Бир ҳадис шарҳи
Имон бу сўз, амал ва эътиқоддир. Унинг бўлим ва даражалари мавжуд. Ҳар бир яхши хислатлар имон остида гавдаланади. Эътиқодимизда имоннинг нури итоат этиш ва ҳаромдан сақланиш билан зиёда бўлади, маъсият ва ҳаром ишларни қилиш билан сусаяди.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم – الإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الإِيمَانِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имон етмиш нечта [ёки олтмиш нечта] шўбадан иборатдир. Унинг энг афзали “Лаа илааҳа иллаллоҳ” демоқ ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё имоннинг шўбасидир”, дедилар”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадисларида имоннинг комил даражалари борлиги ҳақида хабар бермоқдалар. Бу бир неча хил солиҳ амалларни ўз ичига олади. Уларнинг сони олтмиш нечта ҳам ёки етмиш нечта ҳам – ровий шак қилган – бўлиши айтилмоқда. Нечта ҳам – учтадан тўққизтагача бўлган сондан далолат беради.
Имон тавҳид, таваккул, умид, қўрқув каби қалб амаллари, шаҳодат калималари, зикр, дуо каби тил амаллари ва намоз, рўза, мазлумга ёрдам каби аъзо амалларидан иборат. Солиҳ амал қилган киши имонининг бир қисмини тўлдирган бўлади. Имоннинг энг юқори даражаси ва афзали “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси экан. Бу калима битта илоҳ борлигини эътироф этиб, фақат У ибодат қилишга лойиқ эканини тан олишдир. Бу сўз имоннинг асли бўлиб, тақво ва мустаҳкам тутқичдир. Ислом ва куфр орасини ажратувчидир. Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриёти учун, зора куфр ва ширкдан имонга қайтсалар, деб ортидан қолдирган калимадир. Ер ва осмонлар шу сўз учун барпо этилган. Барча махлуқотлар шу калима учун яратилган. Яратилиш ва буйруқ, савоб ва иқоб манбаи бўлиб, Аллоҳнинг барча бандалари устидаги ҳаққидир. Бу калимадан мақсад маъносини билмасдан фақат тил билан айтиш эмас, балки қалбан тасдиқлаш ҳамдир. Шунингдек, калимани ва уни яхши кўрганни яхши кўриш, унга қарши чиққан ва душманлик қилгандан нафратланишдир.
Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам имоннинг энг кичик амали одамларнинг йўлидан озор берадиган нарсани олиб ташлаш ва узоқлаштириш эканини баён қилдилар. Озор берадиган нарса тош, тикан, дарахт шохи кабилардир.
Мусулмон одам кўча-кўйда, майдонларда, юрадиган йўлакларда ахлат, хас-чўп, тош ёки бошқа шу каби озор берувчи нарсаларни олиб ташлаши зарур. Баъзида кўча ва ариқларга улоқтирилган пластик идишлар, турли чиқиндиларни кўрамиз. Инсон яшайдиган ҳудудини покиза сақлаши, қолаверса, бошқа одамларнинг дилини хира қиладиган нарсалардан холи қилиши имон масаласига кирар экан. Дин фақат намоз ўқиш, рўза тутишдан иборат эмас, балки одамлар билан муносабатни яхшилаш, озорни кетказиш, оғирини енгиллатиш каби инсоний қадриятлар ҳамдир. Автомобил ҳайдовчиларнинг ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидасига риоя қилиши ҳам йўлдаги азиятни кетказишга киради. Барча жабҳада озор берадиган нарсаларни аритиш имондан экан.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаё имондан бир даража, амал ва хислат эканини хабар бердилар. Ҳаё хунукни тарк этишга ундайдиган ва ҳақ эгасининг ҳуқуқига бепарволик қилишдан сақлайдиган хулқ-атвор (муносабат)дир. Бундан мурод, Ҳақ таолодан ҳаё қилишдир. Яъни Аллоҳ бизни ман қилган ўринда кўрмасин ва амр қилган жойда йўқотиб қўймасин. Ҳаё шу маънода яхшиликка энг кучли туртки ва ёмонликдан энг катта тўсиқдир.
Ахлоқий масала бўлгани учун ҳаёни алоҳида тилга олган. Чиройли ахлоқ ҳам имон амаллари ва даражаларидан эканидан далолат беради. Шунинг учун бу ҳадисда эътиқод, амал ва ахлоқ жамланган бўлиб, уларнинг барчаси имонни тўлдирувчидир.
Бу ҳадисга ҳар биримиз ихлос билан амал қилсак, имонимиз кучли бўлиб, ҳаётимиз янада гўзаллашади. Кўчаларда покиза, шинам, кўнгилни хира қиладиган нарсалар бўлмайди.