Ақлнинг вазифасини билиш зарур. Чунки Аллоҳ таоло инсонда ақлни беҳудага яратмаган. Аллоҳ таоло: “Батаҳқиқ, қулоқ, кўз ва қалбнинг ҳар бири сўралувчи нарсага айланди”[1], деган. Инсон ушбу уч нарсани нима мақсадда ишлатгани ҳақида сўралади. Яна Аллоҳ таоло: “Улар учун қалблар бор-у, англамайдилар. Улар учун кўзлар бор-у, кўрмайдилар. Улар учун қулоқлар бор-у, эшитмайдилар”[2], деган. Бу оятда кофир кимсада қалб бўлса-да, қалби билан ҳақни англамаслиги, кўзлар бўлса-да, тўғри йўлни кўрмаслиги, қулоқлар бўлса-да, ваъз-насиҳатни эшитмаслиги ҳақида сўз бормоқда.
Оқил инсонга энг аввал ўз Яратувчисини таниш фарз бўлади. Чунки маърифатларнинг энг олийси Яратувчини таниш ва Унинг ҳаққини адо этишдир. Инсон мавжудотлар орасида ақл ҳамда гапириш, тушуниш, эшитиш, кўриш каби улуғ хусусиятлар билан хосланган. Инсон Аллоҳ яратган ушбу хусусиятлар билан ўзининг беҳудага яратилмаганини англайди. Аввал ўзининг мавжудлигини ва йўқдан бор бўлганини билса, сўнг борлиги ўзига боғлиқ эмаслигини тушуниб етади. Яна ота-онаси уни мавжуд қилмаганини ҳам англайди. Чунки кўпинча ота-она фарзанд бўлишини хоҳлайди, лекин бўлмайди, бўлмаслигини хоҳлайди, лекин бўлади. Яна ўз-ўзича пайдо бўлиб қолмаганини ҳам англаб етади. Чунки оламда қурувчисиз бино, ёзувчисиз ёзув ва яратувчисиз яратилган нарса йўқ. Инсон ҳам оламнинг бир бўлаги бўлгани учун оламга тегишли ишлар унга ҳам тегишлидир. Мана шуларни англаб етган киши дунёга келиши ўзига боғлиқ эмаслиги, уни ўхшаши йўқ Зот яратгани ва У Аллоҳ таоло эканини билади. Яна У Зот унинг эгаси эканини ва у ўз эгасига тегишли эканини тушуниб, Унинг ҳаққини адо этишда қоим бўлади. Холиқининг унинг устидаги биринчи ҳаққи, Унга шукр қилмоқдир. Чунки У Зот уни йўқдан бор қилди. Йўқдан бор қилиш эса энг олий неъматлардан ҳисобланади.
Шукр неъматни эътироф этиб, уни ошкор қилиш ва унинг ҳаққини адо этишда давом этишдир. Ўзганинг яхшилигини билиш ҳам шукрдир. “Айн” китобининг муаллифи: “Шукр яхшиликни билишдир”, дегани ҳам юқоридаги сўзимизни қувватлайди. Абу Бакр Анборий ўзининг “Ар-радду ала аҳлил илҳод фил Қуръон” номли китобида бундай деган: “Муҳожирлар: “Эй Расулуллоҳ, Ансорлар бизга жой бериб, ёрдам бериб, биздан афзал бўлди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг олдида буни эътироф этмаяпсизми?” дедилар. Улар: “Эътироф этаяпмиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана шу шукрдир”, дедилар”.
Аллоҳни танишнинг ягона йўли ақлдир. Чунки дунёда Аллоҳни кўришнинг бирор йўли йўқ. Хабар ворид бўлгунча кутиб туришга ҳам вақт йўқ. Чунки бунда инсонни беҳуда тарк этиб қўйилиши бор. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: “Инсон ўзини беҳуда тарк этиб қўйилади, деб ўйлайдими”[3], деган.
Абу Ҳанифа ҳам ушбу маърифат борасида ақлга суянган. Муҳаммад ибн Самоа Абу Юсуфдан, у киши Абу Ҳанифадан бундай ривоят қилади: “Осмону ер ва улар орасидаги махлуқотларни кўрган ҳар бир оқил киши учун ўз Холиқини танимасликда узр йўқ. Аммо инсон намоз, рўза, закот ва ҳаж каби шаръий амаллар борасида то пайғамбар келгунга қадар маъзур бўлади”. Баъзи ривоятларда: “Аммо фарзларни билишга қодир бўлмаган ёки фарзлар унга етиб келмаган ёки ислом аҳлини кўрмаган киши фарзларни бажармагани учун жавобгар бўлмайди”, дейилган. Яна бир ривоятда Абу Ҳанифа: “Агар Аллоҳ пайғамбар юбормаса ҳам инсонлар Уни ўз ақллари билан танишлари вожиб бўлади”, деган.
Олдинги ва кейинги ҳанафий олимларнинг кўпчилиги Аллоҳни танишда ақлга таянган. Аҳли сунна вал жамоа имомларидан бири Абу Мансур Мотуридий бундай деган: “Шариатни билишнинг йўли хабар (Қуръон-ҳадис)дир. Аммо дин танлашнинг йўли ақлдир”. Ҳаттоки, Имом Мотуридий ақлли ёш бола ҳам Аллоҳни таниши вожиб бўлишини айтган.
Ироқ машойихлари бундай деган: “Балоғатга етган оқил кишига Аллоҳни таниш вожиб бўлишининг сабаби унда ақл далолатларининг ҳосил бўлишидир. Ёш боланинг ақли ҳам шу даражага етса, унга ҳам Аллоҳни таниш вожиб бўлади. Аммо шаръий амалларда бундай эмас. Шаръий амалларни билиш фақатгина самъ (оят-ҳадис) орқали фарз бўлади. Самъ келмагунча уларни билиш ҳеч кимга фарз бўлмайди. Чунки шаръий амалларни ақл билан билишнинг имкони йўқ”.
Баъзилар: “Набий алайҳиссаломнинг: “Уч кишидан қалам кўтарилди: ёш боладан, ухлаб ётгандан ва унутгандан”, деган сўзлари умумий келгани учун ёш болага Аллоҳни таниш вожиб бўлмайди”, деган.
Муҳаммад ибн Ҳасан “Ал-Жомиул кабир” китобида ёш бола балоғатга етгунга қадар мусулмонлик ёки кофирлик борасида ота-онасига тобе эканига далолат қиладиган масалаларни келтирган. Кейинчалик у кишининг издошлари ёш бола исломга кирса, унинг исломи саҳиҳ бўлишига иттифоқ қилган.
Абу Ҳанифа: “Иқрор ва тасдиқни тушунган ҳолда бажариши ёш боланинг исломи саҳиҳ бўлишига сабаб бўлади”, деган.
Ҳанафийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига кўра, ёш бола етти ёшга кирганда намозга даъват қилинишини далил қилиб, ёш болани исломга даъват қилиш лозимлигини айтган.
Аммо шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таолонинг ҳидоятисиз ақл ҳеч кимга фойда келтира олмайди. Аллоҳ таоло: “Бас, қулоқлари, кўзлари ва қалблари уларга ҳеч қандай фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор этарди”[4], деган. Демак, инсон Аллоҳ таолодан умумий тарзда ҳидоят сўраш билан бирга ўзига дуч келган ҳар бир иш борасида ақл юритаётган пайтда қалбан Аллоҳга боғланиб, ушбу масалада ёрдам беришини ва тўғри йўлга йўллашини илтижо қилиши лозим. Шундагина ақл тўғри йўлни англашда воситачи бўлади, холос. Асл ҳидоятчи эса Аллоҳнинг ўзидир.