Бир ҳадис шарҳи
Ислом барча амалларда ўртача бўлишни тарғиб қилади. Киши бирор бир ибодатни адо этиш асносида унга чуқур кетиб қолса, ўзини ҳам бошқани ҳам адаштириб юбориши мумкин. Шу сабабли барча амр ва қайтаришларда инсоннинг ҳолатига ҳам қаралади. Хусусан, беморга бир қанча енгилликлар берилади.
Ҳақ таоло бундай дейди: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф қилмас”[1]. Бундан маълум бўладики банда амалларни тоқати етадиган даражада бажариши керак экан. Ўзи ва бошқаларга дин амалларини оғир эмас, балки енгил қилиб кўрсатиши лозим экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Амалларда) тўғри ва ўртача бўлинг. Амалларингизнинг энг яхшиси намоздир. Мўмин кишигина таҳорат қоидаларига риоя қилади”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Инсон ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам мўминлик бурчини тўлиқ адо эта олмайди. Шунинг учун у Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умид қилган ҳолда имкони етганича ибодат қилиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ишларнинг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Эндигина намоз, рўза каби ибодатларни адо этишга киришаётган киши унинг фарз, вожиб, суннатлари ҳақида етарлича билимга эга бўлиши лозим. Шулардан сўнг қўшимча нафл ибодатларни бажара бошлаши мумкин. Баъзилар ҳали дин арконлари ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмай туриб бирданига ҳамма амалларни бажаришга киришади. Натижада уларга қийиндай туюлиб, бироз вақтдан сўнг табиатида ҳафсаласизлик пайдо бўлади, имони сустлашиб, амалларни тарк қилади. Бунинг оқибати яхши эмас!
Ҳадиснинг иккинчи қисмида: “Амалларингизнинг энг яхшиси намоздир”, дейилмоқда. Намоз улуғ ибодат эканига шак-шубҳа йўқ. Буни оят ва ҳадисларда, фиқҳ китобларининг энг катта қисмида айнан намоз ҳақида сўз боришидан ҳам билиш мумкин. Қуръонда “намоз” сўзи (“ас-солат”) кўринишида 67 марта зикр қилинган. Қиёматда ҳар бир банда аввал намозидан сўралади. Чунки, у диннинг устунидир. Намозни ўз вақтида адо қилган инсоннинг икки дунёси обод бўлади. Шу билан бирга, у инсонни турли фаҳш ишлардан, бошқа гуноҳлардан қайтаради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилади:
“Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур”[2].
Шу ўринда бир савол пайдо бўлиши табиий. Хўш, оятга мувофиқ намоз инсонни турли фаҳш ишлардан қайтарса, нима учун уни канда қилмай юрган одамлар баъзи турли гуноҳ амаллардан сақланмаяпти? Бунинг сабаби шуки, у намозни чин қалбдан тақво билан ўқимайди. Ўз вақтида адо қилмайди, руку ва саждаларини тўғри адо этмайди. Намоз ҳақида яхшироқ илмга ҳам эга бўлмайди.
Ҳадиснинг охирида: “Мўмин кишигина таҳорат қоидаларига риоя қилади”, дейилмоқда. Чунки, Аллоҳ таоло бандаларига намоздан олдин таҳорат олишни буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки гўзал таҳорат олса, унинг гуноҳлари жасадидан, ҳатто тирноқларининг остидан чиқиб кетади”, деганлар (Муслим ривояти). Инсон баъзан билиб-билмасдан тана аъзолари билан гуноҳ содир этади. Дейлик, кўз билан номаҳрамга қараши, тил билан ғийбат қилиши, оғиз билан ҳаром луқма истеъмол қилиб қўйиши мумкин. Таҳоратнинг фарзларидан бири эса юз ювишдир. Шу биргина фарзни ихлос билан адо этсак, ундаги кир ва нопок нарсалар билан бирга, истиғфор ва тавба орқали содир этилган гуноҳлар кечирилар экан.
Юқоридаги маълумотлардан ислом мўътадиллик дини эканини, Аллоҳ таоло ихлос билан қилинган ҳар қандай амални қабул қилишини билиб олиш мумкин. Шундай экан, ҳар бир ишда ўртачалик йўлини тутайлик.