Еттинчи дарс. Мутолаа, такрорлаш ва мунозара одоби
Эй ўғлим! Ўзинг учун яхшиликни истасанг, дарсингни ёлғиз мутолаа қилма. Ўқувчилар орасидан ўқишда сенга ҳамроҳлик қиладиган, тушунишга ёрдам берадиган дўстлар танлаб ол. Бирор мавзу устида бош қотириб ўзингча уни тушунгандек бўлсанг, шу билан кифояланиб китобни қўлингдан ташлама. Балки, шеригинг билан бирга дарсни мустаҳкамлаб ол. Ушбу мавзу бўйича ўқувчига дарс бера оладиган даражада тайёрлан.
Эй ўғлим! Биргаликда мутолаа қилиш учун танлаган дўстингга нисбатан одоб сақла. Ундан олдин бирор мавзуни тушунгудек бўлсанг, бу билан фахрланма. Бирор масалани фаҳмлашда сенинг фикрингга қарши келса, айтаётганига қулоқ тут. Унинг гапи тўғри бўлиб, сен хато тушунаётган бўлишинг мумкин. Нотўғри тушунчангни деб у билан жанжаллашиш ва хато бўла туриб фикрингни ўтказишдан сақлан. Илм омонатдир. Кимки нотўғри нарсага ён босса, Аллоҳнинг омонатини зое қилибди.
Эй ўғлим! Олган дарсларингни кўпроқ такрорла. Чунки, илмнинг офати эсдан чиқаришдир. Билгинки, йил якунида ўқиган дарсларингдан имтиҳон қилинасан. Имтиҳонни аъло даражада топширса, ўқувчи тақдирланади. Борди-ю буни уддалай олмаса, оиласи ҳам, дўстлари ҳам унга паст назар билан қарайди ва ўқишга бепарво бўлгани аён бўлиб қолади.
Эй ўғлим! Дарсни такрорлаш ўзинг маъносини тушунмайдиган сўзларни ёдлашдан иборат эмас. Балки сен ҳимматингни маъноларни тушуниш ва уни зеҳнга мустаҳкамлашга йўналтир. Зеро илм – бу тушунган нарсангдир, ёдлаганинг эмас.
Эй ўғлим! Ўқувчи баъзан бир гуруҳ дўстлари билан тўпланиб қолади. Шунда уларнинг суҳбатлари биладиган мавзулари доирасида баҳс-мунозарадан иборат бўлади. Мана шу пайтда сен гапирувчининг сўзини бўлма. Кучли илмга эга бўлмай туриб жавобга шошилма. Ўзинг пухта эгалламаган мавзуда ҳеч ҳам тортишма. Ноҳақ мужодала қилма. Сен билан баҳс қилувчига қарши маънавий куч ишлатма. Баҳснинг мавзусидан чиқиб, рақибингнинг фикрини бемаъниликка йўйма. Азият етказадиган гап билан уни сўкма. Хато тушунаётган бўлса, жеркима.
Эй ўғлим! Ўқувчилар орасида бўладиган илмий мавзулардаги суҳбатнинг фойдаси катта. Чунки у тушунчани кучайтиради, тилни равон қилади, мақсадни гўзал ифодалаб беришда ёрдамлашади ҳамда ўқувчида журъат ва пешқадамликни пайдо қилади. Бироқ бу сўзлашувлар қачонки сен гўзал хулқли бўлсанг, сўзинг бемаъниликдан йироқ, зарарингга бўлса ҳам ҳақни гапирсанг ва бунда маломатчининг гапидан чўчимасанггина Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, одамларнинг олдида ҳам манфаат беради.