Бир ҳадис шарҳи
Ҳаёт инсонга Аллоҳ таоло томонидан инъом этилган улуғ неъматдир. У чегараланган бўлиб, маълум йиллардан иборат. Шу сабабли, ҳар бир ақл эгаси уни чиройли ва мазмунли ўтказиши лозим. Ақлли инсон бу дунёга нима учун келганини тафаккур қилиб, ҳаётини тўғри йўлга қўйишга ҳаракат қилади. Ҳаром амаллардан сақланиб, ҳалол ва солиҳ ишларни бажариш пайида бўлади.
Аллоҳ таоло инсонни нима учун яратгани ҳақида бундай деб марҳамат қилган:
“(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир”[1].
Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир бандага дунёда қилган амалларига яраша охиратда мукофот ёки жазо берар экан. Шундай экан инсон умрини беҳуда ишларга зое қилмасдан, балки уни Ўзи рози бўладиган амалларни бажаришга сарф этиши керак. Шу биргина оятдан инсон ўзига етарлича хулоса қилиши лозим.
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни банда тўрт нарсадан сўралмагунча, оёғи жойидан қимирламайди: умрини нимага сарфлагани, илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани, танаси билан қандай ишларни қилгани”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисда инсон учун зарур бўлган тўрт нарсанинг таърифи берилмоқда. Уларни кенгроқ ўрганиб чиқамиз:
- Умрини нимага сарфлагани;
Инсонни туғилиши, яшаши ва вафот этиши Аллоҳ таоло томонидан тақдир этилган қонуниятдир. Бу даврда инсон ҳаётида ёшлик, ўрта ёш ва қарилик жараёни мавжуд. Шуни ҳис этган ҳолда инсон кўплаб хайрли ва савобли ишларни бажариб, охират учун ўзига кўплаб савоб ишларни захира қилиб олиши керак.
Афсуски, ҳозирги кунда кўпчилигимиз умримизни тўғри тақсим қилмасдан, гўёки ҳаётимизда жиддий ишга айланиб қолган турли сериаллар, филмларни кўриш, беҳуда ўйин-кулгулар, ўзгаларни муҳокама қилган ҳолда ғийбат қилиш билан ўтказишга одатланганмиз.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан тутиб туриб: “Бу дунёда худди ғарибдек ёки ўткинчи йўловчидек бўл. Ўзингни аҳли қабрлардан сана”, дедилар”. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Кеч кирса, тонгни кутма. Тонг отса, тунни кутма. Сиҳатингдан беморлигингга, ҳаётингдан ўлимингга (фойда) олгин”, дер эди”. (Имом Бухорий ривояти).
Демак инсон ўтган ҳар куни ва ҳар дақиқасидан унумли фойдаланиб қолиши керак экан.
- Илмига қандай амал қилгани ҳақида;
Илм ҳам инсонга бериладиган катта неъматлардандир. Унинг йўлида умр, вақт, сабр, мол-давлат сарфланади. Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Раббим, илмимни зиёда қил”[2], деб айтинг деган хитоби ҳам илмнинг нақадар катта неъмат эканига ишорадир. Шунинг учун ҳам бизга омонат бўлган бу илмдан ва унга қай даражада амал қилганимиздан охиратда сўраламиз.
Агарда илм қалбимиз ва аъзоларимизни гуноҳдан тиймаса, Аллоҳга, Расулига, уламоларга нисбатан муҳаббат пайдо қилмаса, бундай илмдан кимга нима фойда? Ёки турли бидъат-хурофотларга нисбатан нафрат уйғотмаса, у илмдан нима наф? Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом фойдасиз илмдан паноҳ сўраганлар.
- Молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани;
Динимиз бизни турли қинғир йўллар билан мол-давлат тўплашдан қайтариб, аксинча уни ҳалол йўл билан топишга буюрган. Агар уни ҳалол йўл билан топмасак ва молни ўринсиз сарф қилсак, Раббимиз ҳузурида албатта сўраламиз.
Аллоҳ таоло ҳалолдан эҳсон қилиб, исроф қилмаслик борасида бундай марҳамат қилган:
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”[3].
Демак, эҳсон қилишда ҳам исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўртача йўлни тутиш лозим экан.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи инсонларнинг турли қинғир йўллар билан мол топаётгани инсон дилини хира қилади.
- Танаси билан қандай ишларни қилгани:
Инсон аъзолари орқали савоб ёки гуноҳ ишларга қўл уради. У қиёматда тана аъзоларидан ҳам сўралади. Аъзолари унинг нималар қилгани, қаерларга боргани, қайси нарсаларни ушлагани, нимани кўргани, эшитгани ва дегани ҳақида гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Бугун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйгаймиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур”[4].
Демак, биз жисмимиздан қай даражада унумли фойдаланганимиз ҳақида сўралар эканмиз. Ундан дунё ва охиратга фойда бўладиган амаллар учун фойдаланмоқдамизми ёки аксинча?
Аллоҳ таоло барчамизни илмимизга амал қилиш бахтига муяссар этсин!