Қурбон ҳайити мусулмонлар учун икки байрамдан бири (иккинчиси эса Рамазон ҳайити) ҳисобланади. Арафот куни вуқуф (Арофатда туриш) тугаганидан кейин шом азони билан зулҳижжа ойининг ўнинчи кунига тўғри келади. Ҳожиларнинг Арофатдаги мавқифда туриши ҳажнинг энг муҳим маносик (амал)ларидандир. Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг ўн учинчи кунида тугайди. Бу байрам Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг амрини бажариш учун ўғиллари Исмоилни қурбон қилмоқчи бўлгандаги воқеа хотирасидир. Шу сабабдан бу куни мусулмонлар чорвалардан бирини Аллоҳга яқин бўлиш учун қурбонлик қилади. Қурбонлик гўштини оиласига, қариндош-уруғ ва камбағалларга улашади. Шунинг учун бу байрам Қурбон ҳайити, деб номланган.
Ислом шариатига кўра, бир кун давом этадиган Рамазон ҳайитидан фарқли равишда Қурбон ҳайити кунига ташриқ кунлари боғланиб тўрт кун давом этади. Бу икки байрамни Аллоҳ таоло бизга нишонлашни буюрган. Абу Довуд ва Термизий “Сунан”ида ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, мадиналикларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу икки кун қандоқ кун?” деб сўрадилар. Улар: “Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ – Азҳо (Қурбонлик) ва Фитр (Рамазон ҳайити) кунларини берди”, дедилар.
Пайғамбар алайҳиссалом бу кунларни еб-ичадиган кунлардир, деб таърифлаганлар. Шунинг учун уламолар бу кунларда нафл, қазо ёки назр рўза тутишдан қайтарган.
Ҳайит кунининг тонгидан ғусл қилиб, хушбўйланган ва чиройли кийимларни кийган ҳолда ҳайит намози ўқилгунча ҳеч нарса емасдан намозгоҳга бориш суннатдир. Икки ракат ҳайит намозини ўқиб бўлгач, қодир бўлганлар қурбонликларини сўяди.
Қурбон ҳайити кунларида барча мусулмонлар бир-бирини муборакбод этади. Қариндош-уруғ ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олади. Гина-қудрат унутилиб, ўзаро муносабатлар тикланади. Ҳайит шу каби фазилатли ишлар билан чиройли ва комил бўлади.
Қурбон ҳайити муборак бўлсин!