Илм-маърифатга эришиш учун инсониятга берилган воситалар орасида энг аҳамиятлиси ақлдир. Чунки инсон эшитган, кўрган ёки ўқиган нарсаларини фақатгина ақл воситасида тушуна олади. Демак, ақл ўзи нима эканини билиш муҳим. Кўпчилик олимларнинг фикрига кўра, ақл инсон жисмига бириктирилган, аммо танадан ҳисобланмайдиган, нурдан яратилган мустақил мавжудот ҳисобланади.
Луғат олимлари: “ақл” сўзи “туя тушови” маъносидаги “Иқолул баъийр” иборасидан олинган. Тушов туяни қочиб кетиб, адашиб қолишдан тўсгани каби ақл ҳам ўз эгасини тўғри йўлдан адашиб кетишдан қайтариб туради. Шунинг учун, у “ақл”, деган номни олган. Нафси ғолиб келиб, ақлдан юз ўгирган одам залолатга кетиб, бахтсизликка дучор бўлиши юқоридаги сўзимизни тасдиқлайди”, деган.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илмни лозим тутинг! Чунки у мўминнинг яқин дўсти, ақл эса унинг йўлбошчисидир”, дедилар.
Абу Мансур Азҳарий ўзининг “Ат-Таҳзиб” номли китобида Ибн Арабийдан: “Ақл – бу собитликдир”, деган сўзни нақл қилиб келтирган.
“Айн” китобининг соҳиби: “Ақл жоҳилликнинг зиддидир”, деган. Аммо жоҳилликнинг зидди илм экани барчага маълум. Демак, “Айн” соҳиби ақл илмнинг муқаддимаси эканига ишора қилган. Чунки ақли йўқ кишида илм бўлиши мумкин эмас.
Ҳасан Басрий айтади: “Менга бир неча саҳоба Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилди:
Аллоҳ таоло ақлни яратиб, унга: “Ўтир!” деди. У ўтирди. Сўнг унга: “Тур!” деди. У турди. Сўнг “Ўгирил!”, деди. У ўгирилди. Сўнг “Менга юзлан!” деди. У юзланди. Сўнг “Гапир!” деди. У гапирди. Сўнг “Сукут қил!” деди. У сукут қилди. Сўнг “Назар сол!” деди. У назар солди. Сўнг “Эшит!” деди. У эшитди. Сўнг “Кўр!” деди. У кўрди. Сўнг “Фаҳмла!”, деди. У фаҳмлади. Аллоҳ таоло: “Иззатим, Кибриёим, Жабарутим, Олийлигим ва Қодирлигимга қасамки, сендан кўра мукаррамроқ, маҳбуброқ ва мартабаси юқорироқ нарсани яратмадим. Бандалар сен туфайли Менга ибодат ва итоат қилади. Сен туфайли Менга ҳамд айтади. Бас, итоб ҳам, савоб ҳам, азоб ҳам сенгадир”, деди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Аллоҳ таоло Ўзини танитиш учун инсон танасига ақл каби бебаҳо неъматни жойлаштирди. Ақл уни доим яхшиликларга ундаб туради. Инсон фаришталардан ҳам юқорироқ мартабага кўтарилиши учун Аллоҳ таоло унинг танасида ёмонликларга буюриб турувчи нафсни ҳам яратди ва нафсига қарши бориб, улуғ даражаларга етиш имкониятини берди. Чунки фаришталарда фақат ақл бор, нафс йўқ. Шунинг учун Аллоҳга ибодат қилиш улар учун енгил бўлади ва улар гуноҳ қилишга мойил бўлмайди. Ҳайвонларда ақл бўлмагани учун уларга ибодат буюрилмаган. Демак, ким нафсига қарши туриб ақлига эргашса, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ даража топади. Аммо ақлига қарши бориб, нафсига эргашса, ҳайвондан ҳам паст даражага тушиб, ҳалокатга юз тутади.