислини бошқа кўрмади.
Тўпламнинг номланиши хусусида муҳаддис ва тарихчиларнинг бир неча хил қарашлари мавжуд. Энг машҳур номи “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” бўлиб, тарихда ҳам, ҳозирги кунда ҳам асосан шу ном юритиб келинади. Тўлиқ номи – “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умури Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳ” (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва ҳаётлари ҳақида қисқа, саҳиҳ, санади узлуксиз, барча ислом аҳкомларини жамловчи) [4]. Кўплаб муҳаддис ва алломалар шуни таъкидлайди. Жумладан, Абу Наср Калабозий “Рижолу Саҳиҳил Бухорий”, Абдухолиқ ибн Ғолиб ибн Атиййа “Фиҳрист ибн Атиййа”, Ҳофиз ибн Хайр Ишбилий “Фиҳрист мо раво ан шайхиҳ”, Ҳофиз Бадруддин Айний “Умдатул Қорий” асарларида айни шу номни тасдиқлаб келтирган [5].
“Саҳиҳул Бухорий” асарининг бундай номланишига қуйидаги сабаблар кўрсатилади:
“Ал-Жомиъ”. Чунки, асар ислом илмларидан бўлган имон, тавҳид, ибодат ва муомалат ҳукмлари, жиҳод ва ғозийлик, тарих, фазоил, маноқиб, тафсир, никоҳ, одоб-ахлоқ, зуҳд каби масалаларни қамраб олган. Ҳадис илмида бундай масалаларни ўз ичига олган асар “жомиъ” деб номланади.
“Ал-Муснад”. Бунинг боиси шуки, асарда ҳадислар муттасил санад билан келган, ҳар бир ҳадис марфуъ, яъни санади Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб тақалади. Имом Бухорийдан олдин ёзилган ҳадис тўпламларига саҳиҳлар қаторида заиф, мунқатиъ (бир жойда ровий тушиб қолган) ва муъзал (бир жойда икки ровий тушиб қолган) каби ҳадислар ҳам киритилган. “Саҳиҳул Бухорий” бундай ривоятлар учрамаслиги билан муҳим аҳамиятга эга.
“Ас-Саҳиҳ”. Зеро, асарда фақат саҳиҳ ҳадислар жамланган. Бу билан Имом Бухорий олдинги асарлардан фарқли бўлган йўналишга асос солган. Биринчидан, юқорида таъкидланганидек, аввалги тўпламларда саҳиҳ, ҳасан, заиф, мавзу ҳадислар бирга жамланган. Иккинчидан, Имом Бухорий ҳадисларни фиқҳий мавзуси, тури, саҳиҳлигига қараб таснифлаш методига асос солган.
“Ал-Мухтасар”. Имом Бухорий ўзи ёд билган юз минглаб саҳиҳ ҳадислар орасидан 7275 тасини саралаб олган. Такрор ҳадислар ҳам мавжудлиги инобатга олинса, бу миқдор яна ҳам камаяди. Муаллиф китоб ҳажми катта бўлиб кетишидан сақланган, ҳадисларнинг нодир жиҳатларига алоҳида эътибор берган.
“…мин умури Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айёмиҳ”. Бу сўзлар асардаги ҳадислар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сўзлари, амаллари, саҳобаларнинг муайян ишларини тасдиқлашлари ёки инкор этмаганликлари, у зотнинг шамоиллари, тарихлари, чиройли хулқ-одобларини қамраб олганини англатади [6].
Амр ибн Али Фаллоснинг мана бу сўзларидан Имом Бухорий ҳадис илмида бежиз олий мақомни эгалламаганининг тасдиғини кўриш мумкин: “Муҳаммад ибн Исмоил билмаган ҳадис ҳадис эмасдир” [7]. Бу ҳаётий ҳақиқат бутун дунё муҳаддису уламолари томонидан эътироф этилган.
Ислом тарихида буюк мақом кашф этган муҳаддиснинг шоҳ асари асрлар оша ўрганилиб келмоқда. Ҳақли равишда ислом таълимотида ундан Қуръони каримдан кейинги манба сифатида фойдаланилади. Бу Имом Бухорийнинг илм йўлида чеккан тинимсиз машаққатлари, қирқ йил мобайнида саҳрою биёбон, шаҳару қишлоқларни кезиб, қийинчиликларга сабр қилгани, туну кун давом этган илмий меҳнати ва чеккан ижодий изтироблари, соф эътиқоди, беназир тақвоси ва холис амалларининг буюк самарасидир. Аллома бу асарни ёзиб, ислом илми хазинасини мислсиз даражада бойитиши ва ўзини тарихнинг олтин саҳифасига муҳрлаши орқали фақат орзу-ҳавас ва хомхаёл билан улуғ мартабаларга эришиб бўлмаслигини исботлади. Буюклик мақоми илм-маърифат ва холис хизмат билан қўлга киритилишини ўзининг ибратли ҳаёти билан кўрсатиб берди.