Home / МАҚОЛАЛАР / СЕҲР КУФРДИР!(Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

СЕҲР КУФРДИР!(Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

“Сеҳр” арабча сўз бўлиб, “махфий нарса”, “бирор нарсани аслидан бошқача қилиб кўрсатиш” маъноларини билдиради.

Сеҳр – жинлар ўргатган сўзлар билан тугунларга дам солиш ёки сеҳрланадиган кишига юзма-юз келмасдан ҳам унинг бадани, қалби ва ақлига таъсир қиладиган ишларни қилишдир.

Сеҳр ва кўз тегиши, адашган тоифаларга хилоф ўлароқ, бизнинг наздимизда ҳаётда бор ҳодисалардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз тегиши ҳақдир. Албатта, кўз тегиши кишини қабрга, туяни эса қозонга киритади”, деганлар.

Мўътазилалар наздида у хаёлий иш ва кўзбўямачилик саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сеҳр ҳақиқатан бор нарсадир”, деган сўзлари сеҳр хаёлий эмас, балки таъсир қилувчи кучга эга бўлган ҳодиса эканига далилдир.

Муфассирлар Аллоҳ таолонинг ﴿وَمِنْ شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ  “ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан”[1] ояти тафсири ҳақида: “Улар (яъни, дам солувчилар) аёллар, ёки нафслар (одамлар), ёки ипларга тугун тугиб, дам солиб, кўмиб қўядиган сеҳргарлар жамоасидир”, деган. Бу оят сеҳр ҳақиқатан бор нарсалигини инкор этаётганларнинг сўзлари ботил эканига ёрқин далилдир.

Мўътазила тоифаси сеҳрга нотўғри ёндашган. Улар: “Сеҳргар сеҳрнинг яратувчисидир. Сеҳр Аллоҳ таолонинг махлуқи бўлиши мумкин эмас. Чунки қабиҳ нарсани яратиш нодонликдир. Шундай экан, бу иш У Зотга нисбат берилмайди”, дейди.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: ﴿هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ  “У ҳамма нарсанинг яратувчисидир”[2], ﴿وَاللَّهُ خَلَقَكُمْ وَمَا تَعْمَلُونَ “Аллоҳ сизларни ҳам, қилаётган ишларингизни ҳам яратган”[3], дейди. Яъни, ҳамма нарсани – хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин барчасини – Аллоҳ яратади. Бандалар унинг бажарувчилари, холос. Аллоҳ сеҳрни яратиши имтиҳон учун бўлгач, у нодонлик саналмайди. У Зот сеҳрни яратиши билан бирга, унинг куфр эканини баён қилиб, бандаларни бундан қайтарган.

Шунинг учун ҳанафийлар: “Албатта, сеҳр очиқ куфрдир”, дейди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай марҳамат қилади:

]وَاتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَى مُلْكِ سُلَيْمَانَ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنْزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ[

“Ва улар Сулаймон подшоҳлигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин одамларга сеҳрни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар”[4]. Бу оятда сеҳргарлар кофир эканига далил бор.

Оятнинг давомида бундай дейилади:

]وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّى يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُمْ بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنْفَعُهُمْ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآَخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنْفُسَهُمْ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ[

“Улар (фаришталар): “Биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!” деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг муносабатларини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас,) ўзларига фойдаси йўқ, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”

Одамлар сеҳр билан шуғулланган киши жаннатдан бенасиб бўлишини била туриб, Ҳорут ва Морутнинг огоҳлантиришига қарамай, улардан эр-хотин муносабатларини бузадиган, ҳеч қандай фойда келтирмайдиган, балки зарарли бўлган сеҳрни таълим олар эди.

Ҳозирги кунда ҳам айрим одамларнинг сеҳр ишларига аралашиб юрганини кўриш мумкин. Бирор нарсаси йўқолса ёки ғам-ташвишлари кўпайиб қолса, фолбинга югуриб қолади. Баъзилар эса иссиқ-совуқ қилиш каби эр-хотиннинг орасини бузадиган ишлар билан машғул. Ҳатто халқимиз орасида “Фолга борма, фолсиз ҳам юрма” деган мутлақо нотўғри гап ҳам тарқалган. Аммо бундай ишлар исломда ширк ва куфр саналади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир”, деган.

Сеҳргар тавба қилмаса, охиратда қаттиқ азобга қолади. Ҳанафий уламоларимиз: “Сеҳргар сеҳр амалини қилиши биланоқ диндан чиқади”, деган. Бу эса, Аллоҳ паноҳ берсин, дўзахда абадий қолиш демакдир.

[1] Фалақ сураси, 4-оят.
[2] Анъом сураси, 102-оят.
[3] Соффат сураси, 96-оят.
[4] Бақара сураси, 102-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …