Динимиздаги гўзал анъаналардан бири бегона эркак ва аёлнинг шариатга мувофиқ никоҳ ўқилгандан сўнг тўй қилиб турмуш қуришидир. Бу “валима” деб номланади. У ҳақда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг машҳури Набий алайҳиссаломнинг Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга айтган сўзларидир.
أَخْبَرَنَا يَزِيدُ بْنُ هَارُونَ أَخْبَرَنَا حُمَيْدٌ عَنْ أَنَسٍ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ لِعَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ وَرَأَى عَلَيْهِ وَضَراً مِنْ صُفْرَةٍ :« مَهْيَمْ؟ ». قَالَ : تَزَوَّجْتُ. قَالَ :« أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ ».
Анасдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авфнинг эгнида сариқ из (куёвлар суртадиган сариқ хушбўйлик изини) кўриб: “Бу нима?” деб сўрадилар. У: “Уйландим”, деди. У зот: “Битта қўй билан бўлса ҳам валима қилгин”, дедилар” (Доримий ривояти).
Ушбу ҳадисдан валима суннат амал экани ва ундаги сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасида бўлишини тушуниб олиш мумкин.
أَخْبَرَنَا عَفَّانُ حَدَّثَنَا هَمَّامٌ حَدَّثَنَا قَتَادَةُ عَنِ الْحَسَنِ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُثْمَانَ الثَّقَفِىِّ عَنْ رَجُلٍ مِنْ ثَقِيفَ أَعْوَرَ – قَالَ : كَانَ يُقَالُ لَهُ مَعْرُوفٌ أَىْ يُثْنَى عَلَيْهِ خَيْرٌ ، إِنْ لَمْ يَكُنِ اسْمُهُ زُهَيْرَ بْنَ عُثْمَانَ فَلاَ أَدْرِى مَا اسْمُهُ – أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« الْوَلِيمَةُ أَوَّلَ يَوْمٍ حَقٌّ ، وَالثَّانِىَ مَعْرُوفٌ ، وَالثَّالِثَ سُمْعَةٌ وَرِيَاءٌ ». قَالَ قَتَادَةُ : وَحَدَّثَنِى رَجُلٌ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ : أَنَّهُ دُعِىَ أَوَّلَ يَوْمٍ فَأَجَابَ ، وَدُعِىَ الْيَوْمَ الثَّانِىَ فَأَجَابَ ، وَدُعِىَ الْيَوْمَ الثَّالِثَ فَحَصَبَ الرَّسُولَ وَلَمَ يُجِبْهُ وَقَالَ : أَهْلُ سُمْعَةٍ وَرِيَاءٍ.
Зуҳайр ибн Усмон айтади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Валиманинг биринчи куни ҳақ (суннат)дир. Иккинчи куни яхшилик (фазилат)дир. Учинчи куни эса, сумъа ва риёдир (бировлар эшитиши ва кўриши учун қилинадиган ишдир)”, дедилар”.
Қатода: “Саид ибн Мусайябдан ривоят қилиб, менга бир одам бундай сўзлаб берди”, деди: “У (Саид ибн Мусайяб) биринчи кун чақирилганда, (валимага) борди. Иккинчи кун чақирилганда ҳам борди. Учинчи кун чақирилганда, хабарчига ғазаб қилиб, унга бормади ва “Улар сумъа ва риё аҳлидир”, деди” (Доримий ривояти).
Ушбу ҳадисдан икки кундан ортиқ тўй қилиш жоиз эмаслиги ва учинчи кун тўйга чақирилганда бормаслик кераклигини билиб олишимиз мумкин.
أَخْبَرَنَا أَبُو الْمُغِيرَةِ حَدَّثَنَا الأَوْزَاعِىُّ عَنِ الزُّهْرِىِّ عَنِ الأَعْرَجِ عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّهُ قَالَ : شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ يُدْعَى إِلَيْهَا الأَغْنِيَاءُ وَيُتْرَكُ الْمَسَاكِينُ ، وَمَنْ تَرَكَ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللَّهَ وَرَسُولَهُ.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
“Таомнинг энг ёмони мискинлар қолиб, бойлар чақирилган валима таомидир. Ким чақирилган жойга бормаса, Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлибди” (Доримий ривояти).
Ушбу ҳадисдан тўйга фақат бойларни таклиф этиш жоиз эмаслиги ва шариатга мувофиқ ўтказилаётган тўй-маросимларга чақирилганда, бориш вожиб экани англашилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, валима бидъат-хурофот ва исрофгарчиликдан четланган ҳолда ўтказилиши лозим бўлган исломий маросимлардандир. Афсуски, бугунги кунда ушбу муқаддас маросимнинг асл моҳияти эътиборсиз қолдирилаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Айримлар бошқаларга тақлид қилиб, валимани гуноҳ-маъсият базмига айлантириб олган. Бундай ғайри-исломий ва ғайри-инсоний тўйдан сўнг хайр-барака ва бахт-саодатни қандай умид қилиш мумкин?! Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўзига итоат этган бандаларга барака ва саодат беришини, гуноҳларга шўнғиганларни эса, қаттиқ азоб-уқубатга дучор қилишини Қуръони каримда очиқ баён қилган. Ёш оилаларда бўлаётган ажрашишларнинг асосий сабаби ҳам шу. Улар асл моҳиятга эътибор бермай, ўткинчи орзу-ҳавасга берилиб кетгани учун бахтсизликка учрамоқда. Жамиятдаги бундай иллатни бартараф этиш учун ёшларга тўғри таълим-тарбия бериш керак. Зеро илм ва яхши тарбия инсониятнинг йўлини ёритувчи машъаладир.