Home / МАҚОЛАЛАР / ҚАЙСИ АМАЛ ИККИ ҚИЙРОТ САВОБ КЕЛТИРАДИ?!

ҚАЙСИ АМАЛ ИККИ ҚИЙРОТ САВОБ КЕЛТИРАДИ?!

Мусулмонни ҳурмат қилиш ва унга яхшилик қилиш нафақат ҳаётлигида бўлади, балки унинг вафотидан сўнг ҳам турли кўринишларда давом этади. Қолаверса, бу ишларда ҳали ёруғ дунёни тарк этмаганларнинг ўзлари учун ҳам улкан манфаатлар бор.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَن اتَّبَعَ جَنَازَةَ مُسْلِمٍ إِيْمَانًا وَاحْتِسَابًا وَكَانَ مَعَهُ حَتَّى يُصَلَّى عَلَيْهَا وَيَفْرُغَ مِنْ دَفْنِهَا فَإِنَّهُ يَرْجِعُ مِنَ الْأَجْرِ بِقِيرَاطَيْنِ كُلُّ قِيرَاطٍ مِثْلُ أُحُدٍ وَمَنْ صَلَّى عَلَيْهَا ثُمَّ رَجَعَ قَبْلَ أَنْ تُدْفَنَ فَإِنَّهُ يَرْجِعُ بِقِيرَاطٍ«  .رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким имон билан, савоб умидида бир мусулмоннинг жанозасига қатнашса ҳамда жаноза намози ўқилгунича ва дафнидан фориғ бўлгунича у билан бирга бўлса, икки қийрот  ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд (тоғи) мисличадир. Ким жаноза намози ўқиганидан кейин дафндан олдин қайтса, бир қийрот билан қайтади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда марҳумнинг ҳаққига дуо қилиш, жанозаси ва дафн маросимида қатнашишга тарғиб, эслатма бор.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ривоят жаноза намози ва дафнда қатнашганлар икки қийрот ажр олишини қайдлаб қўйди. Шунга кўра, дафнда иштирок этмасдан фақат жаноза намозини ўқиб қайтганлар бир қийрот олади”.

Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадисда жаноза намозини ўқиш, марҳумга эргашиш ва дафн этилгунича ҳамроҳ бўлишга тарғиб бор. Бир қийрот ажр намоз ўқиш билан, яна бир қийроти дафн қилишда қатнашиш билан олинади. Ҳаммаси бўлиб икки қийрот. Қийрот – фақат Аллоҳ таолога маълум ажр миқдори бўлиб, ҳадис (Уҳуд тоғига қиёслаш орқали) унинг миқдори улуғлигидан далолат беради”, дейди.

Ҳадисни чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрсак, унда бирдамлик, меҳр-оқибат, инсонийликка даъватни кўрамиз. Чунки оила аъзоси ёки яқинларидан бири вафот этган кишилар заиф, қалби эзилган бўлади, ёрдам ва куч-мададга муҳтожлик сезади. Аввало уларга тасалли бериш, таъзия билдириш мусулмонлик бурчларидан, исломнинг гўзал фазилатларидандир. Шунингдек, уларга маййитни ювиш, кафанлаш, масжидга, сўнгра қабристонга олиб бориш ва дафн қилиш каби ишларни бажаришда кўмак керак. Айнан жанозага борганлар, яқинлар, дўст-у биродарлар бу ишларни амалга оширади. Масалан, тобутни навбатма-навбат кўтариб, қабристонга олиб боради.

Ким мусулмоннинг жанозасига имон ва ихлос билан, ажр умидида қатнашса, буни риё ёки дунё манфаати учун қилмаса, унга ихлосга зид бўлган бошқа нарсаларни аралаштирмаса, намоздан кейин дафнда ҳам иштирок этса, икки қийрот савобга эришади.

Жанозага доир ишлар фарзи кифоя бўлиб, Аллоҳ таоло бунинг учун улуғ ажрларни белгилаб қўйган. Шу билан бирга, у мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи ҳисобланади. Унинг аҳамияти жуда катта бўлиб, бу инсон зотига бўлган эҳтиромнинг юксак намунасидир.

Аллоҳ таолодан Уни зикр қилиш, шукр ва ибодат қилишда ҳаммамизга мадад беришини сўраймиз.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …