Бир ҳадис шарҳи
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” тўпламида келган ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Яхшилик қилиш ҳақидаги ҳадислар шулар жумласидандир. Уламолар шундай ҳадиси шарифлардан бирини қандай шарҳлагани ва унда баён этилган одоб-ахлоққа оид масалаларни кўриб чиқсак.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор”, дедилар. Улар (саҳобалар): “Агар (садақа қиладиган нарса) тополмаса-чи?” деди. “Қўли билан амал қилиб, ўзини фойдалантиради ва садақа қилади”, дедилар. “Агар (бунга ҳам) қодир бўлмаса-чи?” дейишди. “Мазлум ҳожатманд кишига ёрдам беради”, дедилар. “Агар (буни ҳам) қилолмаса-чи?” дейишди. “Яхшиликка буюрсин”, дедилар. “Агар (буни ҳам) қилолмаса-чи?” дейишди. “Ёмонликдан сақлансин. Албатта, мана шу ҳам у учун садақадир”, дедилар.
Одам ўз аҳли оиласига нафақа қилган нарсаси ҳам садақа ҳисобланади. Инсоннинг обрўсини сақлайдиган нарса ҳам садақадир. Дўстга очиқ юз билан йўлиқиш ёки идишдан биродарининг идишига сув қўйиб бериш яхшиликдир.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир яхшилик садақадир”, дедилар”.
Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Бу ҳадис инсон қиладиган ёки гапирадиган ҳар бир яхшилик садақа эканидан далолат беради. Чунки ҳадиснинг охирида, албатта, ёмонликдан сақланиш ҳам садақадир, дейилди”.
Роғиб: “Яхшилик – шариат ва ақл билан қилинган ҳар бир амал учун исм. (Ҳадиси шарифларда) исрофгарчиликдан қайтарилгани учун тежамкорлик ҳам яхшилик саналади”, дейди.
Ибн Абу Жамра: “Яхшилик – шариат ҳужжатлари билан қилинган яхши ишларга қайдсиз ишлатилади. Одат жорий бўлган ёки бўлмаганининг фарқи йўқ”, дейди.
Садақа қилиш билан савобга эришиш назарда тутилади. Яхшилик қилаётган одам ният қилса қатъий ажр олади. Ният қилмаса, ажр олиш эҳтимоли бўлади. Бу гапда садақа бирор нарса билан чекланиб қолмаганига ишора бор.
Садақа – инсоннинг кўнглидан чиқариб берган нарсаси.
Саҳобалар: “Агар (садақа қиладиган нарса) тополмаса-чи?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўли билан амал қилади”, дедилар.
Ибн Баттол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари ҳақида бундай дейди: “Бунда одам ўзи учун ишлатадиган, садақа қиладиган ва сўраш хорлигидан беҳожат бўладиган нарсаларни топиш учун ишлаш ва касб қилишга ундалади. Шунда имконият бўлганда яхшилик қилишга иштиёқи ошади. Кимки яхшилик қилишни қасд қилса-ю, уни бажаришдан қийналиб қолса, бошқа ишга ўтсин”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй қорилар жамоаси, ўзингиздан олдингиларни йўлини тутинг, бошингизни кўтаринг ва мусулмонларга боқиманда бўлманг”. Инсон учун яхшилик қилиш имконияти қолмаса, бошқача тадбир тутиш лозим бўлади. Яхшилик йўллари жуда кўп. Аллоҳни рози қиладиган йўллар ҳеч қачон йўқ бўлиб қолмайди.
Бу хитобларнинг барчасида яхшилик тарғиб этилган. Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ҳам, халқимизнинг миллий қадриятларида ҳам яхшилик энг улуғ амаллардан бири ҳисобланади. Инсон бу иши учун халқ орасида ҳурмат-эътибор қозонади, охиратда эса улкан савобларга эга бўлади.