Home / МАҚОЛАЛАР / Буюк бобомизнинг Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган «Хамса» асари

Буюк бобомизнинг Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган «Хамса» асари

Бугун бутун туркий миллатларнинг буюк шоири  бобомимиз Мир Алишер Навоийнинг туғилган куни. Албатта, туркий миллатларнинг энг катта ютуғи Навоий бобомиз сабаб бўлиб, ўз тилларини йўқотиб юбормаганидир. Унинг таваллуди муносабати билан ўзини туркий ҳисоблаган ва маърифатлиман деган инсон борки, бу буюк инсон ҳақида икки оғиз гапирмаса виждон азобида қолади. Бир филолог сифатида мен унинг бу дунё ва Туркий миллатлар учун нима иш қилиб кетганини жуда теран англайман ва бу авлиё инсон ҳақида ёзмасам  азобда қоламан.

Аслида эса Навоий бобомиз ҳақида ёзишимга жуда жиддий сабаб бор. Мен ишлаётган  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот марказининг қўлёзмалар бўлимида буюк бобомизнинг энг нодир асарларидан бири “Хамса”нинг қўлёзма нусхаси сақланади.  Навоий бобомизнинг таваллуди сабаб, ҳам Марказимизнинг обрўсини ўйлаб, бу китоб ҳақида  маълумот беришни лозим топдим. Чунки, бу иш ҳаммадан ҳам кўра Марказ учун жуда  аҳамиятли. Бу қўлёзма ҳақида ёзишдан олдин Навоий бобомиз ҳақида икки оғиз гапириб ўтсам.

Навоий бобомиз  Туркий тилни санъат даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, бу тилни дунё адабиёт тилининг тармоғи сифатида  кучайтирган, ҳимоя қилган ва ҳурмат қозондирган буюк устоз ва давлат арбобидир. Султон Ҳусайн Бойқаро билан мактабда бирга ўқиди. Султон Ҳусайн Бойқаро тахтга ўтиргач, ўз дўсти Навоийни давлат муҳрдори қилиб тайинлади. Бобомиз бу давлат хизматини юргизиш билан бир қаторда, давлатдаги барча истеъдодли кишиларга ғамхўрлик қилди ва ўрта асрлар Ислом ренессансига катта ҳисса қўшди. Нафақат ҳисса қўшди балки бу ренессанснинг муаллифларидан бири ҳам бўлди.

Алишер Навоий бобомизнинг ўзи ҳам оиласи ҳам жуда бой бадавлат эди. У киши ҳеч қачон давлатдан маош олиб яшамаган. Аксинча, лозим пайтларда султон Ҳусайн Бойқаро  давлатига қарз ҳам бериб турган (эътибор қилинг бу у айни биз яшаётган замоннинг Америкасини эслатиб юбормаяптими). Навоий бобомиз халққа ва инсонликка хизмат қилишдан қаттиқ севинарди. Шунинг учун ҳам ўз номидан турли вақф ва хайрия марказлари ташкил қилган. Ўша пайтларда нимаики унинг номи билан аталса тез сотиларди.

Асарларини туркийча ва форсийда бир хилда ёзган. Чунки бу иккала тилни ҳам жуда мукаммал биларди. Шунингдек, арабчани ҳам мукаммал эгаллаган эди. Туркийда Навоий форсийда Фоний тахаллусини қўлланарди. Буюк форс шоири Абдураҳмон Жомий унинг дўсти бўлган. Бу икки буюк инсон бир бирларини сўзсиз тушунар эдилар. Туркий тилнинг отаси Маҳмуд Қошғарийдан кейин бу тилга энг катта ҳисса қўшган инсон Навоий бобомиздир. Ўша пайтда адабий муҳитда форсчага талаб катта эди. Аммо бобомиз туркий тилни форсийнинг соясида қолдирмади ва бу тилнинг залворини форсчадан устун қўйиди.

Навоий бобомиз туркий тилнинг кучини ва устунлигини кўрсатиш учун туркий адабиётидаги илк “Хамса”ни ёзди ва бу тилни барчага тан олдирди. Шунингдек, Навоий бобомиз Ислом динининг кучайиши ва ўша пайтдаги сиёсий сабаблар туфайли, суннийлик мазҳабининг бўлиниб кетмаслигига сабаб бўлди.

Туркий дунёнинг ундан кейинги бутун шоирлари ҳам унинг мухлиси эдилар. Усмонли турк шоири  Аҳмат Пошо, буюк озари шоири Фузулий ҳам Навоийдан илҳом олишган. Бир қанча Усмонли зиёлилари Явуз Султон Салим ҳам Навоийнинг мухлиси эди. Ҳатто  буюк турк девон шоири Надим Навоий тилида яъни Чиғатой лаҳжасида шеърлар ёзган ва жуда кўп турк шоирлари унинг шеърларига назиралар ва мухаммаслар боғлаган.

Кунимизда эса Навоий бобомиз билан ғурурланмайдиган ва у билан фахрланмайдиган бирор туркий адабиёт йўқ. Ҳатто бошқа тилли буюк шоирлар ҳам у билан мақтанишади. Бу буюк бобомизнинг сифат ва саодатларини санаб ўтиш жуда ҳам қийин. Бобомиз  яратган асарларининг ўзи бир дунё. Буюк бобомизнинг таваллудига ярим асрдан ошаётган бўлса-да, унинг бу халқ учун қилган хизмати янада порламоқда.

Энди эса марказимизда сақланаётган “Хамса” асари ҳақида қисқача маълумот. Асар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази кутубхонасининг қўлёзмалар бўлимида 230 – рақам билан сақланади. Бу асар ҳижрий 1298 /1881 йилда настаълиқ хатида кўчирилган. Қўлёзма ҳолати таъмирга муҳтож ва муқоваси йўқ аммо яхши сақланган. Ҳозирда марказдаги мутахассислар бу китоб ҳақида тадқиқот олиб бормоқда.

Ф. Мадиев
Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот марказининг халқаро алоқалар бўлими илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …