Истиқлолнинг ўтган даври мобайнида юртимизда миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, аждодларимизнинг муборак номларини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва ижоди, бой тарихий илмий меросини ўрганиш ҳамда тадқиқ этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, бу борадаги эзгу ишлар сўнгги йилда янада кенг қулоч ёйди. Самарқандда, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида ташкил этилган ул зотнинг муборак номлари билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази фикримизнинг яққол далилидир.
Айни кунларда марказга нафақат юртимизнинг турли гўшаларидан, балки хорижий давлатлардан ҳам сайёҳлар келиши кун сайин ортиб бормоқда. Саёҳатчилар бу ерда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиш асносида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қад ростлаган халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабини катта қизиқиш билан томоша қилишаётир. Айтиш мумкинки, қисқа муддат ичида мазкур илмий-тадқиқот маркази ёшларнинг маънавий озуқа оладиган муҳим масканларидан бирига айланиб улгурди.
Давлатимиз Раҳбари жорий йилнинг 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифлари доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, бу ерда фаолият кўрсатаётган илмий ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Президент ташрифидан кейинги ўтган қисқа вақт мобайнида марказга 3 мингдан зиёд маҳаллий ва хорижий сайёҳлар қадам ранжида қилишди. Уларнинг 120 нафарини хорижий сайёҳлар ташкил қилса, 1400 нафарини кекса ёшдаги республикамиз фуқаролари, қолган қисмини эса ёшлар ташкил этади.
Бугунги кунда марказ ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш ва халқимизни бундан хабардор этиш мақсадида алоҳида режа асосида республикамизнинг барча таълим муассасалари ва маҳалллаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси остида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилиб келинмоқда. Мазкур тадбирларда нафақат ислом дини, балки, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва улар томонидан ёзиб қолдирилган бой илмий-маънавий мерос ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда дейди Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси 12 февраль куни Самарқанд давлат чет тиллари институтининг Таржима назарияси ва амалиёти факультети Араб тили йўналиши ўқитувчи ва талабалари иштирокида ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишди. Шундан сўнг, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Ҳадис илми” мактабида бўлиб, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, юртимизнинг моҳир уста-ҳунармандларининг миллий меъморчилик намуналари, мусаввирлик ва хаттотлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Бундан ташқари, марказнинг музей фондидан жой олган Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобининг қадимий қўлёзма нусхаси ва буюк муҳаддиснинг айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб асарларининг нусхалари билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг марказнинг конференция залида “Жаҳолатга қарши –маърифат” ғояси остида “Юксак маънавиятли авлод ҳеч қачон йўлдан адашмайди” мавзусида давра суҳбати ҳамда марказ илмий ходимлари томонидан нашр этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Давра суҳбатида марказ директорининг илмий-тадқиқотлар бўйича ўринбосари Шукурилло Умаров сўзга чиқиб, марказнинг ташкил этилиши, фаолияти, вазифа ва функциялари тўғрисида маълумот бериб, ўтган давр давомида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишлар, шунингдек, марказ ходимлари томонидан илмий-тадқиқот, таржимонлик ва тарғибот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳамда бугунги кунда нашрга тайёрланаётган илмий рисола ва китоблар ҳақида маълумотлар берди.
Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ва Марказ олдига қўйилган вазифалар ижроси бўйича илмий ходимларимиз томонидан ўтган қисқа давр мобайнида “Имом Бухорий таърифи”, “Одоблар хазинаси”, “Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси”, “Абдулҳамид Кеший ҳаёти ва ижоди”, “Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон”, “ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” каби аллома ва мутафаккирларимиз ҳаёти ва илмий мероси ҳамда диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм, миссионерлик, сохта тариқатлар ва жамоаларнинг мақсадлари, ғоявий-ақидавий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият услубларини фош қилиш ва уларга қарши курашишга қаратилган йигирмага яқин китоблар нашр қилинди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда Имом Бухорий бобомизнинг учта – “Биррул волидайн” (Ота-онага яхшилик қилиш), “Холқ афъол ал-ибод” (Бандалар феълларининг яратилиши) ва “Сулосиётул Бухорий” (“Саҳиҳул Бухорий”асаридаги санади уч ровийли ҳадислар) китоблари таржима қилиниб, таҳрир ишлари устида иш олиб борилмоқда.
Шунингдек, илмий ходимларимиз томонидан тайёрланган “Имом Бухорий ҳаёти”, “Муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий мажмуаси” китоб-альбоми, “Алоуддин Усмандий Самарқандий ҳаёти ва илмий мероси”, Иброҳим Саффор Бухорий ҳаёти ва илмий мероси” ва бошқа шу каби китоблар нашрга тайёрланмоқда. Тарғибот ва ташвиқот тадбирларида фойдаланиш мақсадида эса турли ёт ғояларга қарши маърифий кураш олиб боришга мўлжалланган брошюра ва буклетлар тайёрланмоқда.
Албатта, мазкур асар ва брошюралар билан халқимиз, айниқса, ёшларимиз яқиндан танишса, ўйлаймизки, улар ҳеч қачон тўғри йўлдан адашишмайди ва бугунги кундаги ахборот хуружларига нисбатан уларда соғлом мафкуравий иммунитет ҳосил бўлади, дейди Нашрлар бўлими бошлиғи Отабек Муҳаммадиев
Албатта, бу каби тадбирлар ёш авлод қалбида аждодларимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиром ҳиссини шаклланишига, илмий меросини асраб-авайлаш ва уларга муносиб авлод бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этади.