Home / МАҚОЛАЛАР / МУНОФИҚДА ЖАМ БЎЛМАЙДИГАН ИККИ ХИСЛАТ

МУНОФИҚДА ЖАМ БЎЛМАЙДИГАН ИККИ ХИСЛАТ

Бир ҳадис шарҳи

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон ахлоқдан сақланишга буюрганлари каби, чиройли хулққа эга бўлиш учун ҳаракат қилишга чақирганлар.   

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّه صلى الله عليه وسلم خَصْلَتَانِ لاَ تَجْتَمِعَانِ فِي مُنَافِقٍ حُسْنُ سَمْتٍ وَلاَ فِقْهٌ فِي الدِّينِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди: гўзал шакл ва динда фақиҳ бўлиш”, дедилар” (Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта хатарли бўлган мунофиқлик балосидан огоҳлантирмоқдалар. Ҳадис хабар шаклида келган бўлса ҳам буйруқ маъносини ифода қилади.

“Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди”, яъни мунофиқ одам икки хислат билан сифатланмайди. Мунофиқлик ё ҳақиқий, яъни имони зоҳир ва куфри ичида бўлган эътиқодий ёки мажозий, яъни сўзи билан амали бир-бирига тўғри келмайдиган иккиюзламачилик бўлади.

Икки хислатдан бири “гўзал шакл”, яъни динда гўзал хулқ-атворли бўлишдир. Тўғри йўлдан юриш. Хайрли ва солиҳ одамлар шундай бўлади. Шунингдек, ташқи ва ички оламини нуқсонлардан узоқ тутиш мўминликнинг аломати саналади. 

Иккинчиси “динда фақиҳ бўлиш”, яъни илм ўрганиб, теран англаб, кейин ҳаётга татбиқ этишдир. Шунингдек, имон ва куфр, ислом ва нифоқ, савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром, жаннат ва дўзах каби масалаларни пухта билишдир. Фақиҳ бўлишнинг ҳақиқати қалбдаги нарсанинг тилда ҳам зоҳир бўлишида, фойдали амаллар қилиш ва тақвони мерос қилиб олишда намоён бўлади. Яна динда фақиҳ бўлиш билганларига амал қилиш демакдир. Илм ўрганиб унга амал қилмаса, илми унинг учун зарар бўлади. Илмга амал қилиш бир ғоя бўлса, самараси Аллоҳдан қўрқишдир.

Ҳақ таоло:

﴿إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ﴾

  “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар” (Фотир сураси, 28-оят), деган. Демак, динда фақиҳ бўлиш ва ҳаётда гўзал шаклни кўрсатиш турмуш тарзида, сўзда, меҳнатда, муомала ва хулқда яхши томонни намоён этиши керак. Саҳобалар розияллоҳу анҳум исломга кирганида тўлиғича ўзгарган.

Ҳақ таоло:

﴿أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَن تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ اللَّهِ وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ﴾

“Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?!” (Ҳадид сураси, 16-оят) деган сўзи билан мўминларни маломат (койиган бўлиб, тўғри йўлга даъват) қилди.

Бу оят Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин тўртинчи йили нозил бўлган. Бу ҳақда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Исломга кирганимиз билан Аллоҳ таоло бизни бу “Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?!” ояти билан маломат қилгани орасида тўрт йил ўтди” (Муслим ривояти).

Биз мана шу диндамиз, орадан қанча асрлар ўтди. Бугун ҳам ҳар ким ўзига тақво, яхшилик, тавба қилиш вақти келмадими, деган саволни бериши керак.

Баъзиларнинг гўзал шакли бўлиб, динда фақиҳ бўлмаслиги ёки аксинча бўлиши мумкин. Ана шу икки хислатдан бири топилган инсон мунофиқ ҳисобланмайди. Ҳар бир банда шу хислатларни жамлашга тарғиб этилади. Улардан бирортасига эга бўлмаган инсон мунофиқ саналади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда, гўёки “Эй умматларим, мунофиқ бўлмайин десангиз, гўзал шаклга эга ва динда фақиҳ бўлишга ҳаракат қилинг”, деяптилар.

Бинобарин, ҳар бир инсон ҳадисни ҳаётига татбиқ қилиб, гўзал шакл касб этиш ва ҳаёт йўлида фақиҳ бўлишга интилиб яшаши зарур экан. Шу ҳаракати билан дунё ва охират саодатини таъминлаган бўлади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …