Home / АЛЛОМАЛАР / ТАЪРИФИ “ҲАЙРАТУЛ АБРОР” ГА КИРГАН АЛЛОМА

ТАЪРИФИ “ҲАЙРАТУЛ АБРОР” ГА КИРГАН АЛЛОМА

Мамлакатимизда улуғ алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ этиш ва оммага кенг тарғиб қилиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда кўплаб эътиборга молик ишларни амалга оширяпди.  Марказ қўлёзмалар фонди йилдан йилга ноёб асарлар билан бойиб бормоқда. Унда нафақат диний-маърифий, балки бадиий адабиётга оид асарлар ҳам ўрин олган. Жумладан, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, “Бўстон”, Ҳофиз Шерозийнинг “Девони Ҳофиз”, Фузулийнинг “Куллиёти Фузулий”, Мирзо Бедилнинг “Девони Бедил”, ғазал мулкининг султони – Алишер Навоий “Хамса” сининг қўлёзмаси ва “Девони Навоий” тошбосма асари сақланмоқда.

Ҳазратнинг “Хамса”сини ҳикмат маржонлари тўла денгизга менгзаш мумкин. Мустақиллик бизга кўплаб имкониятлар қатори Навоийни англаш, асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш бахтига муяссар қилди. “Хамса” Навоийнинг шоҳ асарларидан бўлиб, Ҳазрат уни ёзишда юксак маҳоратини намоён қилган.

Асар тавсифи: Марказнинг қўлёзмалар фондида №230 рақам билан сақланмоқда. Хусусан, “Ҳайратул аброр” достони 3988 байт, 63 боб, 20 мақолат ва 20 ҳикоятдан ташкил топган.

“Хамса” қўлёзмаси 1298/1881 йили кўчирилган. Нусха тўлиқ бўлмагани учун муқаддимадан эмас, биринчи муножоти

Эй санга мабдаъда абаддек азал,
Зоти қадиминг абадий лам язал.
Не бўлиб аввалда бидоят санга,
Не келиб охирда ниҳоят санга[1].

 

мисралар билан бошланган. Мазкур нусханинг 29-мақолати Хожа Абдуллоҳ Ансорийга бағишланган бўлиб, унда: “Муқарраби Борий Хожа Абдуллоҳ Ансорий (ҳаққинда) сўзким, ниҳояти сулукдин соҳибхабар эрди ва ўз сулуки ниҳоятидин хабар берди.

Улки ани қибла дер аҳли Ҳирот,
Дема Ҳирот аҳли бари коинот.
Аҳли айён солики атвори ул,
Исмда Абдуллоҳ Ансорий ул…[2],

 

деб таъриф берилган. Хожа Абдуллоҳ Ансорий “Пири Ҳирот”, “Пири тариқат”, “Носирус сунна”, “Шайхул Хуросон”, “Зайнул уламо” каби номлар билан машҳур бўлган. У 1006 йил Ҳиротнинг эски қалъаси Қўҳандўз шаҳрида туғилган. Алломанинг тўлиқ исми Абу Исмоил Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али Ансорий Ҳиравий бўлиб, саҳоба Абу Айюб Ансорий наслидандир. У дастлабки таълимни отаси сўфий Абу Мансур Муҳаммад ибн Али (“Усмон халифатида Хуросонға келиб, Ҳиротда сокин бўлубдур. Шайхул ислом дерки, маним отам Абу Мансур Балхда…”[3]) дан сабоқ олган. Сўнгра Малин шаҳридаги мадрасада давом эттирган.

Хожа Абдуллоҳ Ансорий тўққиз ёшидан Қози Абу Мансур Аздий, Абу Фазл Жорудий каби олимлардан сабоқ олган ва ҳадис ёзиб олишни бошлаган. Жами уч юздан ортиқ муҳаддисдан ҳадис илмини ўрганган. Улар орасида аллома Абу Фазл Жорудийнинг ҳадис илми борасида етук олим эканини таъкидлаб айтган[4].

У кеча-кундуз мутолаа ва илм билан машғул бўлиб, ҳатто таомланишни унутгани туфайли онаси келиб овқатлантирган. Мадрасада ўқиб юрган пайти етмиш минг байт шеър ёд олгани ва унинг хотираси кучли экани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган. У уч юз мингдан ортиқ ҳадисни санадлари билан бирга ёд олиб, ривоят қилган[5]. Ўн тўрт ёшида ваъзхонлик ва ҳадис ривоят қилиш даражасидаги билимга эга бўлган. 1026 йили ҳадис ва фиқҳ илмларини ўрганиш ва етук олимларнинг мажлисларида иштирок этиш мақсадида Нишопурга келган[6]. Бу ерда Абу Мансур Аҳмад, Абу Саид Сайрофий, Абу Ҳасан Аҳмад Салифий, Носир Марвазий ва Абу Абдуллоҳ ибн Боқийи Шерозийдан дарс олган.

Ҳиротга қайтганидан сўнг машҳур Шайх Амуънинг хонақоҳида таҳсилини давом эттирган. Бу маскан Ҳиротдаги мискин-бечоралар учун барпо қилинган бўлиб, у ерда ҳар куни таом тайёрланиб, эҳсон қилинган. Шайх Амуъ Хожа Абдуллоҳ Ансорийни ўз фарзандидек қабул қилиб, доим унга моддий ёрдам бериб келган. Миннатдор шогирд “Табақот” асарида устозининг таърифини келтириб, ундан тасаввуф одоби ва таълимотларини ўрганганини айтиб ўтган[7].

Алишер Навоий ҳам Шайх Амуъ ҳақида: “Кунияти Абу Исмоил ва Аҳмад ибн Муҳаммад бўлиб, Шайх Абулаббос Ниҳовандин анга Амуъ от қуюбдур. … у ёши тўқсон иккига етиб вафот этди”[8] – деб ёзган.

Хожа Абдуллоҳ Ансорий Ҳиротда яшаган сижистонлик машҳур воиз Яҳё ибн Аммор Шайбонийдан ҳадис ва тафсирдан сабоқ олган. Устоз шогирдининг қобилиятини кўриб, уни келажакда етук олим бўлишини айтган. Кейинчалик, Яҳё ибн Аммор ўлим тўшагида ётган чоғда шогирдига ўз ўрнига ваъз ўқишни васият қилган. Хожа Абдуллоҳ Ансорий: “Устозим Яҳё ибн Аммордан сабоқ олмаганимда эди, мен ҳеч қачон талабаларга ваъз қилмас ва тафсирдан дарс бера олмасдим”, деб таъкидлаган[9].

Хожа Абдуллоҳ Ансорий Абдужаббор ибн Муҳаммад Жарроҳдан Исо Термизийнинг “Сунан” асарини тинглаган, сўнг ундаги ҳамда “Саҳиҳул Бухорий” ва “Имом Муслим” асарларидаги ҳадислар санадини бирма-бир таърифлаган ва шарҳ битган.[10] Бунда  машҳур ҳадис ҳофизлари Ибн Манжуй ва Қарроб каби олимларнинг услубларидан фойдаланган. Кейинчалик бу уч асар тавсифидан ҳадис билан шуғулланувчи мутахассислар яхши қўлланма сифатида фойдаланган.

1032 йилда ҳаж нияти билан сафарга чиққан Хожа Абдуллоҳ Ансорий Нишопур орқали Бағдодга келиб, машҳур уламоларнинг мажлисида қатнашиб, хуросонлик  ҳожилар билан Ҳиротга қайтиб кетган. Кейинги йил яна ҳаж зиёрати мақсадида сафарга чиқиб, Нишопурда Ибн Бақия хонақоҳида бир қанча сўфилар билан кўришган. Бу ерда у Абу Ҳасан Ҳарақонийга шогирд тушиб, қирқ кун давомида ундан тасаввуф сирларини ўрганган. Ҳаж сафаридан қайтиб, Ҳиротда ҳадис, шариат, тафсир илмларидан дарс бера бошлаган. Орадан бир муддат ўтиб, алломанинг илмига ҳасад қилган мўътазилий ва ашъарий олимлар  Ғазнавийлар ҳукмдори Султон Масъудга Хожа Абдуллоҳ Ансорий устидан шикоят қилган. Аммо Ғазнавийлар ва Салжуқийлар ўртасида уруш бошланиб, бу масалага кўп аҳамият берилмаган.

Ҳиротда Салжуқийлар ҳукмронлиги ўрнатилгандан сўнг мўътазилий ва ашъарий олимлар Султон Туғрулбийга яна шикоят қилади. Хожа Абдуллоҳ Ансорий ҳибсга олиниб, 1046 йил Ҳирот яқинидаги Бўшанж зиндонига ташланади. Бир йил ўтгач, озод қилинади, аммо сабоқ бериш ва уйдан ташқарига чиқишга рухсат этилмайди. Кейинчалик  Ҳирот яқинидаги Марварўзга бориш учун изн берилади.  Бу ерда Хожа Абдуллоҳ Ансорийни муҳаддис аллома Имом Фарра Бағовий кутиб олади. 1087 йилга келибгина унга Ҳиротга қайтиб бориш учун рухсат берилади. Тафсирининг ярмига етиб қолган аллома уни тезроқ тугатиш мақсадида катта азму шижоат билан ижод қилади.  Сод сурасининг 67-оятига келганда, 1089 йили 8 март куни вафот этган. Ҳиротдан беш километр масофада жойлашган Гозўргоҳ қасабасида дафн этилган[11].

Хожа Абдуллоҳ  Ансорий мақбараси – Ҳиротдаги ноёб меъморий ёдгорликлардан бири бўлиб, дастлаб Салжуқийлар даврида барпо этилган. Амир Иззоддин мақбара ёнига мадраса қурдирган. Шунингдек, 1425-1429 йилларда Шоҳруҳ Мирзо мақбарани темурийлар бинолари услуби асосида маҳобатли, ҳашамдор қилиб қайтадан бино қилдирган[12]. Мазкур зиёратгоҳ ўттиз ҳужра билан ўралган. Баланд пештоқли, ҳужралари гумбазли бўлиб, мақбаранинг ўзи ва хоналари сирланган ғишт, парчин, мармар, гириҳ нақшлар билан безатилган, девор ва шифтларига куфий услубда хатлар битилган. Бу ерда асосан темурийлар, яъни Ҳирот ҳукмдорлари дафн этилган. Хожа Абдуллоҳ  Ансорийнинг қабри устига Бобур Мирзо етти ярим метрлик оқ мармартош ўрнаттирган, аммо у бугунги кунгача сақланиб қолмаган[13]. Шунингдек, алломанинг ўғиллари Абдуҳодий ва Жобир шу ерга дафн этилган.

Хожа Абдуллоҳ  Ансорий сермаҳсул ижодкор бўлиб, араб ва форс тилларида тасаввуф, калом, тафсир, ҳадис илмларига оид кўпгина асарлар ёзган.  “Кашфул асрор”, “Муножотнома”, “Рисолаи маноқиби Имом Аҳмад ибн Ҳанбал”, “Анворул таҳқиқ”, “Зиммул калом”, “Манозилус соирин”, “Китобул фуруқ”, “Китобул арбаъин”, “Рисолаи вародат”, “Сад майдон”, “Қаландарнома”, “Муҳаббатнома”, “Канзус соликин” асарлари ва олтмиш мингдан ортиқ рубоийси бизгача етиб келган. Бу асарлар бугунги кунда Ўзбекистондан ташқари Туркия, Франция ва бошқа мамлакатлардаги кутубхоналарда сақланмоқда.

Хожа Абдуллоҳ Ансорий яратган асарлар неча асрлар ўтса ҳам ўз қиймати ва аҳамиятини йўқотмаганининг боиси покиза инсоний қадриятларнинг назмий усулда гўзал, чуқур фалсафий мушоҳадалар билан ифода этилганидандир.

[1] ИБХИТМ Қўлёзмалар фонди, №230, “Хамса” достони, 1а -2а -варақлар.
[2] ИБХИТМ Қўлёзмалар фонди, №230, “Хамса” достони, 39а -варақ.
[3] Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат 403, -Б.116.
[4] J.Alberry, “Jami’s biography of Ansari” IQ, VII/3-4 (1963), s. 57-82.
[5] Имом Заҳабий. “Сияр аъломун нубало”, XVIII, 509.
[6] Ибн Ражаб. “Аз-Зайл ала табақотил Ҳанбалия” Ж. I,  Дамашқ, 1951. – Б.61.
[7] J.Alberry, “Jami’s biography of Ansari” IQ, VII/3-4 (1963), s.71.
[8] Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат 423, – Б.121.
[9] J.Alberry, “Jami’s biography of Ansari” IQ, VII/3-4 (1963), s.63-64.
[10] Имом Заҳабий. “Сияр аъломун нубало”, XVIII, 513.
[11] Фикрий Салжуқий “Гозўргоҳ”, Қобул: 1923. – Б 10-12.
[12] J.Alberry, “Jami’s biography of Ansari” IQ, VII/3-4 (1963), s. 57-82.
[13] https://qomus.info/encyclopedia/cat-a/abdulloh-ansoriy-maqbarasi-uz.
Ирода Даурбекова, Дилдора Ҳалимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходимлари

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …