Home / МАҚОЛАЛАР / ҚИЗ ФАРЗАНД ДЎЗАХДАН ПАРДАДИР

ҚИЗ ФАРЗАНД ДЎЗАХДАН ПАРДАДИР

Бир ҳадис шарҳи

Ислом келиши билан жоҳилият давридаги қабиҳ одатлар таг-томири билан йўқ қилинди. Жумладан, динимизда қиз болаларга яхши муносабатда бўлиш буюрилди. Уларни тириклайин кўмиш тақиқланди. Ислом одамлар қалбига меҳр-шафқат ва раҳмдиллик уруғини сепди. Болаларга, айниқса, қизларга ғамхўрлик ва чиройли тарбия берганларга Қиёматда улкан яхшиликлар ваъда қилинди.   

حَدَّثَنَا أَبُو الْيَمَانِ، أَخْبَرَنَا شُعَيْبٌ، عَنِ الزُّهْرِيِّ، قَالَ حَدَّثَنِي عَبْدُ اللَّهِ بْنُ أَبِي بَكْرٍ، أَنَّ عُرْوَةَ بْنَ الزُّبَيْرِ، أَخْبَرَهُ أَنَّ عَائِشَةَ زَوْجَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم حَدَّثَتْهُ قَالَتْ جَاءَتْنِي امْرَأَةٌ مَعَهَا ابْنَتَانِ تَسْأَلُنِي، فَلَمْ تَجِدْ عِنْدِي غَيْرَ تَمْرَةٍ وَاحِدَةٍ، فَأَعْطَيْتُهَا، فَقَسَمَتْهَا بَيْنَ ابْنَتَيْهَا، ثُمَّ قَامَتْ فَخَرَجَتْ، فَدَخَلَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم فَحَدَّثْتُهُ فَقَالَ ‏ «‏ مَنْ يَلِي مِنْ هَذِهِ الْبَنَاتِ شَيْئًا فَأَحْسَنَ إِلَيْهِنَّ كُنَّ لَهُ سِتْرًا مِنَ النَّارِ ‏»‏‏.‏

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳо бундай сўзлаб берди:

“Бир аёл икки қизи билан олдимга нарса сўраб келди. Бисотимда бир дона хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Ўшани узатдим, у икки қизига бўлиб берди. Сўнг туриб, чиқиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирган эдилар, воқеани у зотга айтиб бердим. Шунда у киши: “Ким мана шу қизлардан бирортасини қарамоғига олса ва уларга яхшилик қилса, улар унга дўзахдан парда бўлади”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Бу ҳадиси шарифда мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо уйида бўлган бир воқеани сўзлаб бермоқда. Бир аёл ночорликдан икки қизи билан бирор нарса умид қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келган. Оиша онамиз уйида бир дона хурмодан бошқа нарса тополмай, шуни берган. Бундан ўша вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва оилаларининг қанчалар оддий ва камтарона ҳаёт кечирганларига гувоҳ бўламиз. У зотнинг уйларида бир дона хурмодан бошқа нарса топилмаган экан. Чунки келган барча мол-мулкни тарқатиб юборар эдилар. Баъзида егани таомлари ҳам бўлмай, оч қолганлар.

Ҳалиги аёл хурмони ўзи емай, қизларига бўлиб бериб, чиқиб кетган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида, Оиша розияллоҳу анҳо воқеани сўзлаб берган. Шунда у зот кимга Аллоҳ қиз фарзанд ато этган бўлса, унинг таъминотини зиммасига олиб, ҳақ-ҳуқуқларини қоим ва одобини чиройли қилса, дўзахдан тўсиқ бўлишини маълум қилганлар. Чунки у одам қиз(лар)ни яхшилиги ва тарбияси билан дунёда ҳимоя қилган. Шунга мувофиқ, мукофот ўлароқ, Аллоҳ уни ҳимоя қилади.

Муслимнинг ривоятида مَنِ ابْتُلِيَ مِنَ الْبَنَاتِ بِشَىْءٍ “Ким ушбу қизлардан бирор нарса билан синалса” тарзида келган. Бунда ёмонлик билан синалиш назарда тутилмаган, “балки тақдирида қиз фарзанд кўриш бўлса”, деган маъно бор. Синов ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам бўлади. Аллоҳ таоло бундай деган:

﴿وَنَبْلُوكُمْ بِالشَّرِّ وَالْخَيْرِ فِتْنَةً﴾

 “Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз” (Анбиё сураси, 35-оят).

Ушбу ҳадиси шарифдан қуйидаги хулосаларга келамиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва оилалари ўта камтар ва фақирона ҳаёт кечирганлар. Ўша пайтда ночор-мискин саҳобалар кўп бўлган. Садақанинг ўзи муҳим, унинг оз ва кўплиги катта аҳамиятга эга эмас. Шунинг учун берилган садақа оз миқдорда бўлса, ҳеч ким уни ўзига нисбатан ҳақорат деб ҳисобламаган.

Ушбу ҳадис бизга садақа беришда Оиша розияллоҳу анҳодан ўрнак олиш кераклигини кўрсатади. Шу билан бирга ота-оналар қизларга ўта меҳрибон бўлиши зарурлигини намоён қилади. Зеро, қиз фарзандга яхшилик қилиш алоҳида ажрга сазовор экан – уларга қилинган нафақа ва хайру саховат инсонни дўзахдан сақлайдиган энг яхши амаллардандир.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …