Home / МАҚОЛАЛАР / МУНОФИҚЛИК АЛОМАТИ ИМОНСИЗЛИК БЕЛГИСИМИ?

МУНОФИҚЛИК АЛОМАТИ ИМОНСИЗЛИК БЕЛГИСИМИ?

Бир ҳадис шарҳи

Инсон бошқалар билан муомалада самимий, очиқкўнгил бўлиши керак. Бу ришталар муcтаҳкамлиги ва жамият бирдамлигининг муҳим омилидир. Унинг зидди бўлган иккиюзламачилик, мунофиқлик одамлар орасини бузадиган, жамиятда парокандалик пайдо қиладиган, инсонларнинг бир-бирига ишончини йўқотадиган разил иллатлардир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: »آيَةُ المُنافِقِ ثَلاثٌ: إذا حَدَّثَ كَذَبَ، وإذا وعَدَ أخْلَفَ، وإذا  اؤْتُمِنَ خانَ.«

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, бажармайди, омонат топширилса, хиёнат қилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ёлғон гапириш, ваъдага хилоф қилиш, омонатга хиёнат Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонларида Мадинадаги мунофиқларнинг энг кўзга кўринган иллатларидан эди. Агар мўминда бу сифатлардан бири топилса, у диндан чиқиб қолмайди, балки бу унинг эътиқоди заифлигига далилдир.

Уламолар бу ҳадисни бир неча хил шарҳлаган:

  1. Ҳадисда мана шу ёмон сифатлар билан хулқланган мусулмонни мунофиққа ўхшатиш назарда тутилган. Шунинг учун ҳадис мажозий маънода тушунилади. Бу – имом Нававийнинг шарҳи.
  2. Бу ерда эътиқодий эмас, амалдаги мунофиқлик назарда тутилган. Бу Қуртубийнинг фикри бўлиб, уни Ибн Ражаб ва Ибн Ҳажар Асқалоний энг тўғри қараш деб таъкидлаган.
  3. Мунофиқлик деганда, мана шу камчиликларга йўл қўйишдан огоҳлантириш ва қайтариш мақсад қилинган. Бу – Хаттобийнинг фикри.
  4. Кимки бу сифатларга ўрганиб қолса, бу унинг табиатига ўрнашиб, хулқ-атворига айланади. Кейин бунга эътибор бермай, енгил санаб қолади. Охири буларни ҳалол ҳисоблай бошлайди ва эътиқоди тамомила бузилади.
  5. Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлган ҳақиқий мунофиқлар назарда тутилган. Кўпчилик уламолар бу фикрни маъқулламаган.

Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мўътабар уламолар ҳадисни қуйидагича шарҳлайди: Ислом шариатида мунофиқлик иккига бўлинади:

  • Катта мунофиқлик, яъни инсон зоҳиран Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирса-да, ичида буларнинг ҳаммасини ёки баъзисини рад этиб туради. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлган мунофиқлик. Қуръонда ундайлар қораланиб, кофир деб эълон қилинган оятлар нозил бўлган. Бу тоифа жаҳаннамнинг энг чуқур жойларида бўлиши айтилган.
  • Кичик мунофиқлик, яъни амалий мунофиқлик. Зоҳирида солиҳликни кўрсатади, лекин ботинида, ёлғиз пайтида унга зид ишларни қилаверадиган инсон”. Буни Қуртубий таъкидлаган ва Умар розияллоҳу анҳунинг Ҳузайфага: “Менда мунофиқликдан бирор нарсани биласанми?” деганини далил сифатида келтирган. Ҳазрати Умар ҳақиқий мунофиқликни эмас, балки амалийсини назарда тутган.

Ёлғончилик жоҳилият даврида кенг тарқалган эди. Ислом келиб, уни ҳаром қилди, ростгўйликка чақирди.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий алайҳиссаломдан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?” деб сўрашди. У зот: “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўлиши мумкинми?” деб сўрашди. У зот: “Ҳа”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўлиши мумкинми?”, деб сўрашди. У зот: “Йўқ”, дедилар” (Имом Молик ривояти).

  Ислом ваъдага хилоф қилиш ва уни бузишни, омонатга хиёнат қилишни қоралади, уни мунофиқларга хос хусусият деб эълон қилди.

Аллоҳ таоло мўминларни тавсифлаб: “Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир” (Мўминун сураси, 8-оят), деб марҳамат қилган.

Мунофиқлик сифатлари шулар билан чекланиб қолмайди, булар мисол учун келтирилган, холос. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу уч аломат билан чегараланганининг сабаби бошқа нарсалардан ҳам огоҳлантиришдир, чунки диннинг асоси учта: сўз, амал ва ният”.

Аллоҳ барчамизга ҳақиқий мўминликни касб қилишда муваффақият берсин.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …