Home / МАҚОЛАЛАР / X-XII асрларда Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожи

X-XII асрларда Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожи

IX-X асрларда фиқҳ илми асосан шаклланиб бўлди. Шу даврдан бошлаб мусулмонлар жамиятида содир бўлиши мумкин бўлган барча ҳуқуқий масалаларга ечим топиш йўллари мужтаҳид уламолар томонидан ишлаб чиқилди.

Мовароуннаҳрда фиқҳнинг ҳанафия мазҳаби устувор бўлганлигининг сабаби, бир томондан, IX асрда бу ерда маҳаллий фиқҳ мактаби шаклланишида мазҳаб асосчисининг сафдоши ва шогирди имом Муҳаммад Шайбонийнинг шогирди Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг хизматлари бўлса, иккинчидан, мазкур мазҳабнинг мезон ва тамойиллари маҳаллий шарт-шароитларга кўпроқ мос келганлиги эди.

Қорахонийлар даврида (999-1211) фиқҳ илми Мовароуннаҳрда юксакликка эришди. Фақиҳлар жамият ҳаётида муҳим ўрин тута бошлади. Чунки улар мамлакатдаги ўзгаришларни ислом дини талабларига мос келиш ёки келмаслиги хусусида фикр билдира оладиган ягона тоифа кишилар эди.

Мовароуннаҳрда IX асрда шаклланиб борган маҳаллий фиқҳ мактаби минтақадаги Самарқанд, Бухоро каби йирик илм марказларидан ташқари Кеш, Насаф, Марғилон, Ўзганд каби шаҳарлардан етишиб чиққан алломалар томонидан ривожлантирилган. Бу ҳол минтақада фиқҳ илми X-XII асрларда ўзининг энг юксак чўққисига кўтарилган ва айни ўша даврда бутун ислом оламида фиқҳ илми ривожига ўлкан ҳисса қўшган асарлар яратилишига қулай муҳит яратилган, деб хулоса беришга асос беради[1].

XII асрларда Мовароуннаҳрда Бухоро садрлари, Риғдамуний, Заранжарий, Маҳбубий, Саффор, Паздавий, Самарқанд саййидлари, Хайзохазий, Марғиноний оилалари илмда ва ижтимоий ҳаётда кучли мавқега эга бўлдилар. Хоразмда эса эътиқодда мўътазилий, мазҳабда ҳанафий бўлган буюк фиқҳий-филологик мактаб фаолият кўрсатди[2].

Қорахоний ҳукмдорларининг сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши натижасида ўлкада кўплаб фақиҳлар фаолият юритди. Жумладан, бу даврда уч юзга яқин фақиҳ фиқҳ илмининг ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатлари билан шуғулланганлиги, шунингдек, йигирмадан ортиқ фатволар мажмуаси, уч юз элликдан ортиқ фиқҳий асарлар яратилиб, уларнинг 98 фоизи ҳанафий фиқҳига оид эканлиги қайд этилган[3].

Бу даврда Абу Мансур Мотуридий, Абдуллоҳ Субазмуний (872-952), Рустуғфаний (ваф. 349/961), Шамсулаимма Халвоний, Шамсулаимма Сарахсий (ваф.1097), Фахрулислом Баздавий(1010-1090), Ифтихоруддин Бухорий (ваф. 1174), Фахруддин Қозихон (ваф. 1196) ва яна кўплаб фақиҳлар фаолият олиб боришган.

Умуман, IX-XII асрларда Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган алломаларнинг сони анча кўп. Жумладан, Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний “Китоб ал-Ансоб” асарида 370 га яқин фақиҳлар ҳақидаги маълумотларни келтирган бўлса, Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий “Катаиб иълом ал-ахйар” асарида айни шу даврда яшаб ўтган 71 фақиҳнинг номини зикр этади.

Эътиборлиси шуки, бу даврда Мовароуннаҳрда фатво чиқара олиш қувватига эга фақиҳлар кўпчиликни ташкил этган. Бу борада Ҳусомиддин Умар ибн Абдулазиз (ваф. 535/1141), Бурҳониддин Бухорий, Абу Ҳафс Насафий (ваф. 536/1142), Заҳириддин Марғиноний (XII аср) ва бошқалар шулар жумласидандир. Бу даврнинг яна бир хусусияти – фақиҳларнинг ҳар хил мавзу ва соҳалардаги турли мавзулар бўйича чиқарган фатволари тўпланиб, муайян муаллифларнинг асарларида жамланган. Айни пайтда бундай тўпламларнинг элликдан ортиғи мавжуд эди[4].

Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг ислом тарихида тутган ўрнининг яна бир ҳарактерли томони – бу ерда шаклланган бой илмий мерос фақатгина Мовароуннаҳрда тарқалиб қолмай, балки бошқа мусулмон ўлкаларига, жумладан, араб мамлакатларига ҳам етиб бориб, у мамлакатларда ҳанафий фиқҳи ривожига катта таъсир кўрсатгандир. Заҳириддин Навҳабозий (1220 йилда туғилган), Абулбарокот Ҳофизиддин Насафий (ваф. 1310), Жалолиддин Ҳаббозий (ваф. 1292), Шамсиддин Фарадий каби йирик фақиҳлар Дамашқ ва Бағдод каби ислом дунёсининг машҳур шаҳарларида мударрислик қилиб Яқин Шарқ мамлакатларида ҳанафий мазҳаби ривожига улкан ҳисса қўшганлар.

Ҳозирги кунга қадар буюк фақиҳлардан бири Бурҳониддин Марғилонийнинг “ал­Ҳидоя” номли фиқҳий асари шарқ ва ғарбнинг дорилфунунлари ва мадрасаю ўқув юртларида шариат аҳкомларини чуқур ўрганишда  аҳли  сунна  ва  жамоа,  яъни  сунний мазҳаби  учун  дастурул  амал  асарлардан  бири сифатида  фойдаланилади.

Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби қўшни минтақаларда ҳам маҳаллий фиқҳ мактабларининг вужудга келишига туртки бўлди. Жумладан, Марв ва Хоразмда ҳам шундай мактаблар вужудга келди. Хоразм фиқҳ мактабига улуғ аллома Маҳмуд Замахшарий асос солди.

Мўғуллар истилоси оқибатида Мовароуннаҳрда барча соҳалар қатори фиқҳ илми ривожи ҳам тўхтаб қолди. Ўлканинг кўплаб фақиҳлари турли мамлакатларга кетиб қолдилар. Қолган уламолар асосан мавжуд асарларга шарҳ ёзиш билан машғул бўлдилар.

Хулоса қилиб айтганда, Ўрта Осиё олимлари IХ асрдан бошлаб, фиқҳ илмининг турли соҳаларига чуқур кириб бориб, жуда кўп асарлар ёзишга муваффақ бўлдилар. IX асрдан XII асргача ҳанафий мазҳаби соҳасида шунчалик кўп асарлар ёзилдики унга биноан бу давр олимларини ислом ҳуқуқининг қурувчилари десак муболаға бўлмайди. Мовароуннаҳр фақиҳ олимларининг асарлари нафақат минтақа, балки бутун мусулмон маданияти равнақига бебаҳо ҳисса қўшдилар.

ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
Р. Элмуродов

[1] О.А.Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. “Фан” нашриёти – 2009. 32-33-бетлар.

[2] Л.Асророва. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Ҳанафий фиқҳи. Т:. “Тошкент ислом университети”, 2014. –Б.105.

[3] А.Ш.Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги. Т:. “Тошкент ислом университети нашриёти”, 2002. –Б. 180.

[4] О.А.Қориев. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин ал-Марғиноний. “Фан” нашриёти – 2009. 24-бет.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …