Home / МАҚОЛАЛАР / Исломда аёлларнинг ўрни

Исломда аёлларнинг ўрни

Ислом дини ҳаётда аёл шаънини улуғлайди. Аёл деганда оналаримиз, турмуш ўртоғларимиз, опа-сингилларимиз ва қизларимиз кўз ўнгимизга келади. Қуръони каримда аёллар ҳақида алоҳида «Нисо» (Аёллар) сураси келган. Азиз ва мукаррам бўлган инсон зоти ер юзида ўзидан кўпайиб ва ўзига берилган вазифани адо этиши учун Хақ таоло Ўзининг инсонга ўз жинсидан ҳаёт йўлдоши, қалби сурури ва муҳаббати тимсоли қилиб жуфтини яратди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилди:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا

“Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”[1].

Жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми улар зиммасидадир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни оналаримиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Ҳикматларда: «Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор»дейилган.

Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:

» اَلْجَنَّةُ تَحْتَ اَقْدَامِ الْاُمَّهَاتِ «

“Жаннат – оналар оёғи остидадир”[2], – деб марҳамат қилганлар.

Чунки оналар ёмонликни ҳеч кимга раво кўришмайди, улар дунёни тугал ва мукаммал кўришни хоҳлайдилар, фарзандлари илмли, доно, зукко ва албатта, соғлом вояга етишини, фаровон ҳаётда умргузаронлик қилишини истайдилар.

Ислом шариати аёл зотини улуғлаб, уни эрига вафодор ва ёрдамчи, фарзандларга меҳрибон она сифатида қадрлайди. Аёл шаънини юқори даражага кўтариб, уни мадҳ этади ва инсонларни аёлга юксак эҳтиром ва шафқат кўрсатишга чақиради. Ҳадисда айтилганидек: Аёлларга эркаклар ўз туғишган опа-сингиллари каби муносабатда бўлишлари керак. Бу борада  Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حُسْنًا  

“Биз инсонни ота-онасиги яхшилик қилишга буюрдик[3]”. Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада ота-онага яхшилик қилишни буюрар экан, айниқса онанинг ҳомиладор бўлиш даврини машаққат билан ўтказиши ва уни дунёга келтириб, эмизиб, катта қилишдаги қийинчиликларга бардош бериши ҳақида хабар бериб бундай дейди:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ

“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”[4].

Бинобарин, онанинг ҳурмати ва даражаси нақадар улуғ эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади, бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига келиб:“Эй Аллоҳнинг расули! Менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?”,– деб сўраганида, у зоти шариф:“Онанг”,– дедилар.“Ундан кейин ким?”,– деди.“Онанг”,– дедилар.“Кейин ким?”,– деди. Яна:“Онанг”,– дедилар.“Кейин ким?”,– деди.“Отанг”[5],– дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифда оналарнинг юқорида тилга олинган ҳомиладорлик, туғиш ва эмизиб бола боқиш давридаги қийинчилик, азоб ва машаққатлари учун уч босқичдаги ҳолатига мувофиқ “Онанг”,– дейилиши оналаримизга ҳар қанча ҳурмат ва иззат кўрсатилса ҳам кифоя этмаслигига далолат қилади.

Бошқа бир ҳадисда она ким бўлишидан қатъий назар унга силаи раҳм қилиш, меҳрибончилик кўрсатиш ва ҳурмат қилиш вожиблиги айтилган. Асмо бинти Абу Бакр (р.а)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида менинг ҳузуримга мушрика онам келди. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)дан:

«عَنْ أَسماء بنت أبي بكر رضي الله عنهما قالت: قَدِمَتْ عَلَيَّ أُمِّي وهي مُشْرِكَةٌ فيِ عَهْدِ رسول الله صلى الله عليه وسلم فَاسَْتَفْتَيْتُ رسول الله صلى الله عليه وسلم، قلتُ: إِنَّ أمِّي قَدِمَتْ، وهي رَاغِبَةٌ أَفَاصِلُ أُمِّي ؟ قال: نعم، صِلِى أُمَّكِ«

“Онам мендан бир нарса умидида уйимга келибди. Унга силаи раҳм юзасидан эҳсон қилсам бўладими?”,– деб сўрадим. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в):“Ҳа, онангга силаи раҳм қилавер”[6],– дедилар.

Албатта ота-она, хусусан меҳрибон ва мушфиқ онанинг фарзандларида ҳаққи кўплигини яхши биламиз.

Тарихдан маълумки, буюк солиҳа аёлларнинг ҳаётларига назар ташласак, улар эрларига қанчалик ёрдам берганларини, эр-хотинлик ҳаётидаги барча юмушларни ихтиёрий равишда, чин ихлос билан адо этганларини кўрамиз.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қизлари Фотимаи Заҳро онамиз эрлари Ҳазрат Али (к.в.)нинг уйларидаги кундалик барча хизматларни адо этишни ўзларига шараф деб билганлар. У зотнинг бу гўзал сифатлари барча замон ва маконлардаги ҳамма муслима аёлларга намуна бўлди.

Шунингдек, Ҳазрат Абу Бакр (р.а)нинг қизлари, Зубайр ибн Аввомнинг хотини Асмо бинти Абу Бакр эрларига хизмат қилиш ва рўзғор юмушларини бекаму кўст бажаришдан асло чарчамаганлар.

Аёл эрининг оилавий ишларида ёрдамчи сифатида унга кўмакчи бўлиш билан бирга оила, фарзанд тарбияси каби ишларда масъул. Оқила аёл бека бўлган оилада дўстлик, иноқлик ва муҳаббат ришталари мустаҳкамланади ҳамда оила аъзоларининг барчалари саодат, ҳузур-ҳаловат ва фаровонликда яшайди.

Ҳозирги замон мусулмон аёли нафақат ижтимоий ҳаётда, балки илм-маърифат, маънавият ва маданият соҳаларида ҳам камолотга эришиш орқали эрига мухлис, солиҳа, вафодор аёл, фарзандларга меҳрибон она, ҳамма ишни эплайдиган уддабурон бўлиши лозим.

Динимиз таълимоти эркакларга ўз аёллари билан хушмуомала бўлиб ҳаёт кечиришни буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло амр этиб бундай дейди:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.

Бунга яна бошқа бир далил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидир:

» خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْليِ «

 Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”[7] деб, айтадилар.

Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Зеро, оила фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир. Оила ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, кўз ўнгимизда Она сиймоси шаклланади. Нима деганда оила муқаддаслигини таъминловчи биринчи омил – Она, аҳли аёлнинг покизалиги, оқилалиги, меҳру муруввати, садоқати ва вафодорлигидир.

Хулоса ўрнида шуни мамнуният билан айта оламизки, Аллоҳга шукроналар бўлсинки, мамлакатимизда аёл зотининг ҳурмат, эҳтироми ва нуфузини, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва йўналишларда қилаётган ишларини муносиб баҳоланади ва қадрланади, ҳар қайси хонадоннинг уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга доимий равишда алоҳида эътибор қаратилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ота-она ризосини топишга, кекса ва табаррук момоларимиз, онахонларимизни эъзозлашга ва уларнинг дуоларини олиб, уларни хизматида қоим туришга, ота-оналаримизни, опа-сингилларимиз, аёлларимиз, қизларимизни ҳар вақт эъзозлаб, ҳурмат қилишга, уларга меҳрибонлик ва мурувват қанотини ёзишга муваффақ айласин.

 

Каломшунослик шўъбаси раҳбари
А. Муҳиддинов

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Нисо сураси, 1-оят. –Б. 77.

[2] Хатиб ривояти.

[3] Анкабут сураси, 8-оят.

[4] Луқмон сураси, 14-оят.

[5] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

[6] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

[7] Имом Термизий ривояти.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …